Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларимиз “ҚОНИҚАРСИЗ”дан “ҚОНИҚАРЛИ”га кўтарилди, аммо бу борада эълон қилинган рейтинг маълумотлари манбадан йўқолиб қолди

Холис НАЗАР

08.09.2021


Тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларимиз “ҚОНИҚАРСИЗ”дан “ҚОНИҚАРЛИ”га кўтарилди, аммо бу борада эълон қилинган рейтинг маълумотлари манбадан йўқолиб қолди

b-indicator.uz сайтида республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2021 йил биринчи ярим йиллик якунларига оид маълумотлар эълон қилинди. Унга кўра, Қашқадарё 5,5 балл умумий кўрсаткич билан тегишли рейтингнинг 9-поғонадан жой олган. 4,6 балл тўплаган Сурхондарё вилоятига рўйхатнинг сўнгги - 14 ўрнидан жой берилган. Даражаси 7,2 баллга баҳоланган Тошкент шаҳри рейтинг бошида турибди.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан  2020 йил 1 мартдан республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилганди.

Қарорга асосан тасдиқланган “Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларидан келиб чиқиб, ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси аниқланган индикаторларнинг миқдорига қараб 1 баллдан 10 баллгача рейтингда баҳоланади ва 9 баллдан 10 баллгача тўплаган ҳудуд – “намунали”; 7 баллдан 9 баллгача тўплаган ҳудуд – “яхши”; 5 баллдан 7 баллгача тўплаган ҳудуд – “қониқарли”; 5 баллгача тўплаган ҳудуд – “қониқарсиз” деб топилади.

Баҳолаш масъул ташкилотлар "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритадиган 17 йўналишдаги расмий статистик маълумотлар ва 4 йўналишда ўтказилган сўровлар бўйича шакллантирилган маълумотлар асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни  қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Шунга монанд эълон қилинган ярим йилликка оид янги рейтингда Қашқадарё ўз позициясини 5 поғонага яхшилаб олганди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг мос даврида вилоят ҳудудида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси 4,6 баллга баҳоланиб, тегишли рўйхатда энг охирги ўринга жойлашган эди.

Хўш, кимда ўсиш, кимда пасайиш? Бунга қандай омиллар таъсир қилган? Кеча ана шу саволлар асосида натижаларни қиёсий таҳлил қилиб кўришга ундаганимиз ҳамоно республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2021 йил биринчи ярим йиллик якунларига оид маълумотлар b-indicator.uz сайтидан йўқолиб қолди. Эълон қилинган маълумотларнинг бироз хоми борми ёки камчилиги - бу бизга қоронғу. Шу ўйда, гарчи уларни скриншот қилиб олишга улгурган бўлсак-да, таҳлилни бироз ортга суриб туришга тўғри келади. Қани, масъуллар уларни сайтга қайта жойлаштиришсин, маълумотларга шу орада киритилган ўзгартиришлар ҳам кўзга ташланиб қолар...

Аслида ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси кўрсаткичларига оид расмий статистик маълумотлар тегишли низом талаблари асосида масъул ташкилотлар томонидан I ярим йиллик учун 1 августга қадар, йил якуни бўйича келгуси йил 1 мартга қадар “BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритилиши шарт. Баҳолашга масъул ташкилотлар эса тақдим этилган маълумотлар ва ўтказилган сўровларнинг натижалари асосида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш якунларини умумлаштириб, ҳисобот якуни бўйича ярим йиллик маълумотларни жорий йил 15 август ва йил якунларига оид маълумотларни кейинги йил 15 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари Кенгашларига тақдим қилиши, доимий равишда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиб бориши белгиланган.

Шундан кўриниб турибдики, ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2021 йил биринчи ярим йиллик якунларига оид маълумотларни эълон қилиш бўйича тегишли меъёрий ҳужжатда кўрсатилган муддат аллақачон ўтиб бўлган. 

 Холис НАЗАР

 

Report typo