Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

18.10.2018


ТАБИИЙ ШАРБАТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲАЖМИ ОРТАДИ

Жорий йилда ҳам воҳамиз боғбону деҳқонлари томонидан катта миқдорда қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари етиштирилиб, унинг асосий қисми аҳоли эҳтиёжини қоплашга ҳамда экспортга йўналтирилмоқда. Айни кунларда эса ғарқ пишган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига юбориш ишлари ҳам авжида. Қарши шаҳридаги “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли, бундан икки йил аввал Яккабоғ туманида барпо қилинган заводда ҳам хом ашёни қайта ишлашга яқиндан киришилди. Мавсум бошланганидан буён ушбу объектда ўрнатилган замонавий технология асосида мева-сабзавотдан 74 тонна табиий шарбат тайёрлашга улгурилди.

- Цехимизда соатига 2 тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш имкони мавжуд, - дейди корхона раҳбари Анзур Нормуродов. - Бу қувватдан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Узлуксиз хом ашё етказиб бериш чораси кўрилган. Аввалига фақат олмадан табиий шарбат тайёрлаган бўлсак, эндиликда маҳсулотимиз тури янада кўпайди. Сабзи-олма, сабзи-олма-қовоқ, олма-қовоқ каби мева-сабзавот комбинациясидан ҳам ажойиб шарбат ишлаб чиқараяпмиз. Шарбат хом ашё сувини бевосита сиқиб олиш натижасида тайёрланади. Яъни бунда ҳеч бир қўшимча ишлатилмайди.  Олинган суюқлик маълум ҳароратда қиздирилади. Шу тариқа шарбат таркибида мева ва сабзавотнинг табиий хусусиятлари сақланиб қолишига эришилади. Ҳозирда тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланмоқда.

Тадбиркорнинг айтишича, айни пайтда табиий шарбат ички бозорга чиқарилаяпти, холос. Уни хорижга экспорт қилиш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда. Шунингдек, бошқа мева-чеваларни ҳам қайта ишлашни ўзлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда Италиядан қиймати 1 миллион 300 минг еврога тенг ускуналар келтирилмоқда. Келгусида янги линияни муваффақиятли ишга тушириб, узум, анор сингари тотли мевалардан шарбат олиш, бундан  ташқари, пюре ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

Маълум бўлишича, завод ҳозирги қувват билан ҳам ойига 500 тоннадан зиёд мева-сабзавотни қайта ишлаши керак. Янгиси ишга туширилса, хом ашёга эҳтиёж бундан-да кўпайиши табиий. Корхона қошида ташкил этилган 20 гектар интенсив боғдан териб олинадиган ҳосил эса бунга етмайди. Мавжуд талаб ҳудуддаги боғбонлардан харид қилинадиган маҳсулот эвазига бир қадар қопланади. Аҳамиятлиси, ишбилармон бу борада имкон қадар ўз ички ресурсларига таянмоқчи.

Рўёбга чиқарилаётган янги лойиҳа шунга кенг шароит ҳозирлайди. Қўшимча равишда 200 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилмоқда. 714 минг дона серҳосил олма кўчатлари ўтқазилади. Боғ Туркиядан олиб келинган, қиймати 1 миллион 200 минг АҚШ долларига баҳоланган замонавий томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозланади. Ниҳолларни суғориш билан боғлиқ барча жараён   компьютерлашган ҳолда амалга оширилади. Боғдорчилик ишларини бажариш учун 40 та махсус техника ҳам сотиб олинган. Тадбиркорнинг ушбу сармоявий ташаббуси натижасида 100 га яқин доимий, 250 мавсумий иш ўрни яратилади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo