Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

30.09.2022


ТАЪЛИМ ВА ИННОВАЦИЯ ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Анжуман

 Қарши  муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Энергия ва ресурс тежамкор инновацион технологияларни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда юртимиздаги нуфузли олийгоҳлар ҳамда Россия ва Беларусдаги  университетларнинг профессор-ўқитувчилари бевосита ва ЗООМ дастури орқали иштирок этдилар.

Илмий-амалий анжуманда дастлаб Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров сўз олиб, тадбирнинг аҳамияти, юртимизда энергия ресурсларини тежаш, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга доир давлат сиёсатининг моҳияти, бу борада Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети электр таъминоти кафедраси профессори, техника фанлари доктори Мақсуд Бобожонов маърузаси тингланди.

Тадбир давомида энергия тежамкор қурилмаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди, бу борадаги илмий изланишлар натижалари таҳлил этилди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида ТошДТУ профессорлари Тўлқин Ғойибов, Нурали Пирматов, Шўртан-нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси етакчи  муҳандис-энергетиги Бобомурод Бобоназаров ва бошқалар маъруза қилдилар. Бундан ташқари, ЗООМ дастури орқали Беларусь миллий техника университети профессори Владимир Седнин ҳамда Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Энергетика муаммолари институти профессор-ўқитувчилари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

-  Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши энергетика факультетида давом эттирилди. Меҳмонлар “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигони ва факультетдаги лабораториялар билан яқиндан танишдилар, - дейди институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғулом Узоқов. - Тадбир давомида докторантларнинг илмий тадқиқотлари тақдимотлари бўлиб ўтди. Энергетика факультетида иккита лаборатория ҳамда 5 киловатт қувватга эга фотоэлектр қуёш станцияси ишга туширилди. Айниқса, фанимиз фидойилари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари талабаларда ўзгача таассурот қолдирди.

Бир сўз билан айтганда, анжуман унда муҳокама қилинган муҳим мавзулар ва инновацион тадқиқотлар кўлами кенглиги, долзарблиги билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Муаллиф олган суратларда анжумандан лавҳалар.

 

Report typo