Ахир масъуллардан бу борадаги ишлар тўғрисида кўп баландпарвоз гаплар эшитаяпмиз-ку.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2020 йил 1 мартдан республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилганди.
Қарорга асосан тасдиқланган "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида"ги низом талабларидан келиб чиқиб, ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси аниқланган индикаторларнинг миқдорига қараб 1 баллдан 10 баллгача рейтингда баҳоланади ва 9 баллдан 10 баллгача бўлган ҳудуд - "намунали"; 7 баллдан 9 баллгача бўлган ҳудуд - "яхши"; 5 баллдан 7 баллгача бўлган ҳудуд - "қониқарли"; 5 баллгача бўлган ҳудуд - "қониқарсиз" деб топилади.
Баҳолаш масъул ташкилотлар "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритадиган 17 йўналишдаги расмий статистик маълумотлар ва 4 йўналишда ўтказилган сўровлар бўйича шакллантирилган маълумотлар асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича амалга оширилиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, b-indicator.uz сайтида республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2020 йил якунларига оид маълумотлар эълон қилинди. Унга кўра, Қашқадарё 4,5 балл умумий кўрсаткич билан 13-поғонадан жой олган. Худди шунча балл тўплаган Сурхондарё вилояти рейтингнинг сўнгги - 14 ўрнидан жой олган. Даражаси 7,8 баллга баҳоланган Тошкент шаҳри рўйхат бошида турибди.
Хўш, вилоятимиз нега бу даражада паст кўрсаткич қайд этди? Ахир масъуллардан ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар тўғрисида кўп баландпарвоз гаплар эшитаяпмиз-ку. Нега, натижа йўқми?
Расмий статистик маълумотлар асосидаги индикаторларга назар ташласак, бўш турган бино-иншоотлар ва участкалардан фойдаланиш (4.1 балл); мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низолар (3.7 балл); тадбиркорлар ҳисобварақларига банд солинганлиги (3.4 балл); тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш (2.2 балл); тадбиркорлар учун ташкиллаштирилган ўқув-семинарлар (2.1 балл); тадбиркорларнинг асосий капитал қўйилмалари (1.4 балл); тадбиркорларнинг давлат бюджет тушумларидаги улуши (1.2 балл); эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари (1.1 балл); тадбиркорлар учун кредитлар ажратилиши (1 балл); тадбиркорларнинг кредитлари бўйича компенсациялар (1 балл); тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши (1 балл) бўйича вилоятда эришилган натижалар умумий кўрсаткич пасайиб кетишига олиб келганини кўриш мумкин.
Ўтказилган сўровлар асосида аниқланган индикаторлар пунктида эса тадбиркорларнинг давлат ташкилотларига бўлган ишончи (4.2 балл); ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (2.2 балл) бўйича қайд этилган натижалар вилоят умумий кўрсаткичидан паст экани кўзга ташланади.
Маълумки, ҳудудда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси вилоят туман (шаҳар)лари муайян кўрсаткичлари асосида умумлаштирилган. Шундай экан, тадбиркорларнинг давлат бюджет тушумларидаги улуши барча туман (шаҳар)ларда паст бўлгани, банк хизматлари кўрсатилиши сифати ҳамда субъектларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва таъминланганлиги Касби ва Шаҳрисабз туманларида энг паст эканлиги якуний кўрсаткичга ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.
Бундан ташқари, бўш турган бино-иншоотлар ва участкалардан фойдаланиш бўйича Деҳқонобод тумани 1 баллга, тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш бўйича Муборак тумани 3,1 ва Ғузор тумани 3,6 баллга лойиқ кўрилгани, Шаҳрисабз туманида тадбиркорларнинг давлат ташкилотларига бўлган ишончи (3,7 балл) пастлиги ҳамда ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (3,6 балл) ҳамон сақланиб қолаётгани вилоят умумий натижасига "ҳисса" бўлиб қўшилган.
Эътибор қаратиш ўринли, сайтда республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2019 йил якунларига оид маълумотлар ҳам бор. Унга кўра, шу даврда Қашқадарё 5,9 балл умумий кўрсаткич билан тегишли рейтингда 7 поғонани эгаллаган экан.
Эслатиб ўтиш жоиз, "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида"ги низомда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси "намунали" деб топилган ҳудуддаги масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларини - лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида; ташкилотларнинг бошқарув ходимларини - лавозим маошларининг 50 фоизи миқдорида пул маблағлари билан рағбатлантириш кўзда тутилган.
Аксинча, тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси "қониқарсиз" деб топилган ҳудуддаги масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларига - лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида жарима қўллаш орқали интизомий чора кўрилади.
Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолашда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобга олинган. Устав капиталида давлат улуши бўлган юридик шахслар, фермер ва деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
Холис НАЗАР