Бу ҳақда Қарши шаҳрида вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, эндокринология диспансери ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-амалий семинарда айтиб ўтилди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Замира Халимова, Тошкент педиатрия институти кафедра мудири Саид Исмоилов, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ассистенти Азиза Жўраева қандли диабет ҳамда қалқонсимон без касалликлари, беморларнинг овқатланиш тартибини қатъий режим асосида ташкил этиш, келгусида амалга оширилажак ишлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, қандли диабет билан касалланган беморларда тери касалликларининг ривожланиши, ҳомиладор аёлларда эса ҳомиладорлик ва туғруқнинг кечиши масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
- Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда семизлик, айниқса болалар ва ёшлар орасида кўпайиб бормоқда, - дейди мутахассис Саид Исмоилов. - Бунга кам ҳаракат ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланиш сабаб бўлмоқда. Шу сабабли қандли диабет билан хасталанган беморларни даволашда асосан парҳездан фойдаланилади. Бунда беморларнинг таоми таркибида организмни озиқлантирувчи моддалар - углеводлар, оқсиллар кўпроқ, ёғлар камроқ бўлишига эътибор бериш зарур. Бемор бир кунда 1 килограмм вазн учун 1-2 грамм оқсил, 60-100 грамм ёғ, 100-300 грамм углевод истеъмол қилгани маъқул. Умуман, ҳар қандай одам рационал овқатланиш, спорт билан мунтазам шуғулланишга эътибор қаратса, фақат фойда бўлади.
Савол-жавоб асносида соҳа мутахассислари зарур маълумотлар олдилар.
Тадбир доирасида қандли диабет билан касалланган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА