Қарор ва шарҳ
Вилоятимизда жорий йилнинг охиригача аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти билан қамров даражаси 43,3 фоиздан 53,7 фоизгача ошиши кутилмоқда. Оқова сув чиқариш хизмати борасида қамров даражаси 6,2 фоиздан 6,8 фоизгача ўсиши режа қилинган.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакатимиз Президентининг шу йил 24 майдаги "Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Соҳада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириб, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фуқаролар соғлиғини сақлаш мақсадида қабул қилинган бу ҳужжатнинг тегишли иловаларида республикамиздаги ичимлик сув таъминоти оғир ҳолатдаги маҳаллаларнинг 2022-2025 йилларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича йиғма кўрсаткичлари ва дастури ҳам келтирилган. Уларга кўра, вилоятимиздаги маҳаллаларнинг 317 таси (40 фоизи)да ичимлик сув таъминоти оғир бўлиб, 12 тасини оби ҳаёт билан таъминлаш учун жорий йилда 49,3 милиард сўм сарфлаш назарда тутилган. Шундан "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 11 та маҳаллада 45 миллиард 150 миллион сўмлик, яна битта маҳаллада эса давлат ижтимоий буюртмаси асосида 4 миллиард 170 миллион сўмлик ишлар бажарилади.
Қолган 305 та маҳалладаги сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар 2023-2025 йилларда инвестиция дастури (198) ҳамда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари (95) доирасида, давлат ижтимоий буюртмаси асосида (3) ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан (9) бартараф этилади.
Қарор билан тасдиқланган яна бир чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2022-2024 йилларда вилоятимиздаги 160 та маҳаллада кўча колонкаларидан фойдаланувчи 15 минг 135 та хонадон учун ичимлик суви тармоқлари уй хўжалигигача олиб кирилади.
Ҳужжатда қайд этилган рақамларга кўра, ҳозир вилоятимиздаги 1 минг 204 та умумий ўрта таълим мактабининг 100 таси марказлашган ичимлик сув тармоқларига, 301 таси муқобил манбаларга уланган. Қолган 803 тасига оби ҳаёт ташиб етказилади. 2022-2025 йилларда мана шу мактабларнинг барчасини сув билан ишончли таъминлаш чоралари кўрилиб, бунга умумий ҳисобда 15 миллиард сўм ажратилади.
Худди шу давр мобайнида ичимлик сув ташиб келтириладиган 236 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 176 та тиббиёт муассасаси, шу жумладан, 44 та шифохона, 51 та оилавий поликлиника ва 81 қишлоқ врачлик пункти ичимлик сув билан таъминланади.
Қарорда аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича яна бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги зиммасига "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти билан биргаликда бир ой муддатда "Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ер ости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктлари сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш" лойиҳаси юзасидан сув олиш қудуқлари, иншоотлар ва магистрал тармоқларини қуриш учун 19,6 гектар ер майдони белгиланган тартибда ажратилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятига эса Ғузор туманидаги Обод, Дўстлик, Буюк карвон йўли, Тинчлик, Амир Темур маҳаллаларидаги 12,5 мингдан кўпроқ аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига жорий йил 1 сентябрга қадар босқичма-босқич 23,5 миллиард сўм маблағ ўтказиш топшириғи берилган.
Ўз мухбиримиз