Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторга бириктирилган бу икки қишлоқда ўтган даврда тегишли ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юришди. Ўрганишлар олиб бориш чоғида ушбу муаммолар қайд қилинди. Дарҳол мазкур масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Натижада тез фурсатда аҳолига газ баллони тўлиқ етказиб берилишига эришилди. ҚВПларга бир нафардан олий тоифали шифокор ва акушер-гинеколог жалб этилди. 3 та трансформатор пункти эса буткул қайта таъмирланди. Кўприк ҳам соз ҳолатга келтирилди.
- Аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида жами 2342 та хонадонга кириб чиқилган, фуқаролардан турли даражадаги 611 та мурожаат келиб тушган, муаммоларнинг 76 таси тегишлилиги бўйича жойида ҳал этилган, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Қудратали Маматисаев. - Яқинда сайёр қабул ҳам ўтказдик. Учрашувларда ушбу икки қишлоқ аҳли ўзини анча пайтдан бери қийнаб келган масалаларни билдирди. Ечилмай қолган мурожаатлар бўйича мутасадди ташкилотларга манзилли ва муддатли хатлар юборилиб, ижроси назоратга олинган. Ҳал этиш бироз вақт талаб этувчи масалаларни вилоят, республика йўл хариталарига киритиш таклиф этилган.
Қайд этиш жоиз, ўрганишлар мобайнида келиб тушган мурожаатларга асосланиб, аҳолига 400 қоп ун арзон нархда тарқатилди. Шунингдек, арзонлаштирилган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди, фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Кам таъминланган 20 оилага эса ун, ёғ ва бошқа асосий озиқ-овқат товарлари, уларнинг фарзандларига кийим-кечаклар бепул топширилди. Бундан ташқари, ҳудуд аҳолисининг 6 нафарига уйларининг кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилди.
4-секторга кирувчи бошқа ҳудудларда ҳам шундай тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда.
М.ШУҲРАТОВ