Латофат Жамолова Қарши давлат университети табиий фанлар факультети талабаси. Ўзининг аъло ўқиши, фаоллиги билан ажралиб турадиган бу қиз олийгоҳда таҳсил олиш билан бир қаторда тадбиркорлик фаолиятини ҳам йўлга қўйган.
- Ёшлигимдан турли пишириқлар, қандолат маҳсулотлари тайёрлашга қизиқаман, - дейди у. – Кейинчалик бу йўналишда бизнесни йўлга қўйиш мақсади туғилди. Оилам аъзолари режамни маъқуллаб, ёрдам кўрсатгани, қолаверса, мамлакатимизда ёш тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароит, имтиёз ва имкониятлар мени ўз мақсадим сари янада илҳомлантирди. Хуллас, 2016 йилда тижорат банкидан 26 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, зарур технологияни харид қилдим ва маҳсулот ишлаб чиқаришни бошладим.
Энди талаба қиз раҳбарлик қилаётган корхонада 10 хилдан ортиқ қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Пишириқлар улгуржи тарзда вилоятимиздаги барча туманлар, шунингдек, қўшни Сурхондарё вилояти истеъмолчиларига ҳам етказиб берилаяпти.
Изланиш ва интилишдан толмайдиган талаба қиз айни пайтда заргарлик ҳунарини ҳам астойдил ўрганмоқда. Келгусида бу йўналишда ҳам ўз фаолиятини давом эттириш ҳаракатида.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.