Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

09.02.2021


"СВЕТ"ГА ПУЛ ТЎЛАШ УЧУН ШУНЧА ОВОРАГАРЧИЛИК

Одамлар бу борадаги онлайн имкониятлардан бехабарми ёки айрим таъминотчилар ҳали бу технологик янгиликкача етиб келмаганми?

Фототанқид

Бундан бир неча йил аввал коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ходимлари фуқаролардан кўрсатилган хизмат тўловини ундириш учун уйма-уй юрар, бу фаолиятга кўплаб ходимлар жалб этиларди.

Бугун соҳага замонавий технологиялар жалб этилмоқда, одамларда тўлов маданияти ҳам анча ошган. Кўпчилик  сув, газ ёки электр энергиясига тўловни онлайн тарзда амалга ошираяпти ёки таъминотчи корхонага ўзлари келишмоқда. Энди корхона маъмурияти ишни тўғри йўлга қўйиб, келган мижознинг ўз вақтида саволларига жавоб олиши, тўловларни амалга ошириши учун етарли шарт-шароитни яратиб қўйса бўлгани. Аммо давр технологияларини ўзида жорий этишдан ортда қолган айрим таъминотчи корхоналар мижозлар билан ишлашда ҳамон эски қолипдан чиқиб кета олаётгани йўқ. Ҳамон тушунарсиз навбат кутишлар, кассага пул тўлаш учун ҳам тирбандликлар барҳам топмаяпти.

Мисол учун, Қарши тумани электр таъминоти корхонасидаги ҳолатни олайлик. Корхонага кириб борар эканмиз,  ташқарига қўйилган кассалар олдида ҳам одам гавжумлиги, кўпчилик пўл тўлаш учун соатлаб навбат кутаётганининг гувоҳи бўлдик. Ичкаридаги ҳолат эса янада ачинарли.

Хусусан, корхонанинг абонентлар билан ишлаш бўлимида юздан ошиқ одам тўпланган. Кимдир электр энергиясидан қанча қарзи борлигини билмоқчи,  бошқаси эса тўловларни ўз вақтида тўлаганини айтиб, қарздорликнинг қандай келиб чиққанини билолмай ҳалак.

Биз борган вақтда бўлимда уч нафар ходим абонентларга хизмат кўрсатаётган эди. Уларнинг бири шунчаки ўтирибди, ҳамманинг иши қолган иккисидан битар экан. Шу боис буларнинг олдида катта навбат юзага келган.

- Эрталаб фарзандимни мактабга қўйиб, "свет"нинг пулини тўлашга келгандим, - дейди шу ерда навбат кутаётган аёллардан бири. - Мана боламни мактабдан оладиган вақт бўлиб қолди ҳамки, ишим битмади. Эртага келганим билан яна шу аҳвол. Қанча тўлашим кераклигини "база"дан кўриб берса бўлди эди.

Фуқароларнинг таъкидлашича, бу ерда ҳар куни аҳвол шу. Кўпчилик ишидан маълум вақтга жавоб олиб келади, аммо юмуши битмагач, қайтиб кетади. Оддий муаммо учун икки-уч кунлаб сарсон бўлиб юрганлар бор.

Савол туғилади: вазият шундай экан, нега мутасаддилар унинг олдини олиш чораларини кўришмайди? Наҳотки, эҳтиёж юзага келган вақтда бўлимда ходимлар сонини кўпайтириш имкони йўқ?! Фуқаролар электр энергияси учун пул тўлашга шунча овораю сарсон бўлса…

Шу саволларга жавоб излаб, корхона раҳбарини ҳам, ўринбосарини ҳам иш хонасидан топа олмадик. Ўзининг оддий ишчи эканлиги, бирор маълумот беришга ваколати йўқлигини билдириб, исмини ҳам айтишга журъат қилмаган ходимнинг маълум қилишича, абонентлар билан ишлаш бўлимига аслида ҳам иккита штат ажратилган. Улар қанча чаққон ишлагани билан, келувчилар кўп, бирпасда одам тўпланиб кетади.

- Аввал юкламамизнинг бир қисми Мажбурий ижро бюросига ўтказилиб, штатлар қисқартирилган эди, - дейди у. - Ҳозир МИБдаги ўша бўлим тугатилиб, яна ишимиз кўпайди, лекин янги штатлар берилмади. Бу ҳолат ҳам вақтинча. Март ойи сўнгига қадар ҳудуддаги барча истеъмолчиларга АСКУЭ тизимида ишлайдиган замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиш якунланади. Шундан сўнг эски қарздорликлар бартараф этилса, тўлов ҳеч қандай қийинчиликсиз амалга ошади. Бу ерга келиб юришга ҳожат қолмайди.

Аммо штат камлигини баҳона қилиб, ишни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам катта бир корхонанинг иши эмас. Раҳбар ўзи истаса вақтинчалик бўлса-да айтарли юмуши бўлмаган бошқа ходимларни ҳам шу бўлимга жалб этиши, катта    навбат келишининг олдини олиши мумкин. Ҳозирги ҳолат эса ҳеч бир мантиққа мос эмас.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.  

 

Report typo