Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

20.10.2018


ТАДБИРКОР УЧУН МУАММО ЯРАТИШДАН КИМ МАНФААТДОР?

Мисол учун, банк кредит тақдим этишни, ҳокимлик ер майдони ажратишни, таъминот корхонаси тадбиркорлик субъектини муҳандислик-коммуникация тармоғига улашни пайсалга солади.  Кимдир бундай сусткашликка совуққонлик, эътиборсизлик сабаб, бошқаси асоссиз важлар (масалан, ортиқча қоғозбозлик) билан йўл қўяди.

Табиийки, бу ҳолат, тўсиқлар ўша ҳудудда тадбиркорлик ривожини секинлаштиради. Ишбилармонларнинг сармоявий фаоллиги йўқола боради. Бизнеси олға юришига ишонмаган тадбиркордан яна нима ҳам кутиш мумкин?! Ўз-ўзидан ҳудудга инвестиция кириб келиши қисқаради. Натижада маҳаллий бюджетга тушум камаяди, ишсизлик ортади. Турган гапки, бу бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати, мазмун-моҳиятига буткул зиддир. Шу боис жойларда ишларни тўғри йўлга қўйиш, масъулларнинг жавобгарлигини кучайтириш, тадбиркор муаммосига самарали ечим топишнинг таъсирчан чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга янада кенгроқ замин ҳозирлади.

Мазкур ҳужжатга асосан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ташкил этилди. Ҳар бир гуруҳга республика тузилмалари, вилоят даражасидаги ташкилот ва идоралар вакиллари бириктирилди. Улар зиммасига эса тадбиркорларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва жойида ҳал этиш вазифаси юклатилган. Бундан кўзланган мақсад эса ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва  бошқа инфратузилмадан самарали ва оқилона фойдаланишдан иборатдир.

Аҳамиятлиси, ҳеч қанча вақт ўтмай вилоятимизда мазкур қарор ижросини таъминлашга киришилганди.  Дарҳол ҳудудий ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлаб юборди. Гуруҳ ишини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилиш мақсадида вилоят ҳокимлигида штаб тузилди. Тадбиркорларнинг ҳал этилмай келаётган масалаларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди.

Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жорий йил 12 сентябрдан 14 октябрга қадар воҳамизнинг туман ва шаҳарларида тадбиркорлик лойиҳа ва ташаббуслари ижроси ҳолати бевосита жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди. Тегишли штаб томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, бу муддат давомида жами 283 та муаммо аниқланган. Ҳозиргача эса уларнинг 147 таси (52 фоизи) ижобий ҳал этилган.

Мавжуд муаммоларни соҳалар бўйича таҳлил этадиган бўлсак, қуйидаги ҳолат гавдаланади. Хўш, ишбилармонларни энг кўп қийнаган нарса нима? Бугунги кунда уларни тижорат банклари фаолияти ҳеч бир қониқтирмаслиги аниқ. Чунки аксарият тадбиркорлар ўз бизнес-ташаббусини ҳаётга татбиқ этишда биринчи галда ушбу молия муассасалари кўмагига кўз тиккан. Бироқ зарур миқдордаги кредитни ўз вақтида ололмаган. Мурожаатларнинг 79 таси айнан шу масалага тааллуқли экани ҳам кўп нарсани айтиб турибди. Ҳозирча 43 та ҳолатда бу борада хусусий сектор вакиллари фойдасига иш кўрилган.

Корхона қуриш, муайян ишлаб чиқариш фаолиятини ишга тушириш учун аввало ер керак. Маълумки, умумий майдони 1 гектаргача бўлган ерни фақат танлов асосида олиш мумкин. Ундан кўпи эса маҳаллий ҳокимлик қарори билан тақдим этилади. Ўтган бир ойдан ошиқ вақт мобайнида ишчи гуруҳига 63 ҳолатда тадбиркорлар айнан ер ажратиш бўйича ёрдам сўраб юзланган. 19 та мурожаат эса жойида қаноатлантирилган. Хулоса, рухсатнома бериш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш борасидаги ишларни ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. 29 ҳолатда (16 таси ечим топган) воҳамиздаги тадбиркорлар шу масалада қийинчиликка дуч келган. Коммуникация тармоқларига уланиш билан боғлиқ 17 муаммонинг қарийб 90 фоизи қониқарли ечим топган.

Шу ўринда аниқ мисолларга ҳам мурожаат этсак. Касби туманидаги “Саидазимхон” масъулияти чекланган жамияти вакиллари ҳудудда  замонавий иссиқхона ташкил этишга хоҳиш билдирган.  Албатта, бунда чет эл технологиясидан фойдаланишни кўзлашган. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун эса катта маблағ талаб этилган. Тадбиркорнинг қурби етмагани боис тижорат банкидан ёрдам сўраган. Ҳужжатлари жойида бўлса-да, анчадан бери чиқмай турган кредит ишчи гуруғи аралашуви билан тадбиркорга берилди.           9 октябрь куни “Ўзсаноатқурилишбанк” ҳудудий филиали томонидан ушбу субъектга 488 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши таъминланди.

Китоб туманидаги “Интер мега бизнес” хусусий корхонаси эса ҳудудда яқинда барпо этилган кичик саноат зонасидан жой олганди. Бу ерда замонавий саноат ишлаб чиқариши йўлга қўйиш белгиланган. Технологик ускуналарни сотиб олиш учун мўлжалланган кредит эса кечиккан. Тадбиркор билан мулоқот давомида унинг кредитни қайтаришга қодирлиги, қолаверса, у илгари сурган лойиҳанинг аҳамияти эътиборга олиниб, муаммога ечим берилди. 17 сентябрь куни “Халқ банки”  филиали томонидан ушбу мақсад учун 440 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак ажратилди.

Шунингдек, Қамаши туманида куркачиликни ривожлантиришни кўзда тутувчи лойиҳа учун замонавий паррандачилик мажмуаси бунёд этиб, хориждан наслдор куркалар олиб келишни мақсад қилган “Азза парранда” МЧЖга ҳам амалий кўмак кўрсатилди. Ҳудудий таъминот корхонаси ва субъект ўртасида 12 километр масофадан газ тармоғи тортиб келиш бўйича шартнома тузилди. Тармоқнинг монтаж ишлари бошланган. Шу туманда гидропоника усулида кореялик мутахассислар ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришга бел боғлаган “Комфортабел бизнес” МЧЖ муаммоси ҳам ечим топди. Унга  6,5 гектар ер майдони ажратилиши бўйича туман ҳокими қарори берилди.

Муборак туманидаги “Спонта Сулфур” МЧЖ вакиллари ҳам бир дарддан қутулди. Кўпдан бери жойдан қийналган тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам кўрсатилди. Корхона ҳудудда жойлашган, бўш турган бино-иншоотдан ижара асосида узоқ муддат фойдаланиш имконига эга бўлди.

Қарши шаҳридаги “Вилоят кооперация қурилиш материаллари таъминоти” МЧЖ ўзи таклиф этган ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида мулкни гаровга тақдим этишни кўзлаганди. Бунинг учун Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси розилиги керак эди. Ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишидан кейин масала тадбиркор манфаатига ҳал этилди.

Чироқчи туманидаги “Автомобилчи ММТП” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун узлуксиз электр энергияси таъминоти зарур. Шу кунгача масъуллар қўл силтаб келган бу ҳолатга ҳам тезда чора топилди.

Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган бошқа муаммоларнинг ҳам ишбилармонлар фойдасига ечилиши чоралари кўрилмоқда. Бинобарин, тадбиркор бош оғриғидан халос бўлса, унинг фаолиятига бирор қийинчилик хавф солмаса, фаол ташаббус кўрсатиб ишлайди. Улар томонидан илгари сурилган инвестициявий лойиҳалар рўёби ҳам жадаллашади. Жойларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожи, ишбилармон муҳити яхшиланиши ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ этишида ҳам ўз аксини топади. Бироқ, битадиган ишларни кимнингдир аралашувини кутиб тургандек муаммо қўринишини олишидан ким манфаатдор?! Ана шуниси ҳақида жиддий бош қотириш керак, чамамда.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo