Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Саидаҳмад ЗАРДОН

27.09.2018


ТАҚЛИД

- Кел, янги ўйин ўйнаймиз: сен ота бўласан, мен – она. Сен ишдан кел, мен кутиб оламан.

Расулжон рози бўлиб, ирғиб ўрнидан турди ва томоқ қириб, ишдан келган бўлди:

- Овқатинг тайёрми, хотин? Тезроқ суз.

Кутилмаганда Садаф икки қўлини белига қўйиб, баланд овозда деди:

- Тайёрмас, ҳей заҳар юткур. Ишинг тугаганига қанча бўлди, айт? Шу пайтгача қаерда санқиб юрибсан?

- Мажлис...

- Бекорларни айтибсан, ярим кечагача мажлис бўларканми? Нима сенинг корхонанг мажлиснинг уясимиди, жума мажлис, шанба мажлис, якшанба мажлис... Ундан кўра яширмай айтавер, қаерларда санқиб юрганингни...

- Ҳов товуқ мия, мажлис бўлгандан кейин мажлис дейман-да. Нима, мен ўйнаб юрибманми? – энди Расулжон ҳам бироз овозини кўтариб, дағдаға қилди. Садаф эса у билан гап талашиб ўтиришга сабри чидамай, ўзича шанғиллаб, ишларини давом эттира бошлади.

- Бу кунимдан ўлганим яхши. Шу рўзғорга келиб нима кўрдим ўзи, кун бўйи тиним йўқ. Бир қарасанг сув керак, бир қарасанг нон, овқат пишир, кир юв, уй супур... Бу кишимнинг эса парвойи фалак, бирор кун эртароқ келиб шу бечорага ҳам ёрдам берай демайди. Баҳонаси мажлис-мажлис... Қани эди шунча мажлисга қатнашганига яраша тўлиб-тошиб келса. Йўқ, қуп-қуруқ келаверади. Уйда нима бор, нима йўқ хаёлига ҳам келтирмайди. Эркак деган мундоқ рўзғорни эплаб қўйиб, кейин кеккайсада...

- Ҳой вайсақи, нима мен ўйнаб юрибманми? Маошимни олсам, уйга олиб келаяпман-ку. Кун бўйи ишлаб, чарчаб уйга қайтсам яна бу аҳвол. Бирор кун бундоқ яхши кайфият билан, кулиб қарши олсанг ҳақинг кетиб қоладими, а? Мана қўшниларимиз...

Расулжон шу жойга келганда Садаф уни шарта тўхтатди.

- Илтимос, ярамга туз сепма. Биласанми, ўша қўшнинг куни кеча хотинининг туғилган кунига нима совға қилганини? Биласанми уйига қандай мебель олиб келганини? Билмайсан, сенинг тушингга ҳам кирмаган унақа нарсалар, юравер ана шундай суппайиб...

Расулжон яна гап топа олмай қолди. Ўзига ғазаб билан тикилиб турган Садафга қараб қўл силтади:

- Унда бор, ўша қўшнингга тегиб олавер...

- Керак бўлса тегаман. Тегмасам ҳам бу зиндонда яшаш ниятим йўқ, кетаман, бирйўла қутуласан мендан...

- Бор, бор кетавер, жуда қийналиб қоларканман-да, а?..

Шу пайт дарвоза тарақ-туруқ қилиб, отаси кириб келди. Ҳовли четида ўйнаётган болалар жим бўлиб, вазиятни кузата бошлади.

Ота ҳовлига кириб, супа четига ўтирар экан, дарғазаб овозда чақирди:

- Ҳов онаси, онаси дейман, а мундоқ...

Айвондан аёлнинг шанғиллаган овози эшитилди:

- Ҳа, овозинг ўчгур,  ҳа...

МЕҲРИБОНЛИК

Раҳмон ва Мухтор бозорда айланиб юриб, бир сотувчининг олдига келганда тортишиб қолди:

- Чўнтакни ковламанг, илтимос, хафа бўламан. Сиз харид қилинг, пўл тўлашни бизга қўйиб бераверинг, - деди Раҳмон чўнтагига қўл солаётган Мухторга.

- Йўқ, йўқ, хижолат қилманг, мен ўзим..., - деди Мухтор Раҳмоннинг беғараз таклифини рад этиб.

- Ундай қилманг, мен ўзим...

- Арзимас нарсага.. Ҳеч гап эмас, тўхтанг ўзим..

- Гапга қулоқ солинг, сиз меҳмонсиз, бизга қўйиб беринг.

- Яхши бўлмайди, виждоним...

- Ҳеч хижолат бўлманг, дўст шундай кунда билинмаса...

- Раҳмат дўстим, лекин “Дўст бўлсанг жон дўст бўлгин, пул дўстимас” деган гап бор.

- “Меҳмон отангдек улуғ” деган гап ҳам бор.

- Нималар қилаяпсиз ўзи, одамлар олдида хижолат қилманг, илтимос.

- Ҳеч қандай хижолати йўқ, сиз олаверинг, пулини мен ўзим...

Шу вақт уларнинг тортишувидан асабийлашиб ўтирган сотувчи гапга аралашди:

- Тортишувни бас қилинглар, одамлар кутиб қолишди. Нима харид қилмоқчисизлар ўзи?

Икковлон бирданига:

- Гугурт.

- Эсизгина, гугурт йўқ эдия, - деди сотувчи бамайлихотир.

Саидаҳмад ЗАРДОН

Тожик тилидан Турсунбой БОЙМИРОВ таржимаси

Report typo