Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

05.01.2017


ТАКРОРИ ЙЎҚ КАСБ

Гарчи олий ўқув юртининг тарих-жамиятшунослик куллиётини тугатган бўлсам-да, иш жараёнида ўша адабиёт муаллимим қўллаган услублардан фойдаланишга ҳаракат қилардим. Шу боис ўрта таълим мактабига раҳбарлик  фаолиятимни бошлаганда ҳам биринчи қадамим “Ёш китобсеварлар” тўгарагини ташкил этиш бўлди. Натижа узоқ куттирмади, ўша – 1998 йилнинг ўзидаёқ тўгарак қатнашчилари “Китобхон синф” танловининг вилоят босқичи ғолиблари сафидан жой олишди. Шу-шу мактабимизда бадиият мухлислари сафини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Она тили ва адабиёти фани кабинети ўқитишнинг илғор технологиялари билан тўлиқ қуроллантирилиб, фанга доир кўргазмалар билан жиҳозланди. Мактаб залларидаги “Антик адабиёт намояндалари”, “Шарқ шеърияти даҳолари”, “Ғазал мулкининг султони”, “Жадид адабиёти”, “Бугунги ўзбек адабиёти”, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Қишлоғимиз ижодкорлари” сингари стенд ва коллажлар адабиёт   тарғиботига йўналтирилган. Она тили ва адабиёти тўгарагининг “Нафосат” деворий газетаси ёш ижодкорларнинг машқларини пиширишда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда билим масканимиз она тили ва адабиёт фанларидан туманда таянч мактаб саналади. Вақти-вақти билан туман мактабларида она тили ва адабиётдан сабоқ берувчи ўқитувчилар билим масканимизда йиғилишиб, ўқитиш технологияси, фандаги янгиликлар, уларни қандай услуб билан амалиётга жорий этиш юзасидан фикр алмашиб туришади. Бу борада мактабимизнинг ўзбек тили ва адабиёти фани олий тоифали ўқитувчиси Мухтор Пардаевнинг хизматлари катта бўлмоқда. У самарали меҳнати ва таълимга янги инновацияларни олиб кириш йўлидаги изланишлари эвазига ҳақли равишда ҳар йили фан олимпиадаси, “Билимлар беллашуви” туман, вилоят, республика  босқичи ҳакамлар ҳайъати аъзолари сафидан жой олиб келмоқда. Билим даргоҳимизда Мухтор Пардаев сингари таълим жонкуярлари талайгина. Математика фани ўқитувчиси Оқмамат Бўтаев, бошланғич таълим фидойилари Ҳуснора Оймуродова, Ўғилжаҳон Қурбонназарова, Гулора Абдиева, физика фани мутахассиси Нуриддин Набиниёзов, инглиз тили фани ўқитувчиси Камол Чориев ҳар бир дарсни фан ютуқлари, илғор педагогик технологиялар асосида ташкил этиб, юқори сифат ва самарадорликка эришиб келмоқдалар.

Ўқитувчилик бир қарашда жўн касбдай кўринади, уйдан мактабга, мактабдан уйга қатнаш, ўқувчиларга йиллар давомида такрорланиб, сийқа бўлган мавзуларни тушунтириш. Бу сиртдан қараганда шундай, аслида эса билимларини ошириш учун изланишдан, илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишдан тўхтаган ўқитувчигина ўз олдига қўйилган талаб - ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашдек улуғвор вазифанинг уддасидан чиқолмайди.

“Ўқитувчиликнинг нони қаттиқ, аммо такрори йўқ касб, - деб таъкидларди юқорида хотирлаган  устозим, - бу соҳада  обрў орттириш ҳам, эътибордан қолиш ҳам мумкин. Ўқиб, изланиб, ўқувчиларинг онгига фан сирларини бир умр эсдан чиқмайдиган қилиб муҳрласанг, минглаб шогирдлар қалбидан муқим жой эгаллаб, устоз деган улуғ мақомга эга бўласан, акс ҳолда эса яхшиси вақтида ўрнингни бошқа соҳадан излаганинг маъқул...”

Дарҳақиқат, бу топиб айтилган гаплар ўқитувчининг қулоғи остида ҳамиша жаранглаб турса, у изланиши, меҳнати эвазига албатта такрори йўқ касбга муносиб бўлади.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Report typo