Хўш, журналист энг аввал ишни нимадан бошлайди? Албатта, мақола ё хабар учун факт тўплашдан, интервью олишдан. Бунинг учун эса маълум идора эшигини қоқади, ўзига керакли одамни топади ва унга дарҳол диктофон тутиб, дилидаги саволини беради.
Демак, интервью олинди. Етарлича маълумот тўпланди. Кейинги босқич – олинган интервьюни диктофондан компьютерга, овоздан ёзувга кўчириш, жамланган маълумотлар асосида материал тайёрлаш. Албатта, мақола муаллифнинг ўз фикр ва муносабати билан тўлдирилади. Хабар эса қисқа, лўнда шаклга келтирилади.
Мана, ниҳоят, неча маротаба ўчириб-ёзилган, қайта-қайта мияда ўйлаб-пишитилган мақола ёки ҳозиргина бўлиб ўтган тадбир ҳақидаги хабар тайёр. Энди уни қоғозга чиқариб, бўлим муҳаррири ихтиёрига топширамиз. У тайёр материални синчиклаб ўқийди, таҳрир қилади.
Бўлим муҳаррири ҳамда бош муҳаррирнинг “чиғириғ”идан ўтган материалнинг навбатдаги “манзил”и - матбаа бўлими. Диққат, унинг саҳифадан жой олишига бор-йўғи бир қадам масофа қолди. Бу ерда материалга яна бир марта кўз югуртирилади. Фақат энди таҳрир учун эмас, балки унга қандай безак бериш, қай тартибда саҳифага жойлаштириш мақсадида. Бу ишни оператор бажаради.
Хуллас, материаллар саҳифаланди, А3 форматидаги қоғозда аксини ҳам топди, дейлик. Аммо бу ҳали ишнинг фақатгина ярми. Олдинда янги жараёнлар турибди. Эндиги иш – мусаҳҳиҳлар хонасида саҳифа синчиклаб ўқилади. Имловий ва техник хатолар текширилади.
Мусаҳҳиҳлар “назорати”дан ўтган саҳифа навбатчи ва навбатчи муҳаррир ҳукмига ҳавола этилади. Улар диққат-эътибор билан саҳифа материалларини ўқиб чиқадилар ва зарур ўринларни тузатадилар, фикрлашадилар.
Саҳифа охирги марта ўқиш учун масъул ёки бош муҳаррирга тақдим этилади. Ҳар бир мақола, хабар синчиклаб ўқилади, танланган суратлар, саҳифа дизайнига эътибор қаратилади. Сўнг эса чоп этишга бериш мумкинлиги ҳақидаги имзо билан саҳифа яна матбаа бўлимига қайтарилади.
Матбаа бўлимида ҳам охирги иш: саҳифаларни яна бир марта диққат билан кўздан кечириб, калькалаш жараёни кечади. Мана, энди саҳифалар ўзаро бирикиб, газета кўринишини олишга тайёр.
Кейинги манзил – босмахона. Бу ерда калькага олинган саҳифалар чоп этишга тайёрланади. Рангларнинг мутаносиблиги, тиниқлиги, қоғозга кўчириш каби ишлар бутун жараён давомида эътиборда бўлади.
Ниҳоят, “Qashqadaryo” газетхон қўлига етиб боради. Албатта, унгача ҳам яна бир қанча жараёнлар кечади. Бунда почта ҳамда матбуот тарқатувчиларнинг хизматлари катта.
- Қани, тезроқ очинг-чи, биз ҳақимизда ҳам ёзишибдими?!
Журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор.
И.КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
ЖУРНАЛИСТНИНГ10 ҚОИДАСИ:
1. Жон-жаҳдинг билан ишла!
2. Муҳими ҳақида хабар бер!
3. Режали иш тут!
4. Аниқлик билан иш юрит!
5. Ҳозир бўл ва тингла!
6. Воқеалар ривожига халал берма!
7. Нутқ маданиятини сақла!
8. Янги талқинлар ярат!
9. Хулосада бетараф бўл!
10. Замон билан баравар қадам ташла!
Эрих ФИХТЕЛИУС
Албатта, газетамизнинг бош мавзуси вилоятимиз аҳлининг ҳаёти-фаолияти, эришаётган ютуқлари,
қувончу ташвишлари. Ва биз бундан жуда мамнунмиз. Мавзуларнинг ранг-баранглигини таъминлаш, воҳамиз ҳаётини кафтдагидек
аниқ-тиниқ акслантириб бериш учун қаламимиз, диктофонларимиз ҳамиша шай.
Дарвоқе, фотоаппаратнинг объективи ҳам
Сизга қаратилган, азиз муштарий!
ТАҲРИРИЯТ
Собир Нарзиев олган суратлар.