Қутуриш вируси ташқи муҳитга ва дезинфекцияловчи моддаларга унча чидамли эмас, қайнатилганда, одатдаги дезинфекцияловчи моддалар эритмалари таъсирида бир зумда ҳалок бўлади. Аксинча, паст ҳарорат ва қуруқ муҳитда яхши сақланади.
Уй ҳайвонлари учун қутуриш касаллигининг асосий манбалари – бўри, чиябўри, тулки, енотсимон итлар, шунингдек, кўршапалаклар ҳисобланса, одамлар ит, мушук, бўри, чиябўри ва тулки орқали вирус юқтириши мумкин. У одамга асосан қутурган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши ва сўлаги орқали юқади.
Қутурган ҳайвонлар сўлаги касалликнинг ягона юқиш омили саналади. Бундан бошқа юқиш йўллари исботланмаган.
Хўш, қутуриш касаллиги одамларда қандай аломатлар билан кечади?
Одам организмига вирус тушиши билан касаллик бирданига бошланмайди, дастлаб вирус нервлар атрофида бўладиган периневрал суюқлик оқими билан орқа ва бош мияга етиб боради ҳамда мия тўқимасида кўпая бошлайди. Бу жараён белгиларсиз кечади ва у касалликнинг яширин даври дейилади. Бу давр 1 ҳафтадан 1 йилгача, баъзида ундан кўпроқ ҳам давом этиши мумкин. Касалликнинг ўртача яширин даври 1-3 ойни ташкил этади. Бу даврнинг қисқариши ёки чўзилиши тишлаган ҳайвон турига, жароҳатнинг қаерда жойлашгани, катта-кичиклиги ва чуқур-юзалигига, вирус хусусиятлари ҳамда одамнинг касалликларга қарши курашиш қобилияти, яъни иммун тизимига ҳам боғлиқ бўлади.
Ит тишлаган ёки тирнаган жой марказий асаб тизимига қанчалик яқин жойлашган бўлса (бош, бўйин, юз, қўл бармоқлари ёки кафтда), касалликнинг яширин даври шунчалик қисқа бўлади, агар жароҳат олган аъзо марказий асаб тизимидан узоқ жойлашган бўлса (масалан оёқда), бу давр чўзилиши мумкин.
Касаллик бошланганидан 2-3 кун ўтгач, беморда қўзғалиш, яъни касалликнинг авж олиш даври бошланади. Тишланган жой қичийди, тортишиб оғрийди, битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланади. Бемор тушкунликка тушади, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилиб, иштаҳаси бўғилади, қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб, ён-атрофга лоқайд қарайди. Тана ҳарорати кўтарилиб, қон томирлари уриши тезлашади, сувни кўрганда, ҳаттоки сув тўғрисида эшитганда ҳам ютиш мускуллари тортишиб, қисқариб, қаттиқ оғрийди, ютиниши қийинлашади, яъни беморда сувдан қўрқиш (гидрофобия) аломати пайдо бўлади. Шундан кейин беморда бу аломатга ҳаводан қўрқиш (аэрофобия) аломати ҳам қўшилади. Ҳаво урилганда ёки беморни бирор бир нарса билан елпиганда (масалан, сочиқ, қоғоз ва бошқалар), бемор бўғилади, талвасага тушади. Хуруж ёруғлик (фотофобия), шовқин-сурондан ҳам (акустофобия) вужудга келади.
Хуруж бошланганда эса беморнинг уйқуси бузилиб, кийимларини йиртиб, ўзини тишлай бошлайди. Бемордаги безовталик (қўзғалиш) кучайиб, унда ғайритабиий куч пайдо бўлади. Атрофдагиларга ташланиб, уларни уришга, тишлашга ҳаракат қилади. Бемордан кўп сўлак оқиши натижасида тана ҳарорати яна кўтарилади (40-42°С). Шу ҳолатлар давом этиб, бемор юрак-қон томир фаолияти етишмовчилиги ёки нафас марказининг фалажи оқибатида вафот этади.
Таъкидлаш жоизки, бугун кўпчилик хонадонда ит боқилади. Бироқ ит сақлаш тартиб-қоидаларига ҳамма ҳам бирдек риоя қилаяпти, деб бўлмайди. Итларни сақлашда гигиена талабларига амал қилинмаса, улар одамга кўп ташвиш ва мусибатлар келтириши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон эпизоотик бюроси маълумотига кўра, одамлар ўртасида қутуриш касаллиги дунёнинг 150 дан ортиқ давлати ҳудудида рўйхатга олинган. Касалликнинг 95 фоизи Африка ва Осиё давлатларига тўғри келади.
Ҳар йили дунё бўйича 1 миллионга яқин ҳайвон қутуриш касаллигига дучор бўлса, одамларда бу кўрсаткич 50 минг нафарни ташкил этади. Ҳар йили 15 миллиондан ортиқ киши ҳайвон тишлашидан жабрланиб, шифокорларга мурожаат этади, уларнинг 10 миллионга яқини қутуришга қарши эмланади, 5 миллиондан кўпроғи эса эмланмасдан қолади. Қутуришга қарши вақтида ўтказилган эмлашлар эвазига ҳар йили 100 минглаб одамларнинг ҳаёти сақланиб қолинади.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили ўртача 50-55 минг нафар одам ҳайвонлар тишлашидан жабрланиб, қутуришга қарши эмланади.
Қутуриш касаллигининг олдини олишда қуйидаги қоидаларга қатъий риоя этиш шарт:
- қаровсиз, дайди итларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик;
- эгали итларни ҳудудий ветеринария хизмати идорасига ўз вақтида ҳисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;
- ит сақлаш қоидаларига қатъий амал қилиш;
- ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш;
- бирор ҳайвон тишлаганда, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш.
Шуни билиш керакки, ҳайвон тишлаган кишининг жароҳат олган жойи 20 фоизли совун эритмаси билан 2-5 дақиқа оқар сувда ювилади, жароҳат атрофига 70 фоизли спирт билан ишлов берилади.
Мамлакатимизда мазкур касалликнинг асосий ва етакчи манбаи қутуриш касаллигига чалинган итлардир. Шу боис дайди ит ва мушуклар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, хонаки ит ва мушукларни ўз вақтида ҳисобга олиш, уларни доимий ветеринария кўригидан ўтказиб туриш ва қутуриш касаллигига қарши эмлаш асосий ва самарали профилактик чора-тадбир эканини унутмаслик лозим.
Нурбек ҚУЛМУРОДОВ,
вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи командири, сержант