Шу кунларда Қарши шаҳри газ идорасига иши тушган деярли ҳамманинг оғзида бир гап: "Қарзим йўқ, аммо фалон сўм пеня чиқибди. Тўламаса бўлмасмиш". Бу ҳолга фақат бир-икки киши дуч келган бўлса ҳам майли эди. Тушунса бўларди. Ахир интизомсиз истеъмолчилар ҳам йўқ эмас-да орамизда. Бироқ қизиғи, дабдурустдан хабари берилган ушбу "сийлов"дан бебаҳра одамни учратмайсиз ҳисоби. Бевосита жойига бориб ўрганиш асносида ҳам бунга тўла ишонч ҳосил қилдик.
Кимдир пеня хабарини эшитиб саросимага тушган, кимнингдир жиғибийрони чиққан. Буни уларнинг юзию сўзидан билиш ҳам қийин эмас. Ҳайратдан ёқа ушлаётган истеъмолчилар ҳам топилади. Айримларини суҳбатга тортдик.
- Қарзни тўлайман, деб келсам, 235 минг сўм пеня чиқариб ўтирибди, - дейди Қарши шаҳри Кат маҳалласида яшовчи Тамара Икромова. - Компьютерга қараб айтишди. Ҳисоблагич бўйича ўтган ой 6 минг сўм ишлаган. Доим ойма-ой тўлов қилиб келганмиз. Ортиқчаси билан 50 минг сўм тўламоқчи эдим. Энди бу аҳвол. Нимага бундай қилишади, ҳайронман. Йўқ жойдан пеня деб турса. Оилада бир ўзим ишлайман. 500 минг сўм маош оламан. Осонмас-да. Қай бирига етказаман?!
Чақар маҳалласилик Гулбаҳор Худоёрова ҳам интизомли истеъмолчи бўлиш пайидаги фуқаролардан. Ўзи пенсионер. Ўтган ой фойдаланилган табиий газ учун қарздорликни сўндиргани келган. Қарздан қутулгани етмаганидек, абонент дафтарчаси устига 186 минг сўм пеня, деб ёзиб қўйишибди. Шошиб қолган фуқаро 150 минг сўмини тўлаб ҳам берибди.
Албатта, истеъмолчиларнинг иддаоси ҳам тўғри, эътирози ўринли. Тўловини ойма-ой қилган бўлса, нега унга пеня ҳисобланиши керак? Ўзи бу чора қачон қўлланиши мумкин? Шу ўринда масаланинг ҳуқуқий томонига бир кўз югуртиришни лозим топдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига асосан "Табиий газдан фойдаланиш қоидалари" тасдиқланган. Унда келтирилишича, истеъмолчи ой тугаганидан сўнг 10 кун мобайнида истеъмол қилинган газ ҳажми учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари ёки белгиланган меъёрлар асосида тўловни амалга оширади. Тегишли муддатда истеъмол қилинган табиий газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди. Ҳозирда бу миқдор қарз умумий суммасининг 0,1 фоизини ташкил этади.
Бир қарашда бу арзимаган рақамдек кўринади. Айтайлик, истеъмолчининг муддатидан кечиккан 100 минг сўм қарздорлиги бўлса, унга ўтган ҳар бир кун учун 100 сўмдан пеня ҳисобланиши, аммо бу миқдор қарз суммасининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Демак, фуқароларга ёзиб берилаётган пеня бир ё икки ойда шаклланиб қолмаган. Бугун гарданига ҳатто 2 миллион сўмгача пеня илинган истеъмолчилар борлиги шундай дейишимизга асос бўлади. Мана бир мисол. Қарши шаҳри Гулшан маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Ҳамидова хонадонига газ учун 1 миллион сўмдан зиёд пеня ҳисобланган.
- Яшаб турган уйимизни 2017 йилда бировдан сотиб олганмиз, - дейди фуқаро. - Нотариусдан ўтказгунча, уй эгаси МИБдан газдан қарзи йўқ, деган маълумотнома олиб келиб берувди. Тартиби шундай экан. Бугун билсак, 5-6 йиллигини кўтаришибди. Бизда шунча пеня бор экан. Қизиқ, қарзи бўлмаса, пеня қаёқдан келди?!100 мингнинг нари-берисида бўлса ҳам бошқа гап эди. Тўлаб кетардим. Бунга қаердан топаман пулни. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, коммуналдан қарзи йўқ, деган "справка" талаб қилишади. Шунга келувдим ўзи. Энди бу пеняни ойлигимдан ушлаб қолишмаса яхши эди. Қийналиб топган пулимизни емай-ичмай, шу пеняга ишлатамизми?!
Маълум бўладики, фуқаро янги уйда яшай бошлаганига энди 2 йил бўлибди. Айтганидек, истеъмол қилинган табиий газ ҳақини ойдан ойга ўтказиб ҳам юбормаган. Чунки иш жойига доим қарзи йўқ деган маълумотнома топширган. Хўш, шу қисқа фурсатда унга 1 миллион сўмдан кўп пеня ҳисобланиши мумкинки? Ҳар ойнинг охирги санасида тўлов қилган тақдирда ҳам бунча чиқмайди. Қайси "ақлли" компьютер ҳисоблаган буни? Емаган сомсага пул тўлашми бу? Қани бу ерда мантиқ, қани адолат?!
Ушбу таъминот корхонасининг бошқа бир мижози - Қарши туманилик А.Худойқулов билан юз берган ҳолат ҳаммасидан ошиб тушди. Истеъмолчининг билдиришича, бир неча йил олдин унга табиий газдан қарийб 1,5 миллион сўм нореал қарздорлик ҳисобланган. Фуқаро буни исботлаб бергач, асоссиз қарз тегишли акт ҳужжати билан юритувдан олиб ташланган. Эътиборлиси, истеъмолчи бугунги кунда унга ёзилган 500 минг сўмдан кўп пенядан норози бўлиб абонент картасини кўздан кечирганда, ўтган даврдан бери айнан шу қарздорлик суммасига ҳам жарима қўллаб келинаётгани маълум бўлган. Шунинг ўзиёқ ушбу жараён холис кечаётганини шубҳа остида қолдиради.
Қолаверса, одамларни ўйлантираётган бошқа бир савол бор. Таъминотчи корхона истеъмолчиларнинг кечиктирилган қарздорликдан ҳосил бўлган пеняси 5-6 йил давомида йиғилиб боришига нега йўл қўйиб берди? Нима учун уни вақтида, ойма-ой ундириб бормаган, аҳолини хабардор этмаган? Пеня учун бир ойда 4-5 минг сўм тўлаган қайдаю, 72 ойда бир неча миллион сўм?! Албатта, иккинчиси ҳар қандай кишига оғир ботади. Шунингдек, қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномалар нимага асосланиб ёзиб берилган? Хуллас, пеня масаласи нега айнан ҳозирги пайтга келиб кун тартибига чиқарилди? Олдинроқ қаерда эди шу гаплар? Ана шундай саволлар билан Қарши шаҳар газ участкаси мутасаддиларига юзландик.
- "Облгаз"га борасиз, пеня масаласида улар тўлиқ жавоб беришади, биз участка бўлиб қолганмиз, таъминот билан шуғулланамиз, холос, - дейди участка муҳандиси Нодир Шаропов. - Кассада ўтирганлар ҳам бизнинг ишчилар эмас. Ҳаммаси МИБнинг ходимлари. Хуллас, пеняни биз ҳисобламаймиз. 2013 йилдан бери компьютерга киритилади. Қарздорлик бўйича 278-сонли қарор бор. Шу бўйича тартибга солинади. Ҳисоб-китоб бизга қараган пайти, 2015 йил аҳоли жанжал қилиб келгач, ўртада бир-икки йил тўхтади. Шу йил январь ойида Тошкентдан, "Ўзтрансгаз"дан комиссия келиб, пеняни ундириш масаласини кўтариб кетди. Бўлгани шу. Нега қайта жорий қилингани, ҳуқуқий асосини келтиришга ваколатимиз йўқ.
Масъулнинг сўзларидан англаш мумкинки, бу юқоридан бўлган топшириқ. Боз устига, пеняни ундиришни исталган пайти тўхтатиб, яна қайта йўлга қўйишаётганига нима дейсиз?! Ғалати-а, шундай эмасми?! Нима, бу ишлар одамларнинг асабини синаш учун қилинадими? Пеняси туғиб ётган истеъмолчини аввал бамайлихотир, хотиржам юришига қўйиб бериб, кейин бирдан саросимага солишдан, фалон сўм пенянг, бор деб юрак ёришдан қандай мақсад кўзланган?
- Пеня кеча ё бугун чиққан янгилик эмас, 2005 йилдан бери бор бу чора, - дейди Қашқадарё бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали директори ўринбосари Шокир Қодиров. - Истеъмолчи қарздорлигини ойнинг 10-санасига қадар сўндирмадими, дастур унга пеня ҳисоблаб кетаверади. Ҳаммаси автоматик бажарилади. Фақат 50 фоиздан ўтказмайди. Бу масала нега ҳозир асосий масалага айланди? Чунки илгари эътиборсизлик бор эди-да. Энди халқнинг ўзи қўзғалди. "Справка", шунга ўхшаш у-бу нарса чиқди. Уйни олди-сотди қилаяпти, шунда қарзи йўқлиги ҳақида маълумот олиши керак. Менда пеня борми-йўқми, деб фуқаронинг ўзи қизиқаяпти-да. Аввал бу масалада кам одам мурожаат қиларди. Энди кўпайди. Пеня долзарб бўлгани сабаби ҳам шу.
Сиз мутасаддининг гапларидан нима тушундингиз? Гўёки пеня деган жабрни аҳоли ўзи истаб сотиб олган, деган маъно келиб чиқади. Ўзи ташаббускори бўлган нарсадан ўзи бехабар бўлиши мумкинми? Хўп, лоқайдлик бўлган экан, бунга ким айбдор, таъминотчими ё истеъмолчи? Ахир шу пайтгача пеняси борлиги бирор жойда, на абонент дафтарчасига тикиладиган тўлов квитанцияси (бу ҳужжатда "пеня" деган алоҳида банд бор - муал.)да, на фуқарога тақдим этилаётган қарзсизлигини тасдиқловчи маълумотномада қайд этилмаган. Жилла қурса, огоҳлантириш ҳам берилмаганку. Шокир Қодиров ҳам ўз оғзи билан айтиб турибди, охирги пайтда газ идорасига "справка" сўраб келгич кўпайган. Энди эса буни қулай фурсат билиб, ҳеч иккиланмай фойдаланишган-қўйишган.
Бу ерда ким ҳақ ўзи?! Уни-буни баҳона қилиб, истеъмолчидан 5-6 йиллик пеняни ундириш учун ҳуқуқий асос борми?
- Пеня бўйича кўп муаммо бўлаяпти, кўп ариза тушаяпти, - дейди Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси Рустам Бердиев. - Шу масала юзасидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига икки фуқаро номидан даъво аризаси ҳам киритдик. Ҳали ҳал қилув қарорини олмадик. Шундай бўлса-да, бу масалани юридик жиҳатдан баҳолаш мумкин. Бунда иккита хатога йўл қўйилаяпти. Яъни биринчидан, таъминот корхонаси ва аксар истеъмолчилар ўртасида шартнома мавжуд эмас, шу кунгача тузилмаган. Агар шартномавий муносабат расмий бўлмаса, унинг кучи йўқ дегани. Истеъмолчига мажбурият юклаб бўлмайди. Қолаверса, ҳисоблаш нотўғри бўлаяпти. Яъни Фуқаролик кодекси 150-моддасига кўра, даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Бундан чиқадики, 2016 йилдан бериси қамраб олиниши керак. Аслида пеня йилдан йилга ўтмаслиги даркор. Истеъмолчига тўланг деб, хат берилиши лозим эди. Маълум бўлишича, ҳисоб рақами бошқа деб, пеняни алоҳида ҳисобга ундиришаяпти. Унутмаслик керакки, пеня ҳам қарздек нарса.
Тўғри-да. Пеня ҳам жарима сифатидаги чора, истеъмолчи зиммасидаги қарз. Ўтган йиллари фуқароларга тегишли маълумотнома бериб келган газ идораси қандай қилиб уларни яна қарздорга чиқариши мумкин?! Уддабуронликни қарангки, бугун мазкур амалиётни қўллашда сал бошқача йўл тутишаяпти. Энди маълумотномада бирваракайига ҳам қарздорликни, ҳам пеняни акс эттиришаяпти. Яъни, табиий газдан асосий қарздорлик йўқ, лекин фалон сўм пеня бор. Бир ўйлаб кўрайлик. Бюджет ташкилотида ишловчи истеъмолчи бу ҳужжатни ўз иш жойига тақдим этди. Мавжуд тартибга кўра, қарз ходимнинг ойлигидан ушлаб қолинади. Хўп, тағин пеняга деб шу маошдан маблағ ундирилмаслигига ким кафолат беради?!
Яна бир жиҳат. Таъминотчи корхона сўнгги пайтда истеъмолчиларнинг газ ҳақини вақтида тўламаётганига қаттиқ ёпишиб олган. Улар талабича ҳам борайлик. Бунинг учун барча шароит яратиб берилганми ўзи?! Маълумотларга кўра, ҳозирда Қарши шаҳар газ участкасига 126 минг маиший истеъмолчи - аҳоли вакили қарайди. Таъминотчининг шунча кишидан ойнинг 10-санасигача тўловларни тўлиқ қабул қилиб олишга имконияти етадими? Агар ўртача минг фуқародан тўлов қабул қилиш керак бўлса, уларнинг ҳар бирига 5 дақиқадан вақт кетса ҳам, шаҳар газ идораси ёнида ташкил этилган қабул жараёнида бунга бир кунда улгуриш амри маҳол. Ахир биз 126 минг истеъмолчи ҳақида гапираяпмиз. Ўша куни бу ерга эрталаб 6 дан борган айрим фуқароларга 1-2 соатда ҳам навбат тегмаётгани бу тизим қандай ишлашини яққол кўрсатиб турибди. Аҳолига ёппасига пеня ёзишдан аввал шу ҳақда ҳам бафуржа бош қотиришса яхши бўларди чамамда.
Боз устига, "Табиий газдан фойдаланиш қоидалари"нинг фақат пеняга дахлдор банди ижросини бажаришда жонбозлик кўрсатаётган таъминотчи бошқа мажбуриятларини ҳам сидқидилдан адо этса барчага фойда бўларди назаримизда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг ўша 22-сон қарорида маиший истеъмолчиларга табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, деб қатъий белгилаб қўйилган. Охирги пайтда бу масала ҳам нуқул истеъмолчи гарданига юклаб қўйилаётгани айни ҳақиқат. Таъминотчи ўз ҳисобидан бирор аҳоли хонадонига "счетчик" олиб бориб ўрнатиб берганини яқин орада эшитмадик.
Тўсатдан долзарблик касб этган пеня масаласини одамлар ўзича тусмол этаётгани ҳам бор гап. Кимдир "газчилар ишида ками чиққани учун шуни тўлдираман деб, ёппасига аҳолига пеня солишаяпти", деган гумонни билдиради. Аммо буниси бизга қоронғи, далил-исботсиз аниқ бир фикр айтишга ожизмиз. Қолаверса, бу ташкилотдан илгари ҳам панд еганлар кўп бўлган. Камомад бўлиб қолса, катта пулни шартта фуқароларга тақсимлаб ташлашгани, натижада нореал қарздорликлар юзага келгани авваллари кўп қулоққа чалинган. Қарз асоссиз миндирилгани кўп бора ўз исботини ҳам топган.
Сарлавҳани ҳам бекорга бундай танламадик. Агар ҳомиладор аёлнинг туғруғи кечикса, туя гўшти еганми, дейишаркан момоларимиз. Чунки туя гўшти тановул қилган хотиннинг ой куни бироз кечикаркан. Бу нақл айни ҳолатга ҳам жуда мос келаяпти. Афтидан, газ идорасида ишловчи мутасаддилар ҳам аҳоли пенясига туя гўшти едириб роса бўрдоқига боқишган кўринади. Акс ҳолда, арзимаган 0,1 фоиз ҳисобидан келиб чиққан жарима йиллар ўтгани сари кўпайиб, катта бир сумма ҳолида энди-энди намоён бўлмасди, "туғруғи" бунчалик кечикмасди. Бу эса ҳақли равишда истеъмолчини эсанкиратиб қўяяпти.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ,
журналист