Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

06.04.2017


ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ МУЛОҚОТ ВА САМАРАЛИ ЕЧИМ

- Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси   Президентига, Олий Мажлисга, Президент девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига, бошқа давлат ташкилотлари ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратиш Халқ қабулхоналари олдига қўйилган асосий вазифалардир, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов. – Бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида фаолият кўрсатаётган ходимлар ана шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу муассасаларда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида қабул қилинмоқда. Мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда оғзаки ва ёзма шаклда қабул қилиниб, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат амалга оширилаяпти. Бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

Халқ қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш баробарида жойларда сайёр қабуллар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатида вилоят Халқ қабулхонасига 3 минг 455 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг асосий қисми бандлик, уй-жой, пенсия ва нафақа, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳаларига оид. Аҳоли томонидан билдирилган муаммоларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида ечимини топмоқда, қолганлари назоратга олинмоқда.

Қарши тумани Ғубдин қишлоғида яшовчи Неъмат Маматов оғир касаллик билан хасталанган 6 яшар неварасининг малакали мутахассислар томонидан даволаниши учун ёрдам сўраб Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

– Мурожаатим тезда қабул қилиниб, онкология диспансерига даволаниш учун йўлланма берилди, – дейди Н.Маматов. – Кучли мутахассислар кўмагида неварам шифо топди, бугун соғ-саломат. Кўнглимиз тоғдек кўтарилди, бунинг учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Қамаши туманилик Жуманазар Жамолов ва Шерхонҳожи Хўжанов анча вақтдан бери тадбиркорлик қилиш истагида эди. Бироқ банкдан кредит олишда турли муаммоларга дуч келишаётганди. Халқ қабулхонасига қилинган мурожаат уларнинг мушкулини аритди. Улар бугун паррандачилик, чорвачилик ва қуёнчилик фаолиятини йўлга қўйиб, аҳоли дастурхонига зарур маҳсулотлар етказиб бераётганидан мамнун.

- Кўпдан буён уй-жой масаласида қийналаётган эдик, - дейди Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи Санобар Санақулова. – Шу боис ер участкаси ажратилишини сўраб мурожаат қилдик. Сўровимиз қисқа муддатда қондирилиб, ер майдонига эга бўлдик.

Умуман олганда, бугун халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаш, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш яхши самара бераяпти. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo