Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

12.06.2017


ТАДБИРКОРНИНГ БАРЧА ЮМУШИ БИР ДАРЧАДА БИТАДИ

Маълумки, Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан уларнинг фаолияти янада такомиллашди. Хусусан, мазкур қарорга мувофиқ ҳудудлардаги “ягона дарча” марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилди. Шу билан бир қаторда, “ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш, банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказлари зиммасига юклатилади.

- Бу ерда барча ишларим бир зумда ҳал бўлиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятимни бошладим, - дейди у. – Бу тизим биз тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик яратмоқда.

Энди тасаввур қилинг, бундан бир неча йиллар аввал тадбиркор ўз фаолиятини расмийлаштириши ёхуд қайсидир давлат хизматларидан фойдаланиши учун ўнлаб идораларнинг эшигини қоқиш, аслида ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган қандайдир “справка”лар учун ойлаб югуриш ва яна қанчадан-қанча саргардонликларга дуч келарди. “Ягона дарча” марказлари бу каби оворагарчиликларга ўрин қолдирмади.

- Марказимизда белгиланган тартибда давлат хизматларини кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган, - дейди Қарши тумани “Ягона дарча” маркази раҳбари Илҳом Тўрақулов. - Жорий йилнинг биринчи чорагида марказимиз орқали 289 юридик шахс, 286 нафар якка тартибдаги тадбиркор ва 39 та юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди. Қолаверса, электрон тарзда рўйхатдан ўтиш йўлга қўйилгани ҳам тадбиркорларнинг мушкулини янада осон қилмоқда. Улар бу имкониятдан кенг фойдаланишмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан 3 май кунига қадар 195 якка тартибдаги тадбиркор ҳамда 4 та юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркор “bo.birdarcha.uz” тизими орқали рўйхатдан ўтказилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги қарори асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб интернет тармоғи орқали фаолият расмийлаштирилганда белгиланган тўлов миқдори 50 фоизга камайтирилгани ҳам бу борадаги амалиётни кенгайтирди.

Эндиликда тадбиркор нафақат фаолиятини бошлаш учун рўйхатдан ўтиш, шу билан биргаликда ўзи дуч келган барча масалалар юзасидан ҳудуддаги “Ягона дарча” марказига мурожаат этади ва ушбу мурожаат белгиланган муддатда ҳал этилади.

Масалан, Қарши тумани “Ягона дарча” марказига  тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатларнинг 20 таси газ, 121 таси электр энергияси таъминотига уланиш, 19 таси ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани олиш ва бошқа шу каби кўплаб масалалар юзасидан бўлган ҳамда у ўз вақтида қаноатлантирилган. Марказнинг тумандаги масъул ташкилотлар билан интернет тармоғи орқали боғланганлиги ҳамда бу идораларга тизим орқали  келиб тушган мурожаатларни бажаришнинг аниқ муддатлари белгиланиб, қўшимча масъулият юклатилгани тадбиркорларнинг муаммолари тез ва осон ечим топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги қарори асосида “ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар янада соддалаштирилди. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 6 тадан иккитага, якка тартибдаги тадбиркорлик учун 7 тадан биттага қисқартирилди. Шу билан биргаликда, “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари тури ҳам кўпайиб боради.

- Ҳозирги кунда тадбиркорларга “ягона дарча” марказлари томонидан 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлса, Президентимизнинг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 1 июлдан бошлаб бу хизматлар ёнига яна 5 турдаги давлат хизматлари қўшилади, - дейди вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими Муродулла Эшназаров. - Бу фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия, вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари рекламасини жойлаштиришга рухсатнома, Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучларни жалб қилишга рухсатнома ҳамда ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маълумотларни узатиш тармоқлари орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия бериш каби давлат хизматларидан иборат. Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб эса мавжуд хизматлар сони 34 тага етади. Шу тахлит, “ягона дарча” марказларида кўрсатиладиган давлат хизматлари босқичма-босқич 86 тага кўпаяди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган бундай кенг қамровли чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариб, миллий иқтисодиётимизни юксалтиришда, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғояни ҳаётга тўлиқ жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: Қарши тумани “Ягона дарча” маркази фаолиятидан лавҳа.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo