"Президент эътибори - мурувват тадбирларида" шиори остида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиздаги кўплаб оилалар сингари Ойбек Примов ва Зулайҳо Жуманованинг ҳаётида ҳам унутилмас воқеа бўлди.
Уларнинг тўй тантанаси Қамаши ва Чироқчи туманидаги оилалар вакиллари билан биргаликда Қамаши туманидаги "Жасмин" тўйхонасида зўр шодиёна билан ўтказилди.
Халқимизга хос азалий қадриятларни улуғлаш, хайрли ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган никоҳ тўйида келин-куёвларнинг қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ёш оилаларга Президент совғалари - замонавий мебеллар тўплами, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди, тўй сарполари туҳфа этилди.
Пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли хонандалар ва вилоятимиз санъат усталарининг чиқишлари тўйга янада ўзгача файз бағишлади.
Бу каби тўй тадбирлари вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ