Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зебунисо НАЗИРОВА

19.07.2019


ЎТ-ОЛОВИ ЙЎҚ ЖАНГ МАЙДОНИ

- Дарҳақиқат, шахмат ўйнайдиган бола мактабда ҳам аъло баҳолар олади, айниқса, аниқ фанларни ўрганиш борасидаги салоҳияти юқори бўлади, бекорга уни "ақл гимнастикаси" дейишмаган-да, - дейди вилоят "Баркамол авлод" болалар маркази шахмат тўгараги мураббийси Раҳим Ражабов. - Вилоятимизда шахмат федерацияси 1993 йилда тузилган бўлса, ўша пайтдаги аъзолар бармоқ билан санарли эди. Натижаларимиз билан ҳам унчалик мақтаниб бўлмасди. Ўзимиз учун, иқтидоримизни ўстириш учунгина шахмат ўйнардик гўё. Сўнгги ўн-ўн беш йилда эса одамлар орасида бу ўйинга бўлган эътибор тубдан ўзгарди.

Бугун вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Шаҳрисабз, Чироқчи, Ғузор, Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги болалар-ўсмирлар  спорт мактабларида фаолият олиб бораётган тўгаракларда жами 200 нафарга яқин ёш шахматчи    машғулот олиб бораяпти. Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги "Chess Housе" клуби  ва "Геолог" спорт-соғломлаштириш марказида  хусусий тўгараклар ташкил этилган. Уларда ҳам 50 нафардан ортиқ шахмат ишқибози дона суради. Сўнгги йилларда вилоятимиздан Акмал Файзуллаев, Нодира Нодиржонова, Умида Чоршанбиева, Ирина Тошмуродова каби олий лигада дона сурадиган спортчилар, ўнлаб халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлган шахмат усталари етишиб чиқди.

Вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги шахмат тўгарагида мураббийлик қиладиган Наргиза Саидова 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга ақл гимнастикаси бўйича машғулотлар ўтказади.

- 4 яшар шогирдимни ҳам катта мусобақаларга олиб юраман, албатта, ота-онаси билан келишган ҳолда, - дейди Наргиза Саидова. - У ғолиб бўлиши шарт эмас, муҳими, жараённи кўрсин, кўзи қотсин. Кейинги мусобақагача унга ғолиб бўлиш учун нималар қилиши кераклигини айтишим шарт бўлмай қолади.

Наргиза Саидова мураббийлик қиладиган тўгаракда 30 нафарга яқин ёш шахматчи ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси вилоят чемпионлари. Айримлари Ўзбекистон чемпионатида  ғолиб ва совриндор бўлишган. Шу билан бирга, Султонбек Турсунов (2016 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган, 2017 йилда Сочида ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашиб, 6-ўринни эгаллаган), Абдумалик Халилов (2017 йилда Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида 8-ўрин, 2017-2018 йилларда вилоятимизда Исмат Шукуров хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро турнирларда 1-ўрин), Шаҳзод Исламов (2018 йил Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 8-ўрин, ўша йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ғарбий Осиё чемпионатида чемпион) тўгаракнинг фахрига айланиб, тенгдошлари учун ўрнак бўлмоқда.

- Шахмат - сеҳрли ўйин, - дейди тўгарак аъзоси, жорий йилнинг март ойида Бўстонлиқда Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган "Ёшлар шахмат тахтаси" республика турнирида 3-ўринни эгаллаган Гулҳида Илҳомова. - Уни ўйнайдиган одам, устозимиз айтганидек, етти ўлчаб, бир кесадиган бўлиши керак.  Менга бу ўйин масъулиятли бўлишни, тўғри қарор қабул қилишни ўргатди. Келажакда профессионал спортчи   бўлиш ниятим йўқ, лекин шахмат ўйнашдан тўхтамайман.

Болаларнинг диққатни бўлмай дона суришларига қараб туриб, шахмат - инсонни улғайтиради, оғир-босиқ қилади, деган хаёлга борасан киши. Улар ўзлари айтганидек, сеҳрли ўйиннинг  сирли диёрида юришибди.

- Шахмат тахтасининг ҳар бир катагида сирли олам яширинган, - дейди Наргиза Саидова. - У кишини мушоҳадага, жўшқин ҳислар гирдобига, кураш майдонига етаклайди. Шахмат ўт-олови йўқ улкан жанг майдонига ўхшайди. Манбаларда шахматни ўйлаб топишганига беш минг йил бўлган, деб ёзишади. Шунча йилдан бери 64 катакда 32 дона билан жанг қилинади, унинг муаммолари чексиз, ҳали ҳеч ким адоғига етмаган.

Шахмат ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин уни бир бора ўйнамаган, ҳис қилмаган киши учун бу гаплар аҳамиятсиздек. Бу спорт турига киришиб кетиш қийин, киришиб кетгандан кейин чиқиб кетиш ундан-да қийин. Ғалабага бўлган иштиёқ одамни яна ва яна шахмат тахтаси ҳамда оқ ва қора доналар сари етаклайверади.

Зебунисо НАЗИРОВА

Report typo