Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, "Саломатлик-3" лойиҳаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда "Соғлом ҳаёт" лойиҳаси доирасида ташкил этган мазкур тадбирда тиббиёт ходимлари оммавий ахборот воситалари вакилларига мавзу юзасидан атрофлича маълумотлар бердилар.
Таъкидландики, овқатланиш - инсон ҳаёти ва саломатлигининг асоси, узоқ умр кўриш ва меҳнат қилиш қобилиятини белгиловчи бош омил ҳисобланади. Танамизнинг тўғри ўсиши, ривожланиши ва фаол ҳаёт кечиришни таъминлаш, чидамлилик истеъмол қилинадиган овқат ва ҳар хил ичимликлар орқали олинадиган зарур озиқ моддаларига боғлиқ. Шундай экан, тўғри овқатланиш саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олишга имкон беради. Зеро, овқатланиш орқали кимёвий ва биокимёвий хусусиятига кўра, бир-биридан фарқ қиладиган 80 дан зиёд озиқ моддаларининг танамизга тушиши аниқланган. Соғлом ҳаёт кечириш учун бу моддалар инсон танасида муайян миқдорда ва нисбатда бўлиши зарур.
- Ойлик доирасида жорий йилнинг 11 июлидан 4 августига қадар Қарши шаҳридаги йирик савдо объектлари ва деҳқон бозорларида тиббиёт ходимлари томонидан "Саломатлик майдончаси" акциялари ўтказилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Ғозиева. - Акциялар давомида одамлар орасида сўровлар уюштирилиб, уларнинг қон босими, тана вазни, бўйи ўлчанган ҳолда саломатлик кўрсаткичлари баҳоланади ва уларга мақсадли тавсиялар берилади.
Шунингдек, мазкур тадбирларни Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиника, Қарши туманидаги Каманди қишлоқ оилавий поликлиникаси, Қарши ва Ўзбекистон мустақиллиги ҚВПларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, маҳаллалар ёшлари учун "Саломатлик ўз қўлимизда" деб номланган тарғибот машғулотлари олиб борилади.
Шоҳиста БОЗОРОВА