Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

26.07.2018


ТАДБИРКОР ИШИГА НИМА ЁКИ КИМ ТЎСИҚ БЎЛЯПТИ?

Бордик, учрашдик ҳам. Аммо... Биз кўрган манзара, ишбилармоннинг ҳикояси дилни хира қилди. Катта майдонга олхўри ёйиб чиқилган. Мева тупроққа беланган. Экспортга мўлжалланган маҳсулот шу эди, дея индаллосини айтди тадбиркор. Пишиқчилик маҳали туман ҳокимлигидан мутасаддилар келиб, унга маҳсулотни хорижга сотишда кўмаклашишга ваъда беришган. (Негаки ҳар бир ҳудудда экспорт прогнози деган нарса бор. Уни бажариши керак. Масъулларнинг жон куйдириши сабаби ҳам шундан.) Мазкур таклиф ишбилармонга ҳам маъқул келган. Биринчи марта бўлгани учун у ҳам экспорт фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш билдирган.

Шундан сўнг боғда пишиб етилган ноз-неъматни йиғиб олишга киришилган, ишчи ёлланган. Маълумки, дарахтда кўп турса ҳам, мева асл сифатини йўқотади. Акс ҳолда уни ташқи бозор тугул, ички бозорда сотиш ҳам осон бўлмайди. Анча-мунча ҳосил кўтарилган. Айтилган вақт ўтаётган бўлса-да, маҳсулотга хориждан харидор топилавермаган. Бундан хавотирга тушган тадбиркор мевага путур етмасиданоқ аҳолига, бозорга чиқариб сотмоқчи бўлган. Унинг ниятидан воқиф бўлган масъуллар эса бунга “рухсат беришмаган”. Натижа нима бўлди, дерсиз. Меванинг сархиллиги йўқолаётганини кўрган тадбиркор ҳосилнинг бир қисмини совутиш омборига жойлаштирган, сиғмаганини ерга сочиб қуритишга мажбур бўлган. Шу сабаб бўлиб ишбилармон анча харажатга тушганини гапирганди. Биз ҳам хуноб бўлиб қайтгандик.

“ҚАЧОНГАЧА МАҚТАБ ЁЗАСИЗ?”

Кимдир эътироз билдириши ҳам мумкин, юртимизда тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида катта ишлар қилинаяпти, деб. Тўғри, аслида ҳам шундай. Соҳага доир қабул қилинаётган қарор ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам барчаси очиқ-ойдин белгиланган. Ишбилармон фаолиятига асоссиз аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Акс ҳолда унинг бу қилмиши давлат сиёсатига хиёнат сифатида баҳоланади. Президентимиз ҳам буни бот-бот такрорлаяпти. Ушбу чақириқ хусусий сектор вакилларига катта умид, мутасаддиларга эса огоҳлантириш сигналидек таъсир қилмоқда.

Бироқ баъзан у ёки бу кўринишда бўлса-да, тадбиркор ишига тўсқинлик қилиш ҳолати кўзга ташланмоқда. Мисол учун, жорий йил май ойининг охирги ўн кунлигида республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш якунлари ҳам мавжуд аҳволни акс эттиргандек бўлди. Учрашувларда ишбилармонлар томонидан кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар салмоқдорлиги бўйича вилоятимиз ҳам етакчилар қаторида эслаб ўтилди. Муаммоларнинг асосий қисми бўш турган бино-иншоотларни “ноль” қийматда олиш, аукцион савдоларида иштирок этиш, ер ажратилиши, банк-молия, кредит, гаров таъминоти, хом ашё ресурсларини сотиб олиш, биржа савдоларида иштирок этиш каби соҳаларга тааллуқли. Афсуски, қонунбузарлик, мансаб вазифасини суиистеъмол қилиш, маҳаллийчилик, тамагирлик ва коррупция ҳолатлари борлиги ҳам қайд этилган.

Шуниси қизиқки, ҳеч қаерда, ҳеч бир ташкилот томонидан бу бўйича айнан мисоллар келтирилмади, ҳатто тегишли ишчи гуруҳ аъзоси саналган Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам воҳамиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига айнан кимлар тўсқинлик қилаётгани ҳақида маълумот тақдим этмади, чиқиш ҳам қилмади. Ўрганиш натижалари қандай бўлгани, тадбиркорнинг муаммоси қай йўсинда ҳал этилганидан бехабар қолдик. Шу жиҳат бизни бу мавзуга жиддий қўл уришга ундади. Қолаверса, тадбиркорлар томонидан билдирилган танбеҳлар ҳам бунга сабаб бўлди. “Қачонгача мақтаб ёзасиз, бизни қийнаётган масалани ҳам олиб чиқинг”, деганлари кўп бўлган. Фақат ўзини, корхонаси номини тилга олмасликни қатъий сўрашгани боис ушбу ишга иштиёқимиз сўнган. Табиийки, улар ҳам эртасини ўйлайди, масъуллар билан очиқча “сан-манга” боришни исташмайди.

ОДАМЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАДБИРКОР ҚИЛАМИЗ?

Яқинда бўлган бир воқеа ҳам қатъиятимни оширди. Ўшанда тадбиркорлар иштирокида бир кўрик-танловнинг вилоят босқичи ўтказилди. Айни соҳани ёритишга ихтисослашганим учун мазкур имкониятни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилдим. Тадбирда қатнашиб, иштирокчилар фаолияти билан танишдик. Танловнинг кўргазма қисмида Нишон туманилик Г.Йўлдошеванинг ишларига қизиқиб қолдим. Ишлаб чиқараётган маҳсулотлари бежирим, ҳар ҳолда янгилик яратишга ҳаракат қилган. Биринчи саволим шу бўлди: Тадбиркорлик субъектингизнинг номи нима? Аёл жавоб беришга қийналди. Билсам, бизнес билан уй шароитида шуғулланаркан, ҳунарини бир қанча хотин-қизга ҳам ўргатган. Давлат рўйхатидан ўтмаган.

Ноқонуний тадбиркорлик қилишдан манфаатдор экан-да, дея хулоса қилишга шошилманг. Аввало иши яхшилиги учун ҳам ташкилотчилар уни танловга олиб келишган. Иккинчидан эса муаммосига шу ерда ечим топилар, деган умид бор бўлган. Тўлақонли бизнес юритай, иш ўрни яратай, деса қўли калталик қилади. Молиявий кўмакка эҳтиёжманд. “Ука, журналист экансиз, банкдан кредит ололмаяпман. Гаровга ҳеч нимам йўқ. Шунга ўз ишимни кўрсатай деб келгандим”, дея илинж билан сўз қотгани ҳам шундан. Ёрдам бергим келди, билганимча, йўлларини тушунтирдим. Аммо у бу босқичдан ҳам ўтган экан. Ҳокимга мурожаат қилган, фуқаролар йиғинига борган. Олмоқчи бўлган маблағи ҳам у қадар катта эмас – 10 миллион сўм бўлса, ишини гуллатар экан. Ҳеч ким кафил бўлишга журъат билдирмабди.

Бугун тадбиркор бўлиш истагида бўлган, дастлабки сармоя йўқлиги учун бизнес бошлай олмаётган киши кам, дейсизми? Худди шундай муаммоси бўлган кўп одамни учратганман. Нега маҳалла фуқаролар йиғини каби тузилма ҳамда ҳудудлардаги тўртта сектор раҳбари кафил бўлиш ваколатига эга бўлган бир вақтда бундан фойдаланмайди ёки масъулиятни ўз зиммасига олишдан, жавобгар бўлиб қолишдан қўрқишадими?

Кўраяпмизки, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат аҳолини бой қилиш, турмушини янада фаровонлаштиришга қаратилган. Шу маънода жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш бошланди. Хўш, ҳозир ўзи ташаббус кўрсатаётган, уқуви бўлган кишини кўнгилдагидек қўллаб-қувватлай олмасак, биз бошқаларни ишбилармонликка қандай ўргатмоқчимиз?

Яна бир мулоҳаза. Юртимиздаги тижорат банклари мижоз учун курашмай қўйганига ҳам анча бўлган. Улар ўртасида рақобат йўқ ҳисоби. Ҳужжати жойида бўлганни ҳам анча овораи сарсон қилишганига кўп гувоҳмиз. Эшитганим бор. Япониядаги ушбу молия муассасалари шунчалик тиришса ҳамки, кредит олишга талабгор кўпда топилмаскан. Албатта, бу эҳтиёжнинг йўқлигидан эмас, тизимда рақобат муҳити кучли эканидан.

ТУМАН БЮДЖЕТИ ҚАНДАЙ КЎПАЯДИ?

Ўз оёғи билан келган омадни эшикдан ҳайдаб солган одамни эшитганмисиз? Ҳаётда шунақаси ҳам бўларкан. Ўтган йили бир туманда йирик истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилиши лозим эди. Фаолият ихтисослиги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириб, экспортга чиқаришга қаратилганди. Асосий ташаббускор сифатида эса йирик бир компания чиққанди. У молиявий бақувват, соҳада катта тажрибага эга экани ҳақида қулоғимга чалинганди. Лойиҳа доирасидаги ишлар қандай кетаётгани билан қизиқдим. Компаниянинг вилоятдаги вакили билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

У кўплаб режаларни бажариш кўзланаётгани, лойиҳа босқичлари ҳақида маълумот берди. Воҳамиз қишлоқ хўжалиги учун ноодатий саналган экинлар етиштириш мақсад қилинган. Яратиладиган иш ўрни эса 1000 тага етиши керак эди. Хорижга маҳсулот сотиш ҳисобидан келадиган валюта эса ҳудуд экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши турган гап эди.

Аввалдан шуни алоҳида таъкидлашим керакки, ҳақиқий тадбиркор ҳадеб муаммо кўтаришни, нолийверишни ўзига эп билмайди. Даставвал масалани ўз кучи билан ҳал этишга уриниб кўради. Илож топмасагина, бунга кўзи етмасагина дардиҳол этади. Компания вакили ҳам ишлар яхши бораётганини айта туриб, гап орасида қистириб ўтди: “Айрим масалаларда қийналиб қолдик, шуни уддаласак, ишимиз тезлашиб кетарди. Вазиятни туман ҳокимлиги масъулига тушунтирсак, ундан “ўз кунингни ўзинг кўравер” қабилида жавоб олдик”. Негадир бунга ишонмадим, тадбиркорнинг инжиқлигига йўйдим. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай аксига гувоҳ бўлдим. Ҳалиги тадбиркорлик субъекти ўша туманга “сиғмади”ми ё ишбилармон бундай муҳитда ишлашга кўнмадими, хуллас, кўч-кўронию лойиҳасини ҳам олиб бошқа туманга ўтди. Ер ҳам олди, ҳозиргача икки-уч марта маҳсулот етиштириб, чет эл мамлакатларига жўнатишга ҳам улгурди.

Бу тадбиркорни ўзида олиб қола билмай, ўша маҳаллий маъмурият нима йўқотганини сиз ҳам сездингиз чамамда. Биринчи навбатда йирик солиқ тўловчисидан айрилди. Қанча одамни доимий даромад манбаидан маҳрум қилди. Экспорт кўрсаткичини яхшилаш имкониятини қўлдан бой берди. Ҳозир ҳамма тушунса, билса керак, маҳаллий давлат ҳокимияти нима ҳисобидан “кун кўриши”, ҳудудни ривожлантиришга қодир бўлиши, обод қилишини. Барчаси бюджетга тушадиган даромадга боғлиқ. Бюджетни камомад билан якунласа, субвенция билан дотацияга куни қолади. Аҳамиятлиси, ҳукуматимиз жойларда тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш эвазига туман ғазнасини бойитишни асосий вазифа қилиб қўйди. Бундан нима фойда бор, дейсизми? Агар муайян ҳудуддаги бошқарув органи молиявий бақувват бўлса, маҳаллангиздаги чала ётган йўл тезроқ битади, эҳтиёжмандларга ижтимоий кўмак кўрсатиш имкони ошади, янги ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилади. Мана нима учун керак тадбиркорлар?!

НЕГА МУКАММАЛ ТИЗИМ ЙЎҚ?

Бироз илгари вилоятимизда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида янги механизм йўлга қўйилганидан хурсанд бўлгандик. Ҳафтанинг маълум кунида ўтказиладиган ушбу учрашувларга ишбилармонлар билан бирга аниқ бир соҳага масъул мутасаддилар ҳам жалб этилар, муаммоларнинг ечим топиши самарадорлиги ҳам юқори бўлаётганди. Аммо бу мулоқот тўхтаб қолди (балки қуйи даражада, туманлар миқёсида бўлаётгандир, лекин натижаси сезилмаяпти). Таъсирчанлик йўқолди.

Эслатиш жоиз, тадбиркорлар муаммоларини ўрганишнинг Тошкент вилояти тажрибаси юртимиз бўйлаб оммалаштирилиши керак эди. Бироқ бу бўйича бизда айнан қандай аниқ ишлар қилинаётгани ҳам мавҳумлигича қолмоқда (Ҳали бу тажриба вилоятимиз миқёсида бирор жойда тилга олинмади ҳам, оқибатда унинг асл мазмун-моҳияти нимадан иборат экани амалда ўз ифодасини топмаяпти). Ҳудудлардаги сектор раҳбарлари томонидан ҳам тадбиркорлар учун ойда бир марта очиқ эшиклар куни ташкил этиш белгиланган, аммо бунга тўла риоя қилинаяпти, деб ҳам бўлмайди.

Муаммоси бўладими ё йўқ, вилоятимиз шароитида барибир шундай бир мукаммал тизим керакки, тадбиркор унга суяна олсин, масаласини билдирсин. Шунда маҳаллий ҳокимият ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқот кўприги янада мустаҳкам бўлади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 

 

 

 

 

Report typo