Давлат-хусусий шериклик истиқболлари
Тахтақорача довонида пуллик тоннель қуриш лойиҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисида битим тузиш яна икки йилдан ортиқ вақтга - 2026 йилнинг декабрь ойигача ортга сурилмоқда.
Жорий йил 30 августда мамлакатимиз Президенти томонидан "Ўзбекистон Республикасида 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилиниб, унга асосан 2024-2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳамда 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури тасдиқланди. Хусусан, устувор ДХШ лойиҳалари рўйхатидан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонида пуллик тоннель қуриш ва бошқариш ташаббуси ҳам жой олиб, унинг дастлабки қиймати 100 миллион долларга баҳоланган. Лойиҳани амалга ошириш механизми ва унинг ижро муддатига кўра, тоннель қуриш бўйича истиқболли стратегик ташаббускорлар билан музокаралар ўтказиш жорий йил декабрь, лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш 2025 йил август, хусусий шерикни танлаш 2026 йил февраль, ДХШ тўғрисида битим имзолаш 2026 йил декабрь ойига белгиланган. Масъул ижрочилар сифатида Транспорт ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги кўрсатилган.
Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 апрелдаги фармони билан тасдиқланган "йўл харитаси"га мувофиқ Тахтақорача довонида тоннель қуриш лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишни 2023 йил январда, тендер ҳужжатларини тайёрлаш ва тендер эълон қилишни 2023 йил сентябрда, унинг ғолибини аниқлаш ва давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишни 2024 йил октябрда амалга ошириш режалаштирилган эди. Бироқ Президентнинг шу йил 15 апрелдаги фармони билан Тахтақорача довонида пуллик тоннель қуриш ва транспорт соҳасидаги бошқа лойиҳалар (Тошкент - Самарқанд ва Тошкент - Андижон пуллик автомобиль йўлларини барпо этиш) юқорида кўрсатилган "йўл харитаси"дан чиқарилганди. Дарвоқе, 2024-2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларда бу иккита лойиҳа рўёбга чиқарилишининг ҳам янги муддатлари белгиланди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, 2022 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамашининг 1 миллион аҳолисига қулай шароитлар яратиш мақсадида Қашқадарёни Самарқанд билан боғловчи довоннинг давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланиши, шунингдек, тоннель қурилишининг иқтисодий самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилиши ҳақида сўз юритганди.