Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя килишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган тадбирда ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими, Қарши шаҳри ва туман бўлинмалари раислари, тадбиркор, ҳунарманд хотин-қизлар, бўлим қошида ташкил этилган устоз-шогирд мактаби ўқувчилари ҳамда Қарши тумани сервис ва тадбиркорлик коллежи битирувчи қизлари иштирок этди.
Ўқув-семинарда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг, тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи экани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги фармони эса бу борадаги мақсадларнинг амалда тўлиқ рўёбга чиқишига янги имкониятлар яратиши қайд этилди.
Фармон билан юртимиз тадбиркорларига қўшимча қулайлик ва имтиёзлар яратилгани аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга бизнес-режа тузиш, маркетинг, менежмент, солиқ ҳисоботи, маҳсулотни сифатли, харидорбоп қилиб яратиш хусусида маълумотлар берилди.
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларнинг 10 нафарига “Халқ банки” вилоят филиали томонидан имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА