Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ТАДБИРКОР ЎЗ МАҲСУЛОТИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШДА КЕНГ ИМКОНИЯТГА ЭГА БЎЛДИ

М.ЖЎРАЕВ

08.06.2017


ТАДБИРКОР ЎЗ МАҲСУЛОТИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШДА КЕНГ ИМКОНИЯТГА ЭГА БЎЛДИ

Қайд этиш жоиз, мазкур тартиб давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 майдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жорий этилмоқда. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси томонидан очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда маълум қилинди. Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бир қанча тадбиркорлик субъектлари ҳамда транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар раҳбар ва ходимлари, божхона брокерлик фирмалари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаяпти, самарали  фаолият юритиши учун уларга кенг имтиёз ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундан кўзланган мақсад маҳаллий ишбилармонлар томонидан нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам рақобатбардош, харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш, уларни экспорт фаолиятига кенг жалб этишдан иборат.

- Албатта, бу янгилик экспорт билан шуғулланишни бошлаш истагида бўлган тадбиркорларга анча енгиллик бўлди, - дейди Қамаши туманидаги “Қамаши ХБК” хусусий корхонаси ҳисобчиси Шерзод Шакаров. – Аксарият ишбилармонлар фақат ички бозорга маҳсулот етказиб берган бўлса, эндиликда ўз товарини хорижга ҳам экспорт қилиш ҳақида жиддий ўйлаб кўради. Бизнинг корхонамиз ҳам кўп йиллардан бери ташқи иқтисодий фаолият иштирокчи ҳисобланади. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиздан жорий йилнинг май ойида Россияга 37 минг АҚШ долларилик момиқ жўнатилди. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган цехларимизда кунига 2 тонна хомашё қайта ишланади. Ундан момиқдан ташқари бўз, нотўқима мато тайёрланади. Келгусида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотимиз сифатини янада ошириш, шу орқали чет элда янги харидорлар билан ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга божхона қонунчилигига оид муҳим масалалар хусусида тушунтириш берилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ хориждан истеъмол товарларини импорт қилишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, бундай маҳсулотга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бундан ташқари, божхона омбори режимига жойлаштирилган товарни божхона омбори ҳисобланмайдиган жойларда сақлаш бўйича белгиланган тартиб-қоидалар, божхона органлари ходимлари томонидан божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида коррупция ва тамагирлик каби иллатлар вужудга келишига йўл қўймаслик, бундай ҳолатларни буткул бартараф этиш чораларини кучайтириш хусусида сўз юритилди.

Очиқ мулоқот давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo