Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан самарали фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар экологик хавфсизликнинг асоси ҳисобланиб, бу масалаларни ҳал қилишда Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг Сайловолди дастурида аниқ мақсадларни ўз олдига вазифа қилиб қўймоқда.
"Табиат учун бирлашайлик" шиори остида партиямиз мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини, экологик хавфсизлигини таъминлашга ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, экологик масалаларни ҳал этиш нафақат давлатнинг вазифаси, балки жамиятнинг ҳамда ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлишига эришиш мақсадида аниқ ва амалий таклифларни, ҳаётий ташаббусларни илгари сурмоқда.
Сув ресурсларини бошқариш: мақсад сари ҳал қилувчи ғоялар ва амалий қадамлар
Жаҳон банкининг таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб километрдан 62-63 куб километргача ошади ва мавжуд сув ресурслари сезиларли даражада камаяди. Бундай вазиятда фақат сувдан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик чораларининг ўзи камлик қилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, мамлакатимиз сув ресурсларининг асосий манбаи бўлган иккита йирик дарё - Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, бутун Марказий Осиё бўйича аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизгача камайиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.
Сайловолди дастурида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб бориш таклиф этилмоқда. Жумладан, янги сув ҳавзаларини барпо этиш ва сувни барқарор бошқариш учун ирригация тизимларини ривожлантириш чоралари таклиф этилмоқда.
Экопартиянинг ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш дастурини ишлаб чиқиш, 2025 йилдан қурилиш майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй, бино ва объектларда ёмғир сувларини йиғиш тартибини жорий этиш, ёмғир сувидан фойдаланишни давлат томонидан рағбатлантириш механизмлари ва давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш бўйича таклифлари ўта муҳим ҳисобланиб, хорижий давлатлар амалиётида ҳам ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Жумладан, Туркияда 2 минг квадрат метрдан ортиқ кўп қаватли уйлар ҳамда янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш тартиби белгиланган. Германияда Франкфурт аэропортида йиғилган ёмғир суви аэропортнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудудларининг 60 фоизини суғориш ва техник сув ўрнини қоплаш имконини беради.
Ҳудудларда ёмғир сувларидан фойдаланган ҳолда кичик яшил майдонлар ва боғлар барпо этиш ишларини ташкил этиш ва бунда, турар жойлар ва шахсий хўжаликларини ёмғир сувларини йиғиш ҳамда ундан фойдаланиш қурилмалари билан жиҳозлаган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш мамлакатда "яшил майдон"ларни сезиларли кўпайтиришга, уларни барқарор сақлашга хизмат қилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший соҳада фойдаланилган оқова ва чиқинди сувларни тозалаб, қайта фойдаланишга киритиш (re-use) чораларини кўриш ўз навбатида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, сувни бекор сарфланишининг олдини олади. Партия гидрогеологик тадқиқотлар асосида ер ости сувларидан самарали фойдаланган ҳолда лалмикор деҳқончиликни ривожлантиришни мамлакатда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим тадбирлардан бири деб ҳисоблайди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадларида янги қурилаётган кўп қаватли турар жойларда ичимлик ва хўжалик мақсадларида фойдаланиладиган сувларни алоҳида-алоҳида қувурларда етказиб берилишини ташкил этиш аҳолининг ичимлик ва суғоришга мўлжалланган сувдан оқилона фойдаланиш ва сув ресурслари ҳисобини юритишда муҳим ҳисобланади.
Ер ресурлари муҳофазаси ва чўлланишга қарши кураш чораларини кучайтириш
Бугунги кунда ерларнинг деградацияси, чўлланиш жараёнлари дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларига таҳдид солмоқда. Ачинарлиси, бу кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб, табиатдан аёвсиз фойдаланиш оқибатида юзага келган сув ва шамол эрозияси чўлланиш жараёнларини янада тезлаштирмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, республикамиз ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 миллион гектари табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўронлар ва гармселлар тарқалиши таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Қарийб 10 миллион гектар яйловлар тубдан яхшиланишга муҳтож.
Мамлакатимизда ер сифатининг муҳим кўрсаткичи бўлган тупроқ унумдорлигини оширишга йўналтирилган чоралар кўрилишига қарамасдан унумдорлик йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Жумладан, республикада ўртача тупроқ унумдорлиги 1991 йилда 58 баллни ташкил этган бир вақтда ушбу кўрсаткич, 2001 йилда 55 баллни, 2021 йилда эса 53,7 баллни ташкил этган.
Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатдаги қишлоқ хўжалигида суғориладиган майдонлардан янада самарали фойдаланиш, фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш ер ресурслардан самарали фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. Бунда, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ерларни экишга тайёрлашда ресурс ва энергия тежамкор, экологияга безарар бўлган "No-TiLL" (ерга минимал ишлов бериш) каби инновацион технологияларни кенг жорий этиш таклифини илгари суради.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш - энг глобал муаммолардан бири
Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг Сайловолди дастурида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, озон қатламининг емирилиши, иссиқхона газларини нормадан ортиқ чиқарилишининг олдини олиш ва бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқ белгилаш мақсадида замонавий халқаро стандартларга жавоб берувчи янги таҳрирдаги "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суради. Бунда, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи имтиёзларни бекор қилишнинг ҳуқуқий асосларини ҳам белгилаб ўтиш назарда тутилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ўнтадан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас оляпти. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшамоқда. Йилига 8 миллион киши ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши натижасида вафот этмоқда. Айниқса, Осиё ва Африка қитъаси мамлакатлари бу кўрсаткич бўйича юқори ўринларда туради.
Эколог олимларнинг хулосаларига кўра, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш, авваламбор, "яшил боғ" ва "яшил белбоғ"лар яратиш ва экологик тоза транспорт турларидан фойдаланишни рағбатлантириш, жамоат транспорти жозибадорлигини оширишни талаб этади. Қолаверса, ёқилғи сифатига эътибор қаратиш, анъанавий углеводород ёқилғиларидан муқобил ёқилғи турларига ўтиш, "яшил" энергетикани кенг жорий этиш тадбирларини амалга ошириш зарур.
Яшил ўсимликлар шаҳарлар микроиқлимини ҳам яхшилайди. Дарахтлар иссиқ пайтларда атмосферага кўп миқдордаги сув буғи чиқариб, кундуз кунлари ҳавонинг намлигини 20-30 фоизга оширади, ҳароратни эса бир неча даража пасайтиради.
Шунинг учун ҳам партиямиз қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилишни таклиф этмоқда. Чунки айрим қурувчи-тадбиркорлар томонидан уй-жойларни қуришда қонунчилик талабларига риоя қилинмасдан, ноқонуний йўллар билан кўплаб дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатлари учрамоқда.
2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлаш ташаббуси аҳолимиз соғлиғини муҳофаза қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қулай атроф-муҳит яратишда ҳамда мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш йўлида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловларини 10 баробаргача ошириш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш мақсади ҳам партия дастурининг айни бугунги кун учун нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, партиянинг Сайловолди дастуридаги қум ва туз бўронлари кўтарилиши хавфи юқори бўлган ҳудудлар хариталарини ишлаб чиқиш, бу жойларда давлат дастурлари асосида иҳотазорлар, яшил қопламалар барпо этилишига эришиш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналар фаолиятини экологик талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш тартиби жорий этилиши атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.
Биологик ресурслар муҳофазасида креатив ёндашувлар зарур
Экологик партия томонидан мамлакатимизнинг ўзига хос ноёб биологик хилма-хиллиги ишончли сақланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилган ўсимликлардан фойдаланишга ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга муддатсиз мораторий эълон қилиш юзасидан билдирилган муҳим таклифларни эътироф этиш мумкин.
Мамлакатимизда ҳудудида 4500 га яқин юксак ёввойи ўсимлик ва 2000 дан зиёд замбуруғ турлари, фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 714 тури, умуртқасиз ҳайвонларнинг эса 15 мингдан ортиқ турлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон "Қизил китоб"ига ноёб ва йўқолиб кетиш арафасида бўлган 203 турдаги ёввойи ҳайвонлар ҳамда 313 турдаги ёввойи ўсимликлар киритилган. Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш, уларни табиатдан олиш учун квота миқдори талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда кўпайиб бормоқда.
Партиямиз, бугунги кунда ёши катта дарахт ва буталарни бошқа жойга кўчириб ўтқазиш оқибатида улар шикастланиши ва қуриб қолиши ҳолатларининг ошиб бораётганини ҳисобга олиб, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишни тақиқлаш тарафдори. Шунингдек, ўраб олинган қурилиш майдонларидаги дарахтлар турли усулларда қасддан қуритилаётгани сабаб қурилиш объектларидаги мавжуд кўкариб турган кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш ҳамда дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонлари қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш ташаббусини илгари суради.
Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг Сайловолди дастури билан табиий ресурсларни асраш ва улардан оқилона фойдаланишни бош мақсадлардан бири деб ҳисоблайди ҳамда она табиатга бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизни ушбу эзгу мақсад атрофида бирлашишга чақиради!
Ўзбекистон Экологик партиясига, партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!
Наврўзбек ЮСУПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ноиба ИНОЯТОВА,
Экологик партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзод