Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ТАЪЛИМ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЛАРДА ИШТИРОК НИМА БЕРАДИ?

Абдунаби АБДИЕВ

14.05.2019


ТАЪЛИМ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЛАРДА ИШТИРОК НИМА БЕРАДИ?

ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЛАР ТИЗИМИ

Концепция билан танишган кишида, табиийки, PISA тизими тадқиқотлари ҳақида кўпроқ билиш истаги туғилади. Биз бу иборага илк бор  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги "Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида дуч келгандик. Мазкур ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказини ташкил этишга қарор қилиниб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб таълим тизимида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий изланишлар олиб бориш; таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро илмий анжуманлар ва симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш; умумий ўрта таълим муассасаларининг халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш; Ўзбекистон Республикасининг халқаро баҳолаш дастурларида қайд этган натижаларини бошқа давлатлар натижалари билан қиёсий таққослаш белгиланди.

Ўз навбатида келгусида мамлакатимиз таълим сифатини баҳолаш бўйича қуйидаги халқаро тадқиқотларда иштирок этиши кўзда тутилди:

- PIRLS (Progress in International Reading and Literacy Study) - бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш;

- TIMSS (Trends in International Mathematics and Science Study) - 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;

- PISA (The Programme for International Student Assessment) - 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;

- TALIS (The Teaching and Learning International Survey) - умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари ва ўқитувчилари билан сўровнома ўтказиш орқали мактабда ўқитиш ва таълим олиш жараёнлари самарадорлигини баҳолаш.

Қайд этиш лозим, мамлакатимиз таълим муассасалари PISA халқаро тадқиқотларида 2021 йилда илк маротаба иштирок этади.

PISA: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

- Ушбу дастурга 1997 йил асос солинган, - дейди Миришкор тумани халқ таълими бўлими таълим сифати мониторинги бўлими инспектор-методисти Элёр Шоқулов. - Ундан кўзланган асосий мақсад - дунё бўйлаб таълим тизими самарадорлигини 15 ёшли ўқувчи-ёшлар 3 йўналишда (ўқиш, математика, табиий фанлар бўйича) саводхонлигига, уларнинг ижодий ва танқидий фикрлашига, олган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятларига баҳо бериш ва кейинчалик бу кўникмаларни ҳосил қилишга ундашдан иборат. Дастурни Австралия педагогик тадқиқотлар кенгаши, Нидерландия миллий педагогика институти, АҚШнинг Вестат ва педагогик тест хизматлари, шунингдек, Япониянинг таълим соҳасидаги тадқиқотлар миллий институти ҳамкорликда ўтказади. Дастурни жорий этиш ғояси иш берувчиларнинг ташаббуси билан илгари сурилган. 2018 йилда PISA дастурида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо 35 мамлакат, аъзо бўлмаган 43 та, жами 78 мамлакат ва шаҳарлар иштирок этган. Ҳар бир давлатдан иштирок этувчи ўқувчилар сони мамлакатдаги жами 15 ёшли ўқувчи-ёшларнинг 2 фоизи миқдорида сайланма тарзда шакллантирилади. Шундан келиб чиқилганда ҳар бир давлатдан 4500 нафардан 10 минг нафаргача ўқувчи иштирок этган. Собиқ иттифоқ  мамлакатларидан Россия, Латвия, Литва, Эстония, Қирғизистон, Қозоғистон қатнашди. Улар орасидаги энг яхши кўрсаткич эстониялик ўқувчиларга тегишли, гарчи мазкур мамлакат ёшлари илк маротаба иштирок қилган 2006 йилда 516 балл  жамғариб, 11-ўринни эгаллаган бўлса-да, 2015 йилда бу кўрсаткич тегишли тартибда 534 балл ва учинчи ўринга кўтарилди.

Маълум бўлдики, 2015 йилги тадқиқотлардан кейин дунё бўйича биринчи, иккинчи ва тўртинчи ўринларни қитъадошларимиз - Сингапур, Япония ва Хитой Тайпейи ўқувчи-ёшлари эгаллаган. PISA халқаро баҳолаш дастури тестлари уч йилда бир маротаба ўтказилиб, ўқувчилар билими учта асосий йўналиш бўйича, 1000 баллик тизимда баҳоланади. Ҳар галги мониторинг жараёнида юқорида саналган учта йўналишдан бирига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, 2000 йилда тадқиқотнинг асосий йўналиши ўқиш саводхонлигига, 2003 йил математик саводхонликка, 2006 йилда эса табиий фанлар саводхонлигига қаратилган. Бу ҳолат даврий такрор бўлишини инобатга олганда, 2021 йил асосий фан қилиб математика танланиши аён бўлади. Тест саволлари дастурга аъзо мамлакатларнинг мутахассислари билан келишилган ҳолда халқаро консультантлар гуруҳи томонидан тузилади.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, мамлакатимиз таълим тизими ходимлари олдида турган асосий муаммолар нималардан иборат?

Биринчиси - ўқувчиларнинг билим даражасидаги нуқсонлар. Жорий йил мамлакатимиз 1035 та мактабда ўтказилган мониторинг натижаларига кўра ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириши 70 фоизни, сифат кўрсаткичи 44,8 фоизни ташкил этган, холос. Математика фанидан бу кўрсаткич янада паст эканлиги аниқланган.

Иккинчиси - бизда мавжуд дарсликларда PISA топшириқларига ўхшаш масала ва мисолларнинг камлиги. PISA топшириқлари эса одатда узундан-узун матнлар ёрдамида тасвирланиб, улардаги реал вазият ва муаммоларни ҳал қилиш усулини танлаш учун математиканинг қайси бўлимига мурожаат қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. PISA топшириқлари (матнли, расмли, диаграмма ва жадваллар, реал боғланиш графикалари) турли шаклларда таклиф қилинади. Уларни математик тилга ўгириш ва ечим топилгандан сўнг уни яна реал шароит билан боғлаб баҳолаш ҳамда шарҳлаш талаб қилинади. Биздаги математика дарсликларида стандарт масалалар берилади ва улар стандарт усуллар ёрдамида ечилади.

Бундан кўриниб турибдики, PISA дастурида мантиқий фикрлаш асосий ўринга кўтарилади. Масалан, ўқувчи матнда "айлана" сўзига дуч келинмаса-да, айнан мазкур объект ҳақида сўз бораётганини англаб етиши лозим. Демак, биринчи навбатда математика дарсликларини ўқувчи мантиқий   фикрлашига ундайдиган масалалар билан бойитиш вазифаси юзага келади. Шунингдек, бизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиши, таълим 7 тилда олиб борилиши ҳам таржима масаласида қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкин.

ДАСТУР БИЗГА НЕГА КЕРАК?

- 15 ёшли болаларнинг билим даражаси миқдорий кўрсаткичини адолатли аниқлаш ва халқаро миқёс билан солиштириш имкони туғилади;

- ўқувчиларнинг саводхонлиги ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини ривожлантириш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда ота-оналар ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш амалиёти кучаяди;

- умумтаълим мактабларида яратилган шарт-шароитларни баҳолаш юзасидан миқдорий кўрсаткичлар аниқланади.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, PISA бўйича ўқувчилар билимига қўйилган баҳонинг ҳар 50 баллга ошиши йиллик ялпи ички маҳсулотнинг бир    фоизга ўсишини таъминлаши халқаро тажрибаларда кузатилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу дастур мамлакатимиз ёшлари интеллектуал салоҳияти янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

 

Report typo