Сотувчи харид чеки беришни нега унутди?
Маълумки, юртимизда нақд пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг тегишли тартиби мавжуд. Агар харидор бирор товарни сотиб олиш ёки хизматга ҳақ тўлаш вақтида нақд пул тақдим этса, албатта бу пул назорат-касса машинасига кирим қилиниши керак.
Бунинг исботи сифатида харидорга харид чеки берилиши лозим. Бу механизм нақд пулларнинг банклар орқали айланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бу қоидага ҳар доим ҳам амал қилмайдиган, чек беришни унутадиган сотувчилар учрайди. Бундай ҳолатлар солиқ идоралари ходимлари томонидан ўтказилаётган ўрганиш давомида қайд этилмоқда.
Масалан, Чироқчи туманида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор Я.Н.га тегишли савдо дўконида олиб борилган рейд тадбири давомида маълум бўлдики, сотувчи харидорга 13 минг сўмга чек тақдим қилмади. Шунингдек, хазинада назорат-касса машинасига кирим қилинмаган 45 минг сўм нақд савдо пули борлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш вазият тумандаги якка тартибдаги тадбиркор К.Я.га тегишли савдо дўконида ҳам кузатилди. Фарқли жиҳати, бу ерда назорат-касса машинаси ва тўлов терминали ўрнатилмаган. Натижада харидорга чек бермаслик ва тушган пулларни кирим қилмаслик ҳолати мавжудлиги ойдинлашди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ишбилармон аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Агар чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Бунёд Улашов, Чироқчи тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходими
Тартибни билмаслик жазодан озод қилмайди
Юртимизда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликларсиз ва тезкор ҳал этишнинг механизми йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, тараққиётнинг ҳозирги босқичида бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими яратилди. Бу эса тадбиркорларимизга эркин фаолият юртишлари учун қулай шароитлар туҳфа этмоқда. Лекин, буни тўғри англаган ва англамаган шахслар бор.
Муборак туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор У.Х.ни иккинчи тоифага киритиш мумкин. Унга тегишли савдо дўконида ўтказилган текширишда сотувчи кунлик 95 минг 600 сўм нақд савдо пулларини назорат-касса машинасига киритмасдан савдо фаолиятини амалга оширганлиги аниқланган. Бундан ташқари, тумандаги якка тартибдаги тадбиркор Ж.М.га тегишли савдо дўконида назорат-касса машинаси умуман йўқлиги маълум бўлди.
Бизнингча, аслида тадбиркор бизнес юритиб, ҳам ўзига, ҳам бошқаларга фойда келтирувчи, ўз навбатида қонун-қоидага риоя қилувчи кишидир, эгри йўлларни излаб, қонунга хилоф иш тутувчи уддабуронни тадбиркор деб бўлмайди. Бундай кишилар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади.
С.Ниёзова, Муборак тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходими
Нақд тушум кирим қилинмаган
Бугунги кунда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳиш-истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. Тадбиркорлик фаолияти аҳолини иш билан таъминлашда, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланди. Лекин барча ҳам бу имкониятларни тўғри англаб етгани йўқ.
Масалан, Касби туманида фаолият кўрсатиб келаётган А.Э.номидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ўтказилган текширишда оператор 279 минг сўм савдо пулидан 100 минг сўмни назорат-касса машинасига кирим қилиб, 179 минг сўм савдо пулига харид чеки бермаганлиги ҳолати аниқланган.
Шунингдек, туманда фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор М.Ш.га қарашли савдо дўконида ҳам харидорга нақд пулда амалга оширилган тўлов учун чек тақдим этилмаган, хазинадаги 45 минг сўм назорат-касса машинасига кирим қилинмаган.
Имконият берилди, шароит яратилди, ундан унумли ва рисоладагидек фойдаланилмадими, демак қонун олдида жавобгарлик аниқ.
Ғ.Жумаев, Касби тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходими
ҚОИДАБУЗАРГА ЖАЗО МУҚАРРАР
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминламаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмасликлари белгилаб қўйилди.
Агар чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини тўлов усули нақд ёки пластик карточка орқали эканлиги важи билан ўзгартирса уларга нисбатан жарима қўлланилиши белгилаб қўйилди. Аммо ҳамма ҳам бундан ўзига тўғри хулоса чиқармаяпти.
“Қамаши дон қабул қилиш” масъулияти чекланган жамиятида харидорнинг 6,5 минг сўм хариди учун чек берилмагани ва хазинадаги 271,2 минг сўм савдо пули назорат-касса машинасига кирим қилинмаганлиги бунга ёрқин мисол бўла олади. Тартиб қатъий, уни четлаб ўтишга ҳеч ким ҳақли эмас. Шу боис мазкур ҳолатда ҳам айбдорга нисбатан тегишли чора кўрилиши таъминланди.
А.НОРҚУЛОВ, Қамаши тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходими
БОШИ ХАМ ТАДБИРКОР
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти ривожи учун кейинги йилларда мисли кўрилмаган кенг имкониятлар яратилмоқда. Ундан унумли фойдаланаётган ишбилармонларнинг эса ошиғи олчи.
Бироқ ана шундай бир пайтда айрим тадбиркорларимиз орасида ушбу эътиборни тўғри англаб етмаётганларнинг борлиги ачинарлидир. Масалан, Нишон туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Н.К.га қарашли савдо дўконида ўтказилган назорат тадбирида харидорга 18 минг сўмга назорат-касса машинаси харид чекини бермаганлиги аниқланган.
Тўғри бўлсанг етарсан муродга, эгри бўлсанг қоларсан уятга деган мақол бор халқимизда. Ушбу қилмишлари тадбиркорнинг бошини хам қилди.
Т. Нафасов, Нишон тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходими