Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

30.08.2018


ТАДБИРКОРЛИК СОҲАСИДА НИМА ЎЗГАРДИ?

Президентнинг жон куйдирганича ҳам бор. Ишбилармон киши нафақат ўзини, балки давлатни ҳам, халқни ҳам боқади, кези келса, бой қилади. Бинобарин, тараққиёт ўзани қай суръатда олға силжиши кўп жиҳатдан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига ҳам бевосита боғлиқ. Бўлмаса, давлат раҳбарининг ўзи “иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман” деб, соҳа вакилларига бунчалар эъзоз кўрсатмасди. Жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланганида ҳам кўп маъно мужассам. Одамларни фаолликка ундаш, тадбиркорликка чорлаш кўзланган бундан.

Албатта, бу эзгу даъват амалий ишларга ҳам кўчаяпти. Тадбиркорнинг ўз фаолиятини йўлга қўйишидан тортиб, тўла оёққа туриб олишига қадар – барча босқичда зарур кўмакни беришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Муддао – ишбилармон ҳеч бир қийинчиликка дуч келмасин, кўп вақт ва маблағ йўқотиб овора бўлмасин, асосий фаолиятни ишлаб чиқаришга қаратсин, чалғимасин, якунда маҳсулдорлик кўрсатсин. Натижага холисона баҳо бериш учун эса ўтган қисқа давр – шу бир йилнигина қамраб олиш кифоя, назаримизда.

ҲАР ДОИМ БОШЛАБ ОЛИШ МУҲИМ

Дарҳақиқат, бизнесда ҳам шундай. Аввали осон кечса, кейини қийин бўлмайди. Хўш, мамлакатимизда тадбиркорликни ташкил этиш қанчалик осон? Бунга жудаям, деб қисқа жавоб берсак. Энг аввало қоғозбозлик камайди, идорама-идора юриш барҳам топди. Тадбиркорларга хизмат кўрсатишнинг мукаммал янги тизими пайдо бўлди. Айни пайтда ҳар бир ҳудудда Давлат хизматлари маркази иш олиб бормоқда. Субъектни давлат рўйхатидан ўтказишга ҳеч қанча вақт талаб этилмайди. Рухсат олиш, ер ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш бўйича тадбиркор муаммоси ҳам шу ердан битади. Янги ташкил этилган Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ҳам ишбилармоннинг жонига ора кирмоқда. Қулай инвестиция  муҳитининг асосий шарти ҳам шу – бизнесни осон бошлашга пухта замин ҳозирланган бўлиши керак. Давлат ва тадбиркор ўртасидаги мулоқотнинг бу тахлит ривож олиши ижобий аҳамиятга эга.

Бунинг самарасини эса юртимизда хусусий сектор вакиллари сони тобора кўпайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин. Биргина вилоятимизни олсак, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1578 та кичик корхона ва микрофирма рўйхатдан ўтган ва ҳозирги кунда ҳудуд иқтисодиёти тармоқларида даромадли фаолият билан машғул. Айни пайтда уларнинг жами сони 15 минг 700 дан ошади. Ушбу тадбиркорлик субъектлари воҳамиз саноати, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

- Қўлимдаги ҳунаримни хор қилгим келмади, жиддий бизнес юритишга қарор қилдим ва 2018 йилнинг февраль ойида қонуний тадбиркор мақомига эга бўлдим, - дейди Миришкор туманида яшовчи Муқумтош Қўлдошева. – Бу соҳада имтиёзлар кўплиги ҳам бизни руҳлантирди. Аҳоли орасида миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига талаб ўсиб бораяпти, шуни ҳисобга олиб, ишимизни ташкил этдик. Харидорларга тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари таклиф этаяпмиз. Уларнинг турини 50 хилга етказдик. Айниқса, қўй жунидан тайёрланган гилам ва сувенирлар анча талабгир. Хом ашё топишда эса муаммо йўқ. 8 нафар хотин-қизни ёнимга олганман. Ҳунаримизга қизиқувчи ёшларни йиғиб, ўқув курси ҳам очганмиз. Бизга яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Шу ўринда савол туғилади: сон ўсиши сифат яхшиланишида ҳам акс этдими? Яна рақамларга мурожаат этсак. Тегишли даврда вилоятнинг асосий кўрсаткичи – ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3,7 фоизга кўпайди. Бошқача айтганда, ўтган олти ойда аввалгига қараганда 2,5 фоизга кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, 6,5 фоиздан ортиқ саноат товари ишлаб чиқарилди. Хизматлар кўрсатиш кўлами ҳам сезиларли кенгайди. Яъни бозорларимиз тўкинлиги таъминланаётганида тадбиркорларнинг салмоқли ўрни бор.

ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР БЎЛИШИ КЕРАК

Рад этиб бўлмас яна бир ҳақиқат шуки, бугун аксарият юртдошларимизда тадбиркорликка иштиёқ ортган, мунтазам фойда келтирувчи бир ишни ўзига касб қилишни истайди. Бироқ зарур маблағ йўқлиги, тажриба етишмаслиги айрим кишиларнинг бу истаги рўёбга чиқишига йўл бермаётганди. Қолаверса, аҳолининг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес-режаларни молиялаштиришнинг мукаммал механизми ҳам ишлаб чиқилмаган эди.

Аҳамиятга молик жиҳати шундаки, жорий йилдан эътиборан Президентимиз ташаббуси билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширила бошланди. Оилаларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки мавжудини янада ривожлантириш учун имтиёзли кредит бериш тартиби жорий қилинди. Энг кам иш ҳақининг 150 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда бериладиган ушбу молиявий кўмакдан жисмоний шахслар ҳам, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари эгалари ҳам, оилавий тадбиркорлар ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳозирги вақтда бу амалиёт тажриба тариқасида Андижон вилоятида қўлланилмоқда.

- Бу дастур биз учун ҳам айни муддао бўлди, - дейди ғузорлик ҳунарманд Гавҳар Ҳамроева. – Чекка ҳудудларда касаначилик асосида ишловчи аҳолига ёрдам кўрсатишга ҳам эътибор қаратилган. Чунки бундай тарзда ишлаш айниқса, биз, аёллар учун анча қулай. Рўзғордан узилиб қолмаймиз, шу билан бирга, ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланамиз. Ҳозир оила аъзоларимиз билан каштачилик анъаналарини давом эттираяпмиз. Буюртма асосида турли маҳсулотлар тикамиз. Янги тикув машинаси сотиб олишни мўлжаллаганмиз. Шу боис дастур билан яратиб берилаётган имкониятдан биз ҳам баҳраманд бўлмоқчимиз.

Маълумотларга кўра, айни вақтда вилоятимизда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган 600 дан зиёд оилавий корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирсак, бу рақам қарийб 100 тага кўпайган. Тадбиркорликнинг бу шакли афзаллиги шундаки, унда меҳнатни барча оила аъзолари биргаликда қилади, даромадга ҳам тенг шерик бўлади. Кўпроқ аҳоли хонадонларини тадбиркорликка фаол жалб этиш    орқали эса уларнинг даромад манбаини мустаҳкамлаш, турмуш фаровонлиги янада ошишига эришиш мумкин.

ЁШЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ КЕНГ ҚУЛОЧ ЁЗАДИ

“Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури ҳам тадбиркорлик соҳасидаги муҳим янгиликлардан бири бўлди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ 2018 йил 1 июлдан амалга оширилаётган бу дастур ҳам кўпчилик ёшларнинг орзу-умидлари рўёби тезлашишига туртки бўлди. Бизнесга қўл уриш истагидаги ёш йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари тегишли тартибда моддий қўллаб-қувватланмоқда. Маълумотларга кўра, вилоятимиз бўйича ҳозиргача лойиҳа тақдим қилган 1000 дан ортиқ ёшга имтиёзли асосда кредит берилиши чоралари кўрилмоқда. Бу эса уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, юртга фойдаси тегадиган ишбилармонлар бўлиб етишишига шароит ҳозирлаши турган гап.

- Бу хабарни эшитган заҳоти Ёшлар иттифоқи туман кенгашига мурожаат қилдим, - дейди Қарши туманилик Турсунпўлат  Қаршиев. – Гап шундаки, ўзим 2 йилдан бери мустақил бизнес юритиб келаяпман.

Мебель жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил этганман. 3 та иш ўрни яратганман. Кўпдан буён фаолиятимизда жиддий ўзгариш қилишни ўйлаб юргандим. Янги дастгоҳлар келтириб, маҳсулот ранг-баранглигини таъминлашни мақсад қилганман. Қўшимча маблағга эҳтиёжим бор эди. Дастур ижрочиларини ўз бизнес-режам мазмуни билан таништирдим. Кўзга кўринарли натижага эриша олишимга ишонтирдим. Ташаббусим қўллаб-қувватланиб, 80 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Яқин орада зарур ускуналарни олиб келиш ниятидамиз. Албатта, бу билан ишлаб чиқариш ҳажми кенгаяди, яна 4 нафар ёшни цехимизга жалб қиламиз.

Айтиш жоизки, дастур доирасида жойларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ёшлар коворкинг” марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузарлари” комплексларини ташкил этиш бўйича ишлар ҳам кетаяпти. Бу ерда ёшлар тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади, фойдали меҳнат фаолияти билан банд бўлади. Зарур билим ва касб-ҳунарни эгаллаб, келажакда ўз бизнесини очиш учун илк пойдеворни қўяди.

ЖАҲОН БОЗОРИГА ЧИҚИШ ЯНАДА ОСОНЛАШДИ

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси яна шунда кўринадики, сўнгги вақтда юртимизда тадбиркорлик ривожи сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Енгилликларнинг ортганига жавобан тадбиркорларнинг фаоллиги ошди, ташаббуси кўпайди. Биргина жорий йилда вилоятимизда жами 1 триллион 128 миллиард сўм маблағ эвазига 409 та истиқболли лойиҳа амалга оширилаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Уларнинг юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этиши жойларда 5171 та янги иш ўрни яратилишида ҳам кўринади. Маълум бўлишича, бугунги кунга келиб, амалда 205 миллиард сўм ҳисобига 122 та лойиҳа ишга тушган, 849 нафар кишининг муқим бандлиги таъминланган. Жумладан, саноат соҳасида 13 миллиард сўмлик 21 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 152 миллиард сўмлик 53 та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 40 миллиард сўмлик 48 та лойиҳа доирасида ишлар ўз вақтида якунланиб, маҳсулдорлик кўрсатишга киришилган.

Қайд этиш жоиз, маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқаришда замонавий технологиялар, илғор усулларнинг қўлланиши маҳсулотлар рақобатбардошлиги янада ошишига олиб келмоқда. Натижада ишбилармонлар фақат ички бозорни зарур истеъмол товарлари, қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари билан таъминлаб қолмай, эҳтиёждан ортганини хорижга узлуксиз экспорт қилиш имконига эга бўлишмоқда.

- Жорий йилнинг ўтган даврида биздаги экспортчи корхоналар томонидан умумий қиймати  7 миллион 151 минг АҚШ доллари миқдоридаги  маҳсулот хорижга сотилди, - дейди Китоб тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Асқар Сирожев. – Шунинг 50 минг долларликка яқини саноат маҳсулоти бўлса, қолгани мева-сабзавотдир. Албатта, бу кўрсаткич аввалги йиллардагига қараганда анча юқори эканини айтиш ўринли. Маълумки, ҳудудимиз асосан боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган, маҳаллий ишбилармонлар эса бу устунликдан самарали натижа чиқаришмоқда. Мисол учун, “Голд фруит экзим” масъулияти чекланган жамияти томонидан шу вақтгача 5 миллион АҚШ долларликдан зиёд ноз-неъмат чет элга юклаб жўнатилди. Бунда анор, гилос, узум каби сархил мевалар, помидор ва бодринг сингари сабзавотлар салмоқли улушни ташкил этди. Галдаги эътибор қайта ишланган тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтиришга қаратилган.

Шубҳасиз, экспорт фаолиятини рағбатлантиришдан кўзланган мақсад аниқ – аввало хорижий валюта тушумини кўпайтириш, жаҳон бозорига интеграциялашувни тезлаштиришдан иборат. Табиийки, бу бизга кўп нарса беради. Чет элнинг энг юқори технологияларини ишлаб чиқаришга жалб этиш, замонавий қувватларни ишга туширишга муҳим шароит яратиш дегани бу. Бундай объектлар кўпайса, аҳоли бандлиги масаласи ҳам ўз-ўзидан самарали ҳал этилади.

Бир сўз билан айтганда, ўтган шу фурсат мобайнида тадбиркорлик соҳаси улкан ўзгаришларга юз тутди. Ишбилармонлар учун янги-янги имкониятлар эшиги очилди, хусусий сектор манфаатларининг қонунан ҳимояланиши даражаси янада кучайди. Эркин ва самарали тадбиркорлик фаолияти учун барча шароит муҳайё этилган. Бу ҳолатда бизнесмен бўлмасликнинг, даромадли фаолият бошини тутмасликнинг ўзи уятли.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo