Айтиш жоизки, юртимизда соҳага қаратилаётган катта эътибор самарасида тадбиркорлик кенг равнақ топаяпти. Яратилган шарт-шароит, берилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, янги-янги лойиҳаларни йўлга қўяётган юртошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Эртанги кун нафаси билан яшаётган, янгиликка интилувчан бундай ишбилармон юртдошларимиз саъй-ҳаракатлари билан нафақат ўз оиласининг фаровонлиги, моддий имкониятларини яхшилаяпти, балки маҳалласи, шаҳри ободлигига ҳисса қўшаяпти, янги-янги иш ўринларини яратаяпти. Бир сўз билан айтганда, тадбиркор бугунги куннинг муҳим шахсига айланиб бормоқда.
Деҳқонободлик Мусулмон Имомёров ҳам тадбиркорлик соҳасида иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. У ўтган йили якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганди. Тадбиркор бугун истеъмолчиларга тақдим этаётган маҳсулотлар ҳар қандай кишининг кўзини қувнатади.
- Ҳозирги даврда тадбиркор катта рақобатга дош бериши учун аввало замонавий технологияга эга бўлиши лозим, - дейди у. – Шу боис фаолиятимизни йўлга қўйишдан аввал 150 миллион сўм эвазига хориждан замонавий мебель ишлаб чиқариш имконини берувчи технологияларни харид қилдик. Айни вақтда бу технология бир неча турдаги рақобатбардош мебель маҳсулотлари ясаш имконини бермоқда. Фаолиятимизни йўлга қўйган дастлабки вақтларда икки-уч турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарган бўлсак, ҳозир бир неча тур ва ўлчамлардаги уй-жиҳозлари, ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси, ошхона ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари учун турли мебеллар ишлаб чиқармоқдамиз. Мақтанмайман, аммо маҳсулотларимиз сифати жиҳатидан ҳар қандай импорт мебеллардан қолишмайди.
Ҳозирда ишлаб чиқариш цехида 4 киши доимий иш билан таъминланган бўлиб, аҳил жамоа келгусида иш кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Тайёр маҳсулот тумандаги савдо мажмуалари орқали ички бозорга етказиб берилаяпти.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ