Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

05.09.2017


ТЎЙНИНГ ГЎЗАЛЛИГИ ҲАШАМАТДА ЭМАС

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда тўй маросимларини ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб, тўйларимиздаги дабдабабозликлар, исрофгарчиликларни танқидий баҳолаган эди. Учрашувда Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ҳам тўйларни тартибга солиш, ихчам ва камхаражат қилиб ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қарши шаҳридаги Темир йўлчи, Нахшаб, Пахтазор ва Шайхали маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда бу борада кўплаб фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Тўйлардаги исрофгарчиликлар, ортиқча одатларни бажариш илинжида келиб чиқаётган жанжаллар, тўйларни ўтказишда миллий урф-одатларимиз ўрнига мантиқсиз анъаналарга асосий урғу бериб юбориш ҳолатлари учраётгани таъкидланди. Кимўзарга тўй қилиш, ортиқча дабдабабозликларга қарши жамоатчилик назоратини олиб бориш, бунда маҳалла, давлат ва жамоат ташкилотлари ваколатларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

- Маълумки, мамлакатимизда амал қилаётган тегишли тартибга асосан, турмуш қураётган ёшлар аввало  ФҲДЁдан никоҳ гувоҳномасини олгач, сўнг шаърий никоҳга рухсат этилади, - дейди Қарши шаҳар бош имом хатиби Аҳмад Бойқобилов. - Бунга қадар ҳеч бир имом хатиб уларга шаърий никоҳни ўқий олмайди. Агар шундай қилса, қонунларимизда белгиланган тарзда жазога тортилиши муқаррар. Айтиб ўтишим жоиз, ана шу тамойил қатъий йўлга қўйилгач, никоҳдан ўтиш масаласида кўплаб муаммоли ҳолатларнинг олди олинди. Агар тўй маросимларини ўтказиш борасида ҳам шунга ўхшаган қандайдир аниқ механизм ишлаб чиқилса, бу борада юқори самарага эришиш мумкин, деб ўйлайман.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo