Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

09.08.2018


СУВ ТЕЖАМКОРЛИГИГА ЭРИШИШ НИМАЛАРГА БОҒЛИҚ?

Семинар-тренингда таъкидланганидек, сув ресурслари бевосита мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаётида, ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Аҳолининг ҳар кунлик истеъмоли учун сарфланадиган сувдан тортиб, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларнинг фаолияти ҳам, албатта, сув билан боғлиқ.

Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотлари таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улуши катта ўринни эгаллайди. Хусусан, мамлакатимизда етиштириладиган пахта хомашёсининг 14 фоиздан ортиғи, ғалланинг 13 фоиздан зиёди, полиз, боғдорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ҳам салмоқли қисми вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Таббийки, бу қишлоқ хўжалигида экинларни суғориш учун сувга жуда катта эҳтиёж мавжуд деганидир.

Бугунги кунда вилоятимизга бир йиллик суғориш ишлари учун 6,5 – 7 миллиард куб сув лимити ажратилмоқда. Бу миқдор экин далалари ҳажмига нисбатан олинган бўлиб, суғориш ишлари тўғри ва режа асосида амалга оширилгандагина барча ҳудудларни бирдек таъминлайди. Аксинча, қайсидир далада сув исрофгарчилигига йўл қўйилса, беҳуда сарфланса, бошқа бир далада тақчиллик кузатилиши табиий. Айниқса, бу йилгидек сув танқислиги яққол сезилган йилларда тежамкорликни яна икки, уч ҳисса оширишга тўғри келмоқда.

Хўш, тежамкорликка қандай эришиш мумкин?

Бунинг учун аввало оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув тежамкорлигини оширишга, бу йўналишдаги замонавий технологиялар, уларнинг аҳамиятини очиб беришга қаратилган чиқишларни кўпайтириш  лозим. Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд сув ресурсларининг таҳлилини олиб бориш, деҳқончилик ишларини шунга қараб режалаштириш, тоза ичимлик сувларининг ифлосланишига йўл қўймаслик борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг асосийси, бу борадаги чиқишларни амалга ошириш билан бир қаторда, унинг самарадорлигига эътибор қаратиш, эълон қилинаётган материални одамларнинг онгига тез ва осон сингадиган усулда етказиб бериш керак.

Журналист ўзи тайёрлаган мақола, фото ёки видео лавҳани қандай йўналиш, усул ва ҳолатларда эълон қилса, ўқувчи ундаги масаланинг моҳиятини тез илғайди, таҳлил қилади ва ўзига тўғри хулоса чиқаради. Семинар-тренингда мутахассислар томонидан бу борада бир қанча маълумотлар берилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Report typo