Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРНИ ИХЧАМЛАШТИРИШ - БАРЧАМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ БУРЧИМИЗ

Шоҳиста БОЗОРОВА

21.01.2020


ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРНИ ИХЧАМЛАШТИРИШ - БАРЧАМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ БУРЧИМИЗ

Йиғилиш

Тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида тинимсиз бонг уриб келинмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам тўйларни ихчамлаштириш зарурлиги ҳақида бир неча бор, ўрни келганда жуда кескин фикрлар билдириб ўтди.

2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг "Тўйлар, оилавий  тантаналар,  маърака  ва  маросимлар  ўтказилишини  тартибга  солиш  тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори қабул қилинди. 2020 йил 1 январдан кучга кирган ушбу қарор тўй ва маъракалардаги ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларга қарши қаратилган бўлиб, ҳозирда  Олий Мажлис Сенатида Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ҳам ўз фаолиятини бошлаган.

 Вилоят ҳокимлигида "Ташкил этилаётган тўй ва маросимларни ихчамлаштириш - барчамизнинг маънавий бурчимиз" мавзусида бўлиб ўтган йиғилиш ҳам ушбу қарор ижросига бағишланди.

Уни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев олиб борди.

Мутасаддилар томонидан йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма қарори мазмун-моҳияти, тўйлардаги ортиқча харажатлар, исрофгарчиликлар, тўйларни ўтказишда миллий урф-одатларимиз ўрнига мантиқсиз, Европа одатлари асосидаги анъаналарга асосий урғу бериб юбориш каби иллатларнинг олдини олиш ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилди.

 Хусусан, қўшма қарорга асосан тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги   фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шартлиги, оилавий тадбирларга 200 нафаргача, қўшалоқ тўй-ҳашамларга 250 нафаргача меҳмон таклиф этилиши, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва ҳаражат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилди.

Албатта, қарор қабул қилинишидан кўра, унинг ижросини таъминлаш  муҳим босқич ҳисобланади. Шу маънода, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари иштирокида ушбу қарор талаблари ижроси устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, ушбу қўшма қарор вилоятимиздаги барча тўйхоналарда осиб қўйилиши белгиланиб, уни назоратга олиш вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи зиммасига юклатилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo