Вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Унда вилоят прокуратураси, божхона, адлия ва давлат солиқ бошқармаларининг масъул ходимлари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда ишбилармонлар манфаатларини таъминлаш, тадбиркорларнинг тўлақонли фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва зудлик билан бартараф этиш масалалари ҳақида сўз борди.
Масалан, Китоб туманидаги “Аҳмадбек” хусусий фирмаси ходимининг билдиришича, корхона хориждан мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совутиш камераси олиб келган. Бунда тегишли имтиёзлардан фойдаланган. Сақлаш омборининг самарали ишлаши учун эндиликда қўшимча жиҳозларни импорт қилишга эҳтиёж туғилган ва ходим бу вазиятда ҳам имтиёз қўлланилиши масаласида ёрдам сўради. Мурожаат тегишли мутахассисга ўрганиб чиқиш учун тақдим қилинди.
Шунингдек, тадбирда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона декларацияларини тўлдириш, мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш, товар-моддий бойликларни чегарадан олиб ўтиш меъёр ва мақсадлари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш доирасида яратилаётган қулайликлар ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир савол-жавоб, баҳс-мунозара тарзида ўтди.
ЖАҲОНГИР