Жанубий Кореяда ўт ўчирувчи ходим бир эркак кўприкдан қулаб тушмаслиги учун унинг қўлидан қарийб бир соат тутиб турди, деб ёзади Mothership манбаси.
Маълум қилинишича, ўт ўчирувчи Пак Жун Хен Шимолий Кенсан провинциясидаги Чунган автомагистралида рўй берган бахтсиз ҳодисага гувоҳ бўлган. Бошқарувни йўқотган тиркамали юк машинаси кўприк тўсиқларини уриб ўтиб, кабинаси ердан 11 метр баландликда илиниб қолган.
Кабина ичидан отилиб кетиб, унга ташқи томондан осилиб қолган эркакни кўрган Пак Жун Хен ёрдамга шошилган ва унинг қўлидан тутиб, 45 дақиқа қўшимча кучлар келишини кутган. Чунки, ўша пайтда ўт ўчирувчининг ёнида махсус қутқарув жиҳозлари бўлмаган.
Унинг қўшимча қилишича, шу вақт давомида жабрланувчи ваҳимага тушмаслиги ва ҳушини йўқотмаслиги учун уни тинимсиз тинчлантириб туришига тўғри келган. Орадан бир соатча вақт ўтгач, ҳайдовчи муваффақиятли қутқариб олинган ва шифохонага жўнатилган.