Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ғайрат ИГАМОВ

22.08.2017


ТАДБИРКОРЛАР ФОЙДАСИГА 101 МИЛЛИАРД СЎМ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган мазкур норматив ҳужжат одил судлов соҳасидаги замонавий талаб ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш бўйича тарихий ўзгаришларни назарда тутади.

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида    судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси     Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Фармондаги яна бир аҳамиятли жиҳат – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилиши бўлди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади.

Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди.

Бунда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектлари сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

Мазкур зарурат хўжалик судларининг фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатгани билан ҳам боғлиқдир. Яъни узоқ ҳудудда яшайдиган тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлаётган эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўларди.

Президент фармони билан вилоят иқтисодий суди билан бирга туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилгани аҳоли, тадбиркорлар вақтини ва моддий харажатларини тежашга хизмат қилади. Шу билан     бирга, энди уларнинг вилоят марказига қатнашларига ҳожат қолмайди.

Фармонда, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва уларнинг юрисдикция ҳудудлари белгилаб берилди. Вилоят иқтисодий суди билан бирга Қарши туманлараро (Қарши шаҳар, Қарши ва Нишон туманлари), Ғузор (Ғузор ва Деҳқонобод туманлари), Косон (Косон ва Муборак туманлари), Касби (Касби ва Миришкор туманлари), Шаҳрисабз (Шаҳрисабз ва Китоб туманлари), Яккабоғ (Яккабоғ ва Қамаши туманлари) туманлараро судлари ва Чироқчи туман иқтисодий суди ташкил қилинди.

Мазкур судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқаролар, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини ошириши аниқ. Вилоят, туманлараро ва туман иқтисодий судларида жами 20 нафар судья  фаолият кўрсатиши белгиланган.

Туманлараро ва туман судлари ўз ҳудудлари доирасида қонунда белгиланган тартибда биринчи инстанция тартибида хўжалик низоларини кўриб чиқади. Вилоят иқтисодий суди эса биринчи  инстанция судлари томонидан кўрилган ишлар бўйича шикоятларни апелляция ва кассация тартибида кўради.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоят иқтисодий судларига жорий йилнинг биринчи ярми мобайнида келиб тушган даъво ариза (ариза)лар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2198 та ёки 12 фоизга кўпайган.

2017 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида жами 21 минг 2 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан даъвогарлар фойдасига 19 минг 756 та иш бўйича 518 миллиард 143 миллион сўм ундирилган.

Судда ишлари кўрилган тарафлар  томонидан 2017 йилда 251 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланиб, суд қарорлари билан 5 миллиард 953 миллион    390 минг сўм давлат божи ундирилган.

Шу билан бирга, сайёр суд мажлислари орқали ишларнинг жойига бориб аҳоли орасида кўрилиши қонун тарғиботи ва ҳуқуқий саводхонликни оширишда муҳим омил экани ҳисобга олиниб, жорий йилнинг биринчи ярмида 8980 та иш сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Бу низо тартибида кўрилган ишларнинг  43,1 фоизини ташкил этади. 

Хусусий тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида эса жами 1401 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига жавобгарлардан 101 миллиард 256 миллион 200 минг сўм ундириб берилди. Булар кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, якка тартибдаги тадбиркорлар фойдасига хизмат қилган ишлардир.

Ҳозирда иқтисодий судларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини, шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши, шунингдек, қабул қилинган суд қарорлари веб-сайтларда жойлаштирилишини назарда тутувчи дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Умуман, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши баробарида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Ғайрат ИГАМОВ, вилоят иқтисодий суди раиси

Report typo