Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЭШИМОВ

12.07.2019


ТЎРИҚ ҚАШҚА НЕГА ОЛИБ КЕТИЛДИ?

Мажбурий ижро бюроси Қамаши туман бўлими иш юритувига қарздор Т.Д.дан ундирувчи Қ.С. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва  бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Ижро ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, Т.Д. 2016 йил 2 январдан буён алимент пулларини тўламасдан келган ва натижада унинг қарздорлиги 11 миллион 734 минг сўмга етган.

Ўтган давр ичида тегишли ташкилотларга мунтазам сўровномалар юборилишига қарамай қарздор номида ҳеч қандай мол-мулк йўқлиги баён қилинган. Доимий яшаш манзили бир неча бор кўздан кечирилганда ҳам ундирувга қаратиш мумкин бўлган мол-мулклар аниқланмаган. Ўз навбатида у бир неча маротаба маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши борасида огоҳлантирилган.

Бироқ шу йилнинг 28 июнида Т.Д.нинг яшаш хонадони ҳамда ёрдамчи хўжаликлари қайта кўздан кечирилганда, болали тўриқ қашқа оти мавжудлиги аниқланган.

Шунга кўра, давлат ижрочилари икки бош отни хатлаш тўғрисида далолатнома расмийлаштириб, тегишли тартибда реализация қилиш учун олиб кетишди.

"Мол аччиғи - жон аччиғи" деганларидек, икки ярим йилдан бери алимент тўламасдан келган фуқаро дарҳол 11 миллион 734 минг сўм пулни қаердандир топақолди ва қарздорлигини тўлиқ қоплади,  келгусида алиментни ўз вақтида тўлаб бориши борасида ваъдалар берди.

Отлар эса эгасига қайтарилди.

Ўйлаб қоласан киши: имкон борида мол қўлдан кетишини кутиш     шартми?! Ахир у фарзанддан азиз эмаску...

М.ЭШИМОВ,

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори

 

 

 

Report typo