Биламизки, сувнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги учун зарур. Шундай экан, тақчиллик кузатилаётган бир пайтда сувни тежаш, экинларни суғоришда ортиқча сарф этилишига йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурат ҳисобланади. Ғузор туманидаги 4-сектор ҳудудидаги "Оғабек Акмал ўғли" фермер хўжалигида ташкил этилган амалий семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ғалла ўрим-йиғими, ғўзадан мўл ҳосил тўплаш, такрорий экинлар етиштириш ва сувдан тежаб, оқилона фойдаланиш юзасидан белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, мамлакатимизда эълон қилинган "Ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги" доирасида амалга ошириладиган вазифалар хусусида фикр алмашилди.
Таъкидландики, бугунги шароит қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларида энг аввало, оқилона ва тажрибага таяниб иш юритмоқни талаб этмоқда. Хусусан, фермер ва деҳқонлар жорий йилги экин мавсумида ўзига қанча миқдорда сув кераклигини тахминан билиши, кутилаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда қайси экинларни экиш, қачон ва қай тарзда суғориш режасини аниқ белгилаб олиши ниҳоятда муҳимдир. Агар тўғри тадбирлар кўрилса, исрофгарчиликка йўл қўйилмаса, сувдан фойдаланишда тежамкор технологиялар қўлланса, кўзланган натижаларга эришишимиз осон кечади.
Семинарда бундай шароитда ғўза қатор ораларига ишловни сифатли ўтказиш, культиваторлардан юқори даражада самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашиш муҳимлиги тушунтириб ўтилди.
Қайд этилганидек, суғориш "шарбат" усулида амалга оширилса, у ғўзани озиқлантиришда ҳам муҳим вазифани ўтайди. Хусусан, "шарбат" таркибидаги маҳаллий ўғит озуқа бўлади сув буғланишини камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширади, намнинг узоқ сақланишини таъминлайди. Буларнинг барчаси бу йилги иқлим инжиқликларини юмшатишда жуда қўл келади.
Семинар сўнгида далаларда меҳнат қилаётган сувчиларга 4-сектор раҳбари махсус иш кийимлари ва тунги ёриткичлар топширди.
Солиқ ва бурч
ЖИСМОНИЙ ШАХС ЭГАЛИГИДАГИ НОТУРАР ЖОЙ ҚАЧОН ЗАХИРАГА ҚАЙТАРИЛАДИ?
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда ҳудудларнинг бюджет даромадларини кўпайтириш, бунинг учун ички имконият ва ресурсларни тўлиқ сафарбар этиш жуда муҳим. Шунга кўра, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 декабрдаги "Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони асосида ҳам солиқ идоралари зиммасига бу борада қатор вазифалар юкланди. Улар ижроси юзасидан эса жойларда ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда.
Хусусан, Қамашида кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида туман бюджети даромади 11 миллиард 328,2 миллион сўмга етказилди, яъни тегишли прогноз 122,9 фоизга уддаланди.
Қайд этиш жоизки, ҳудуд бюджети асосан юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобидан шакллантирилади. Ҳисобот даври учун тегишли база 4 миллиард 175,4 миллион сўм этиб белгиланганди. Қўшимча манбаларнинг аниқланиши эвазига бу кўрсаткич 5 миллиард 24,7 миллион сўмга етказилди. Бошқача айтганда, даромадлар базасини 849,3 миллион сўмга оширишга эришилди.
2018 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, Қамаши тумани ҳудудида эгалигида нотурар жой объектлари бўлган 878 нафар жисмоний шахс рўйхатга олинган бўлиб, улардан 486 миллион 549 минг сўм мол-мулк солиғи ва 378 миллион 468 минг сўм ер солиғи давлат бюджетига ундирилган.
Эслатиш ўринлики, жисмоний шахс эгалигида бўлган нотурар жой объектлари бўйича мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслар учун белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ундирилади.
Шунингдек, тумандаги 11 нафар жисмоний шахснинг ўз эгалигидаги нотурар жойлардан унумсиз фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Шу боис бу объектларни захира фондига қайтариб олинишини сўраб туман ҳокими номига тақдимномалар киритилди. Чунки бу фуқаролар бор неъматнинг қадрига етмаяпти, ундан оқилона фойдаланмаяпти. Унутмаслик керакки, ушбу жойни унумли ишлата оладиган, бекор қолдирмайдиган кишига бериш жамият учун ҳам кўпроқ манфаатлидир.
СОЛИҚ ҚАРЗИ УЧУН АВТОМАШИНА ХАТЛАНДИ
Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида юридик ва жисмоний шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқлардан бўлган қарздорликларини мажбурий тартибда ундириш юзасидан республика миқёсида оммавий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Тегишли суд ҳужжатлари асосида мавжуд солиқ қарзини ундиришга қаратилган ана шундай тадбир Китоб тумани давлат солиқ инспекцияси ҳамда Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқларни ўз вақтида тўламаслиги, пайсалга солиши ёки ундан бўйин товлаши каби ҳолатлар уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишига сабаб бўлади.
Мана бир ҳолат. Уруғчиликка ихтисослаштирилган "Китоб Агро уруғ" хусусий корхонасининг солиқдан 11 миллион 613 минг сўм қарздорлиги мавжуд. Бу маблағ бир неча йиллар давомида, солиқ тўловчининг масъулиятсизлиги сабаб йиғилиб қолган. Ҳудудда ўтказилган тадбир мобайнида корхона раҳбарига тегишли "Lasetti" автомашинаси қарздорликни ундириш учун хатланди.
Шунингдек, тумандаги "Самад Рахим ўғли" фермер хўжалиги масъуллари ҳам белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳақида ўйламай келган. Натижада қарздорлик 8 миллион сўмга етай деб қолган. Мутахассислар фермер хўжалигининг солиқ қарзини ундириш юзасидан тегишли чораларни кўриб, унинг раҳбари эгалигидаги "Нексия" машинасини хатлаб олишди.
Ғузор туманида ўтказилган тадбирда ҳам шу каби ҳолат аниқланди. Солиқларни ўз вақтида тўламаслик ҳудудда фаолият кўрсатаётган "Шаҳзодабону алоқа сервис" қурилиш корхонасига ҳам хос "хусусият"дир. Тома-тома кўл бўлур деганларидек, корхонанинг тегишли солиқлардан қарзи 85 миллион сўмдан ортиб кетган. Шундан сўнг қарздорликни ундириш юзасидан мажбурий ҳаракатлар олиб борилди. Хатлов тадбири давомида 40 миллион сўм нақд пул солиқ қарзи учун хатлаб олинди.
Мазкур йўналишдаги тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
ЯШИРИН ТЕГИРМОН ВА ЦЕХ ФАОЛИЯТИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ
Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан қонуний шуғулланиш истагида бўлган шахслар учун барча имкониятлар мавжуд. Ноқонуний фаолиятга эса асло йўл қўйилмайди. Шундай бўлса-да, айрим уддабуронларнинг давлат рўйхатидан ўтмасдан, мавжуд талабларга жавоб бермагани ҳолда ва даромадни солиқдан яшириш мақсадида хуфия бизнес юритаётгани ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Муборак тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган тадбирлар давомида аниқланишича, ҳудуддаги Қарлиқ қишлоғи Пахтакор маҳалласида яшовчи фуқаро А.Ч. муайян бир жойда яширин цех ташкил этган. Бу ерда у ноқонуний равишда тегирмон ишлатаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, текширишларда Касби тумани Майманоқ қишлоғида яшовчи фуқаро О.С. Муборак туманида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини ноқонуний тарзда амалга ошириб келгани аниқланди.
Қарши туманида ҳам шундай ҳолатга дуч келинди. Ҳудуддаги Дашт қишлоғида яшовчи Ҳ.Ж. давлат рўйхатидан ўтмасдан тегирмон юритган. Шаҳрисабз тумани Янги ҳаёт қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро И.Б.нинг тадбиркорликка уқуви борлиги ўрганиш давомида аён бўлди. У ўз уйида ҳужжатсиз ва рухсатсиз яширин цех ташкил этиб, миллий ширинликлар ишлаб чиқаради. Аммо фуқаронинг тегишли тартиб-тамойилларга зид равишда йўлга қўйган бу иши қонунбузарликдир.
Шунингдек, шу тумандаги Қутчи қишлоғида яшовчи фуқаро Т.М. ҳам тикувчилик хизмат кўрсатишни қонуний тартибда олиб бормаётгани ойдинлашди.
Албатта, ҳар бир фаолият қонунга мос бўлиши лозим. Шу боис аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ушбу фуқароларга фаолиятни қонуний йўлга қўйиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Фирдавсий ЖАББОРОВ,
вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи