Деҳқонободлик Жасур Бегматов ҳам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кутилмаган ҳолатга дуч келди. У ўзи истиқомат қиладиган хонадонда жойлашган хўжалик хонасини бузаётган вақтда бинонинг тепа қисмида тўсин сифатида фойдаланилган труба ичидан 16 калибрли Л7691 серия рақамли қурол қисмларини топиб олди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқорида назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс эса жавобгарликдан озод қилинади.
Буни англаган Ж.Бегматов топилмани зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига топширди.
Яна бир ҳолатда Алишер Акбаров ҳам молхонасида жойлашган охур тагидан бир дона 20 калибрли Н67506 серия рақамли қурол топиб олди. У ҳам дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди ва қуролни топширди.
Маълумки, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлардан бири ҳисобланади. Шунга мувофиқ вилоят божхона бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ҳамкорлигида муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Кенг жамоатчилик ўртасида олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари ўз самарасини бериб, пировардида 2015 йилда 12 та ҳолатда 12 та қурол ва бир нечта ўқ-дорилар фуқароларнинг ўз ихтиёрлари билан топширилишига эришилган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 56 та ҳолатда 28 та қурол ҳамда 1297 та турли хилдаги ўқ-дориларни ташкил этди.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ноқонуний қурол сақлаш ҳам жиноят. Буни кимдир билмайди ёки билса ҳам бепарво муносабатда бўлади. Бундай лоқайдлик охир-оқибатда фуқаролар тинчлигига, хотиржамлигига путур етказиши, турли кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро мавжуд тартиб-таомилларни, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмаслигини билиб олмоғи даркор.
Собир ХОЛМУРОДОВ, вилоят божхона бошқармаси катта инспектори