Ҳужжатда Президентимизнинг 2018 йил 18 январдаги “2017 йилги пахта толаси ҳосилини ишлаб чиқариш ва 2018 йилнинг январь-август ойларида етказиб беришнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган пахта толаси балансининг амал қилиш муддати 2018 йил 15 августда тугагани маълумот учун қабул қилинган.
Шунингдек, янги тартибга асосан, 2017 йилги ҳосил учун тегишли қийматдаги пахта ҳосили нархининг 15 фоизини олдиндан тўлашга, қолган 85 фоизига банк кафолати беришга ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга оширишга рухсат берилди. 2018 йилги ҳосил учун қўлланаётган тартиб эса сал фарқ қилади. Бунда олдиндан тўлаш нархнинг 35 фоизини ташкил этади. Пахта толасини биржа орқали сотиб олиш учун тўқимачилик корхоналари қолган 65 фоизига банк кафолати бериши керак бўлади. Ушбу ҳолатда ҳам якуний ҳисоб-китоб 90 кундан кечиктирилмаслиги кўзда тутилган.
Қарорда таъкидланишича, мазкур чора-тадбир тўқимачилик соҳаси корхоналарини айланма маблағлар билан ўз вақтида таъминлаш, уларнинг барқарор ишлаши учун қулай шароит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этишга кенг имкон беради. Ҳудудда етиштирилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш борасидаги салоҳияти юксалиб бораётган вилоятимиз енгил саноат тармоғи учун ҳам бу янгилик муҳим аҳамият касб этади.
М.ШУҲРАТОВ