Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.08.2023


ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ

сифати ва тезкорлиги оширилади

 Қарор ва шарҳ

Воҳамизда ҳафтанинг ҳар шанба кунида фаолиятида турли муаммоларга дуч келган ҳамда ташаббускор тадбиркорлар учун вилоятдаги сектор раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган сайёр қабуллар ташкил қилинади.

Ушбу тартиб вилоят ҳокимининг жорий йил 21 августдаги "Ҳудудда тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилди. Унга кўра, сайёр қабулларда иштирок этадиган тадбиркорлар рўйхати Савдо-саноат палатаси (ССП) ҳудудий бошқармаси томонидан шакллантирилиб, қабул натижалари юзасидан расмийлаштирилган баённомалар ижросининг ҳаққонийлиги ССП ва бизнес-омбудсман девони ҳудудий тузилмалари, шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан мониторинг қилиб борилади. Бундан ташқари, сайёр қабулда берилган топшириқларнинг ижроси ҳар ойда камида бир маротаба "ҳокимлик соати"да танқидий муҳокама қилинади.

Ҳокимнинг қарорига биноан тадбиркорларнинг сайёр қабуллардаги мурожаатлари ижросини назорат қилиш схемаси тасдиқланиб, унда ССП ва бизнес-омбудсман девони ҳудудий тузилмалари ва прокуратура органлари билан бир қаторда вилоят ички ишлар бошқармаси ва мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси вазифалари ҳам белгиланган.

Ҳужжатда ҳудуддаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилишга, шунингдек, уларнинг қонуний талабларини аниқлаш ва тезкорлик билан ҳал қилишга ҳамда муаммоларни бартараф этишга шахсан масъул эканлиги қайд этилиб, мурожаатларини кўриб чиқишда қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйган мансабдор шахсларни сўзсиз жавобгарликка тортилиши таъкидланган.

Report typo