Яқинда театр репертуари яна бир асар билан бойиди. “Тўқсон тўққиз тилла танга” деб номланган ушбу эртак спектакль Мансур Курязов асари асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Холмурод Сатторов томонидан саҳналаштирилган.
Асар воқеалари камбағал кулолнинг кўза ва лаган ясаб сотиш учун хасис бойдан нархи бир тилла танга бўлган гил лойини қарзга олиши билан бошланади. Кулол бу лойдан чинакам санъат асарлари яратади. У ясаган кўза ва лаганларини сотиш учун бозорга олиб чиққанида, уларни хасис бой кўриб қолади ва бу буюмларнинг лойи меники эди, энди қайтариб бер, деб олиб қўяди. Кулол буюмларни сотиб, бир тилла танга қарзини қайтаришини айтади, аммо буюмларни сувтекинга қўлга киритишни истаган бой бунга кўнмайди. Воқеага гувоҳ бўлган Хўжа Насриддин камбағал кулолга ёрдам беришга киришади. У ниҳоятда айёрлик билан режа ишлаб чиқади ва бу режа ёрдамида бойни чув туширади. Натижада тавбасига таянган бой кулолга буюмларини қайтаради, ҳатто бир тилла қарзидан ҳам воз кечади.
- Бу асарда ҳақиқатнинг ноҳақлик устидан қилган ғалабаси акс эттирилган бўлиб, томошабинни қизиқарли воқеа гувоҳига айлантиради, - дейди режиссёр Холмурод Сатторов. - Асардаги мавжуд турли хил образлар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Масалан, Бой образини олайлик, у ўта хасис, бойлик учун ҳамма нарсага тайёр инсон сифатида намоён бўлади. Аксинча, Афанди эса ҳатто ўзгалар манфаати учун ҳам ҳақиқат йўлида курашади. Бир сўз билан айтганда, эртак-томоша болажонларга ҳалоллик ҳар доим разолат устидан ғалаба қозонишини уқтиради.
Айни пайтда ушбу янги асар вилоятимиз оромгоҳларида болажонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ