Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

09.10.2017


“ТАБИАТГА МУҲАББАТ ЎЗ-ЎЗИНГГА ҲУРМАТ, ДЕГАНИ”

Дарстахта ёнига қайтганида гулни тепага кўтариб, болаларга кўрсатди:

- Бу қандай гул, қани, ким билади?

Болалар бараварига жавоб беришди:

- Ёввойи атиргул!

Муаллима жавобни тасдиқлади:

- Тўғри топдингиз, бу ёввойи атиргул, яъни наъматак. Ботаник номи эса “Rosa cinnamomeal”, - у сўзни тушунарли бўлиши учун дарстахтага катта-катта ҳарфлар билан ёзди. Сўнг яна савол берди: - Хўш, бу гулни қаерларда кўргансиз?

Болалар бироз жим қолишди. Сўнг бирин-кетин жавоб бера бошлашди:

- Мен Мунисаларнинг кўчасида, девор тагида ўсганини кўрганман...

- Оиламиз билан тоққа борганимизда сариқ ранглисини кўргандим...

- Тўғри, сариқ ранглиси ҳам бор ва у сен айтганинг каби тоғларда ўсади, номи эса “Федченко наъматаги” дейилади, - дея янги маълумотларни берди ўқитувчи. – Наъматак фақат чиройли гул эмас. У энг яхши, энг самарали шифобахш восита ҳамдир. Буни эшитганмисиз? Унда яхшилаб билиб олинг, бу маълумотлар сизга эртанги дарсда менга айтиб беришингиз, аъло баҳо олишингиз учунгина эмас, балки ҳаётда қўллашингиз учун ҳам керак бўлади...

Касби туманидаги 16-мактабда 26 йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаётган Ҳилола Юсупованинг ҳар бир дарси шундай ўтади. Биология фани ўқитувчиси сифатида ўзининг энг асосий вазифасини ўқувчиларда табиатга меҳр уйғотиш, уларнинг атроф-борлиқ ҳақидаги билимларини бойитиш деб билган муаллима шу мақсадига кўмак берадиган дарс усул ва услубларининг янги-янгиларини қўллашдан, машғулотдаги таянч воситалар – кўргазмали қуроллар, тарқатма материаллару гербарийлар, фотоальбом ва буклетлар тайёрлашдан сира эринмайди.

- Биологияни ҳаётдан узиб тушунтириб бўлмайди, - дейди у. – Агар болаларга ўзи ҳар куни кўрадиган ўт-ўсимликлар ёки жониворлар ҳақида содда, равон тилда тушунтирсангиз, мавзу уларнинг хотирасида мустаҳкам ўрнашади. Энг қийин мавзуни ҳам жуда осон сингдириш мумкин. Масалан, мен дала экскурсияларидан унумли фойдаланаман. Ўзимизнинг ҳудудда кўп ўсадиган ўсимликлар ёрдамида улар билан бир оила, бир туркумга хос, аммо болалар ҳали кўрмаган, бошқа узоқ ўлкалардагина учрайдиган гиёҳларни ҳам тушунтиришга, ўқувчиларда ёрқин тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қиламан.

Ўз фанини чуқур биладиган ўқитувчи учун бу қийин иш эмас. Табиат фарзанди сифатида одамзод унинг ҳар бир заррасини ўрганмоғи кераклигини, кичиклигидан атроф-муҳитга эътиборли, ўзини қуршаб турган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини яхши таниб борган болалар эртага кенг фикрли, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қиладиган етук шахс бўлиб етишишини теран англайди. Шу боис машғулот чоғида фақат дарслик билангина чекланмайди. Қўшимча адабиёт-қўлланмалар, интернет бу ишда унга кўмакчи бўлади.

- 2004-2009 йиллар давомида янги нашрдан чиққан “Ботаника”, “Биология” дарсликларини синовдан ўтказиш учун бизнинг мактабимиз ҳам тажриба-синов маскани сифатида танланди, - дейди Ҳилола Юсупова. – Беш йил давомида шу дарсликлар бўйича машғулот ўтар эканман, бу китоблар борасида айрим фикр ва таклифлар туғилди менда. Масалан, дарсликларда мавзу матнлари қисқа, суратлар кичик-кичик жойлаштирилганди. Мавзуни батафсил ўрганишлари учун ўқувчиларга бироз соддароқ, аммо кенгроқ матнлар керак, танланган суратлар эса ўқувчи дунёсига мос равишда каттароқ ва ёрқинроқ бўлиши лозим, деган тўхтамга келдим. Бу фикрларимни Республика таълим марказига ҳам билдирдим. Кейинги    нашрларда бу таклифлар инобатга олинди.

1992 йилда ҳозирги Қарши давлат университети (ўша пайтда Ҳамид Олимжон номли педагогика институти)нинг география-биология факультетини тамомлаган Ҳилола Юсупова ўзи яшайдиган туман марказидаги мактабга ишга кирди. Шунча йилдан бери шу масаканда ишлаб келаётган муаллима олийгоҳда олган билимларини йиллар давомида такомиллаштириб борди. Ўз тажрибасини туман, вилоят миқёсида ўтказиладиган ўқитувчилар семинарларида бошқа ҳамкасблари билан ўртоқлашди. Унинг биологияни ўқитишга бағишланган қизиқарли маърузалари айниқса ёш ўқитувчилар учун қимматли манбага айланди.

- Мактабимизда бугунги кунда 70 нафарга яқин ўқитувчи фаолият кўрсатаяпти, - дейди Ҳилола опа. – Мени қувонтиргани улар орасида менинг 10 дан зиёд шогирдларим борлиги. Ўқитувчи учун аслида меҳнати сингган ўқувчисининг камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Улар сенга ҳавас қилиб, шу касбни танлашганида эса ўзингни икки карра бахтли санар экансан.

Бугун ушбу масканда ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган Нигора Муқимова, Наргиза Зулфиева, Назира Тўраева каби шогирдлари ҳамиша унинг маслаҳат ва тавсияларига амал қилишади.

Ҳилола Юсупованинг ўзи эса бу касбни тасодифан танламаган. Уларнинг оиласини Касбида зиёли хонадон сифатида яхши билишади.

- Зиёли оилада туғилиб, вояга етганим – менинг бахтим, - дейди Ҳилола опа. – Отам Жўра Юсупов журналист сифатида узоқ йиллар тумандаги “Садоқат” газетасида бош муҳаррирлик қилган. Шунинг учунми, уйимизда китобнинг қадри бошқача, даврий нашрлар доим ўқиб бориларди. Онам Зумрад Ибрагимова бошланғич синф ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси бўлган. Оилада  7 фарзанд бўлсак, ҳаммамиз олий маълумотли. Укаларим бошқа касбларда фаолият кўрсатишса-да, биз 4 опа-сингил онамнинг касбини танладик. Уйда дафтар текширишлари, конспект ёзишларини кўриб улғайганмиз, кўчада юрганларида ҳамма у кишига муаллим ё домла деб мурожаат қилиши бизда ҳам ғурур, ҳам ҳавас уйғотган.

Ҳилола опанинг айтишича, бугун 96 ёшни қаршилаган момоси – Шарофат Раҳимова ҳам ўқитувчи бўлиб, унинг фаолияти уруш йилларига тўғри келган экан.

- Момомнинг ўша йиллар ҳақидаги ҳикояларини тинглаганимда, ҳар гал шундай дориломон замонда яшаётганимдан, барча шароитлари етарли бўлган таълим масканларида ишлаётганимдан шукроналик ҳиссини туяман, - дейди Ҳилола опа. – Айниқса, қилган озгина меҳнатингнинг қадри осмон қадар кўтарилиб, юксак баҳоланса, ўзингни жуда-жуда бахтиёр сезар экансан. Яқиндагина Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бир гуруҳ ҳамкасбларим сафида мен ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Бу юксак мукофотни оқлаш учун янада куч-ғайрат билан ишлайман энди.

Ўқитувчилик – улуғ вазифа. Шу ишни сидқидилдан адо этиб келаётган, эл ардоғи, шогирдлари эътирофи ва меҳрига сазовор бўлаётган устозларимиз сони ошаверсин.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo