Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Бош прокуратура, Давлат божхона ва солиқ қўмиталари ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Семинарда вилоятда ишбилармонларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар танқидий таҳлил этилди. Ҳукуматимиз томонидан кичик бизнесни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирларга қарамай, бугун ҳам айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, сунъий тўсқинлик қилиш, коррупция ҳолатлари учраб турганлиги, бу эса соҳа ривожига ҳалақит бераётган энг асосий омиллардан бири эканлиги таъкидланди. Бу борада бир қатор мисоллар келтирилди.
Жумладан, вилоят прокуратураси катта терговчиси Ф.Насимовнинг таъкидлашича, жорий йилда Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари ҳамда АТ "Агробанк" туман филиали ҳисобчиси олдиндан ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлардан бирига фаолият юритиши учун ер ажратиб беришни ваъда қилиб, бу "хизмати" эвазига 6 минг АҚШ доллари сўраган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида бу шахслар жиноят устида қўлга олинган.
Семинарда, шунингдек, тадбиркорларга ўзларини қийнаётган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, савдо-саноат палатаси "Call-Center" хизмати ҳамда бошқа масъул ташкилот ва органларга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди.
Ж.ҚИЛИЧОВ