Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.03.2021


ТЎЙ ТЎЙДАЙ БЎЛДИ...МИ?!

Ҳақиқат таққосларда кўринади

Эшитгандирсиз, эҳтимол бевосита қатнашгандирсиз ҳам - Наврўз байрами муносабати билан юртимизнинг кўплаб ҳудудларида маҳаллий ҳокимликлар бошчилигида, саховатпеша инсонлар кўмагида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг хатна тўйлари, никоҳ маросимлари ўтказиб берилди. Бу албатта яхши. Чунки қўли калталик қилиб, кўпнинг қаторидан қолиб юрганлар кам эмас орамизда.

Биласиз, дами баланд кишилар бирор маросим ё базм ташкил қилмоқчи бўлса, одатда ўзини кўрсатишга, борини сочиб, эл олдида кўз-кўзлашга интилади. Бировнинг, аниқроғи, эҳтиёжмандларнинг  тўй-базмига келганда эса ҳожатбарорнинг бор ҳиммати кўзга ташланади-қўяди...

Яқинда Андижонда хатна тўйи ўтказилган 42 нафар боқувчисини йўқотган оила фарзандларига Президент номидан 1 миллион сўмдан пул тарқатилгани ҳақида хабарлар чиқди. Қайд этилишича, Наврўз умумхалқ байрами арафасида Хонобод шаҳрида яшовчи кўнгилли инсонлар ташаббуси билан тузилган "Эзгу мақсад сари" ҳомийлик гуруҳи ҳамда тадбиркорлар томонидан 180 нафар боқувчисини йўқотган болага байрам дастурхони ёзилиб, шулардан 42 нафарининг хатна тўйи ўтказиб берилган. Хатна тўйида Андижон вилояти ҳокими ҳам қатнашиб, пул, велосипедлар, эсдалик совғалари ҳамда китобларни болаларга топширибди. Умуман, тадбир қандай ўтганини ушбу суратлардан ва байрам  дастурхонига қараб ҳам билса бўлади - албатта, ўзгалар нима еб-ичгани бизга қизиқ эмас (бу ҳақда бироздан сўнг), бироқ шунинг ўзиёқ тадбир ташкилотчиларининг ҳиммати не қадар эканидан далолат бериб турибди.

Мана бу суратда кўраётганингиз эса Чироқчида ўтган 50 боланинг суннат тўйига оид лавҳа. Тумандаги Мустақиллик маҳалласидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёси яқинидаги байрамона безатилган сайилгоҳда ижтимоий ҳимояга муҳтож, "Темир дафтар"га киритилган оилалар фарзандларининг хатна тўйлари "Инсонга наф келтириш - олий бахт" шиори остида ўтказилибди. Тадбирда Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев ҳам қатнашиб, инсон манфаатлари амалда қадр топган мамлакатимизда савобли ва хайрли ишлар янада кўпайиб бораётганини таъкидлаб, тўйболаларга Ватан корига ярайдиган камарбаста инсонлар бўлишларини тилабди.

Айниқса, даврага кичкинтойларнинг севимли эртак қаҳрамонлари чиққанларида тўйболалар қувончдан чапак чалиб юборибди ва улар билан биргалашиб рақсга тушишибди. Ҳокимлик ахборот хизматининг ёзишича, "Даврага гўё дунёнинг барча шодликлари жамлангандек бўлди".

Бундай баландпарвоз гапларни ўқий туриб, Андижондаги тўй билан Чироқчидагисини беихтиёр таққослаётганингизни сезмай қоласиз тўғриси. Чироқчи тумани ҳокими тепасида турган тўй дастурхонига бир назар солинг-а: салқин ичимлик, сабзи "чим-чим", озроқ жийда ва озроқ майиз (буниям катта эҳтимол билан тўйи бўлаётган оилаларнинг ўзлари келтирган)...

Энди бир ўйлаб кўринг: бунақа тўйни ўша кам таъминланган оилаларнинг ўзлари қила олмасмиди? Зўр ҳам қиларди (шу боис тадбиргоҳдаги оналар минг бир хижолатда ўтирган бўлса ажабмас). Шунча асъаса, шунча дабдаба, буёқда ҳоким, буёқда унинг шотирлари - шунча одам тўпланган жойда наҳотки тузукроқ дастурхон ёзишнинг имкони топилмаган бўлса?!

Тўғри, болалар еб-ичиш учун боришмагандир, боз устига тўй ташкилотчилари "Совға-салом қилинди, тўн-чопон олинди, байрам қилиб берилди, яна нима керак", дейишлари-да мумкин. Аммо Андижондаги тўйга бир қаранг: қандай яхши ўтибди, "Ўзи кам таъминланганларнинг тўйи бўлса, уларга шоҳона дастурхон ёзишга йўл бўлсин" демабди ҳеч ким. Ўша машҳур фильмда айтилганидек, "Тўй тўйдек бўлсин..."

Тўйнинг шиорига мувофиқ чироқчилик мутасаддилар инсонга тўла наф келтирмоқчи ва шу билан оилаларга тўкис бахт элтмоқчими, кайвониликни ҳам бадастир этишсин. Озгина маданият, озгина ҳафсала, озгина эътибор ҳақида ўйлаб кўришсин. Номига, қўл учида, қандайдир ҳисоботларга тиркаш учун қилинадиган ишнинг кимга кераги бор?!

Тўйи ўтган болаларнинг катта бўлиши бор. Арзиганимиз шунақа, беҳафсала тўй бўлган экан-да, деб юришмасин. Нима дедингиз...

НАСРИДДИН

Report typo