Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада рағбатлантириш, экспорт-импорт операцияларини тартибга солишни такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бунда товарларни ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни импорт қилишда мувофиқлик сертификатини бериш муддатини, илгари худди шундай товар учун сертификат олган тақдирда 10 кундан уч кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, товар ва хизматлар экспортидан (хомашё товарлари бундан мустасно) валюта тушумининг белгиланган қисмини мажбурий сотишни камайтириш, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналарга белгиланган имтиёзларни маҳаллий товарларни экспорт қилувчи савдо-воситачилик корхоналарига ҳам татбиқ этиш режалаштирилган. Барча хўжалик юритувчи субъектларга мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт шартномасини тузиш орқали хорижга чиқариш ҳуқуқини бериш, экспорт қилиш тақиқланган айрим товарларни (нон ва гўшт маҳсулотлари, тирик мол ва парранда) рухсатнома асосида экспорт қилишни соддалаштириш ва тартибини аниқлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги санитария нормалари ва карантин қоидаларини жаҳоннинг илғор мамлакатлари стандартларига мувофиқлаштириш мақсад қилинган.
Вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди. Тадбир Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” шиори остида юртимизда олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган имконият ва қулайликлар ҳамда бу борада божхона соҳасида яратилган енгилликларни кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида ташкил этилди.
Унда вилоят прокуратураси, божхона ва адлия бошқармалари масъул ходимлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, божхона брокерлик фирмалари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маълумки, Президентимизнинг бир қатор қарор ва фармонлари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилаб берилди.
- Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида айни шу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳамияти тўғрисида иштирокчиларга кенг тушунтириш берилди, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Бегалиев. - Бундан ташқари, ишбилармонлар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этиш, озод этиш шартлари, шунингдек, имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари қўлланиладиган вақтинча олиб кириладиган товарлар ҳақида батафсил хабардор қилинди. Мутахассислар тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар беришнинг ҳуқуқий асосларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Қолаверса, тадбир қатнашчилари мамлакатимизда жорий этилган “Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим этиш” интерактив давлат хизмати имкониятлари борасида тўлиқроқ маълумотга эга бўлди.
Очиқ мулоқотда ишбилармонлар томонидан кўтарилган ташқи иқтисодий фаолиятга оид таклиф ва муаммолар ҳам муҳокама этилди.
М.ШУҲРАТОВ