Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Комил ЯКУБОВ

05.06.2020


ТАБИАТНИ АСРАСАНГ, У СЕНИ СИЙЛАЙДИ

5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

Атроф-муҳит ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5,5 миллион киши вафот этади. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилмоқда. Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш, жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида 1972 йил 5 июнда Стокгольм шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экологик масалаларга бағишланган конференциясида Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинади. Шундан буён ҳар йили дунё   миқёсида 5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади.

Шу ҳолда ҳам рақамлар камаймаётгани табиат муҳофазасида ҳали камчилик ва муаммолар кўплигини кўрсатади.

Маълумки, ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари сифатида заводлар, автомобиллардан чиқаётган газлар кўрилади. Кўмир ва ўтинлардан чиққан тутунлар ҳам узоқ муддат ҳавода ушлаб қолинади. Бу ҳам инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради.

Шу сабабли вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида ҳам экологик аҳволни соғломлаштириш мақсадида аниқ йўналишга эга "тоза ҳаво" тадбирини кучайтириш зарур. Чунки атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи транспорт воситаларининг ҳиссаси ҳозирги кунда 60-65 фоизни ташкил қилади. 

Тараққиёт илдамлагани сари инсоннинг табиатга кўрсатаётган таъсири ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархига тенг миқдорда атроф-муҳитга зарар етказиб ишлаётган корхоналарни учратиш мумкин. Қизиғи, ушбу корхоналарда доимо ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нархи белгиланадию, лекин заҳарланган 1 метр куб соф ҳавонинг ёки тупроқнинг нархи айтилмайди.

Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитларсиз фаолият кўрсатиб бўлмайди. Лекин бу ҳам инсон саломатлиги учун зарарлидир. Фабрика ва заводлар катта миқдорда кукун чиқиндилари ва бошқа хилдаги заҳарли моддаларни  атмосфера ҳавосига чиқариши сабабли табиатнинг мувозанат қонунияти бузилмоқда.

Атроф-муҳит тозалиги, албатта, бу умумхалқ иши. Шунинг учун санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда халқаро "Экосан" жамғармаси ходимлари экологик вазиятни бирмунча бўлса-да, яхшилашга, мамлакатимизнинг барча вилоятларида, айниқса Орол денгизи фожиаси туфайли Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти аҳолисининг соғлиғини тиклаш борасида саломатлик  поездлари ташкил этишмоқда. Ҳудудлардаги экологик вазиятни бирмунча юмшатиш мақсадида ҳар йили икки марта дори-дармонлар ортилган карвонлар вилоятларга юборилиб, тиббий кўриклар ўтказилаётир. 

Табиат мўъжизаси ҳисобланмиш инсон баъзида аниқ мақсад ва амалий ишлар билан шунчалик банд бўлаяптики, у табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканлигини эсдан чиқариб қўймоқда. Ҳар биримиз қилаётган ишимиз билан табиатга зарар етказиб қўймаслигимизга ишонч ҳосил қилайлик. Шох-шаббаларни ёқишдан аввал ўйлаб кўрайлик. Ўз соғлиғимиз ёмонлашишига ўзимиз сабабчи бўлмаяпмизми? Ахир айтадиларку, "Сен табиатни асрасанг, табиат сени сийлайди", деб.

Комил ЯКУБОВ,

Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходими

Report typo