Қашқадарё мўъжизалари
Варганза деса, табиийки, биринчи галда хаёлга анор келади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Китоб тумани Варганза қишлоғи Ўзбекистондаги анорчиликда машҳур уч ҳудуддан бири ҳисобланади. Қолаверса, Варганза анори ўзига хос, бошқаларни такрорламайди, донаси йириклиги, мазали таъми билан донғи чиққан. Бу борада Дашнобод ва Қува анорлари билан беллашса беллашадики, ҳеч бир жиҳатдан қолишмайди.
Бугунги кунда Варганзада 1000 гектардан кўпроқ анорзор бўлиб, анорчилик 1300 га яқин хонадонда асосий машғулот саналади. Ушбу соҳа сўзсиз Варганзанинг иқтисодий драйверидир. Боиси, бу ернинг табиий-иқлим шароити анорчилик учун жуда қулай, тармоқдан келаётган даромад аҳоли даромадининг катта қисмини ташкил этади.
Хўш, айни пайтда ҳудуд аҳолиси ушбу устунликдан қай даражада самарали фойдаланяпти?
- Асосий даромад манбаимиз бўлгандан кейин анорчиликка шунчаки қўл учида қарай олмаймиз, - дейди варганзалик меҳнат фахрийси Зиёдулла Мирзоев. - Каттадан тортиб кичикгача - барча ўз ишининг устаси. Ҳудудда анор ўстирмайдиган хонадон йўқ. Ҳар мавсумда Варганзада 5,5-6 минг тонна анор етиштирилади. Ярмини ички бозорга берсак, қолгани чет эл мамлакатларига жўнатилади. Бизда анорнинг 3-4 хил нави парваришланади. Улфи анорнинг пўсти юпқа, серсув бўлади. Бедонак анор ҳам анча харидоргир. Қора дона аноримиз эса хорижда машҳур. Бундай анорнинг пўсти қалин бўлгани учун узоқ вақт яхши сақланади. Булар ҳаммаси маҳаллий, шароитимизга мослашган навлар, айтарли бошқа жойда учратмайсиз.
Таъкидлаш керак, Варганза ҳудудида фаолият олиб бораётган 50 дан зиёд фермер хўжалигининг асосий йўналиши ҳам анор етиштиришдир. Фермерлар анор парваришининг замонавий усулларини қўллаш, шу орқали ҳосилдорликни кўпайтириш пайида. "Абдуҳафиз" фермер хўжалиги бу борада эришаётган натижалар ҳам эътиборга молик. Хўжалик тасарруфида 3,5 гектар анорзор мавжуд. Ҳосилдорликни гектарига 10 тоннадан ҳам ошириш, бу йил жами 45 тонна анор йиғиб олишни мақсад қилишган. Ҳосилнинг асосий қисми қора дона навига мансуб. Шу боис 20-25 тонна атрофида анорни хорижга, хусусан, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилиш мўлжал олинган.
Яна бир жиҳати, варганзаликлар анорни махсус совуткичларда эмас, балки ўзига хос архитектурага эга омборхоналарда табиий шароитда сақлашни маъқул кўришади. Шундай қилинса, маҳсулот сифатига путур етмайди, узоқ вақт яхши сақланади. Бу орқали Варганза аҳли ҳар йил март ойигача бозорни анор билан узлуксиз таъминлай олади.
Варганзада қайси анорчи билан сўзлашманг, дарди-ўйи бир: яна қўшимча ер бўлсаю, анорзор барпо этса. Аҳамиятлиси, яқин истиқбол учун бунинг ҳам чораси кўрилган экан. Лалми ерлардан анорзор учун 500 гектар майдон ажратилган. Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида ушбу ҳудудга сув чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини ташкил қилиш режаланган. Янги ўзлаштирилажак ер 25 сотихдан аҳоли хонадонларига деҳқон хўжалиги қилиб берилиши эса оилаларнинг даромади чўғига ижобий таъсир этиши тайин.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.