Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 7 мартдаги тегишли қарорига асосан ўтган йили Талимаржон иссиқлик электр станциясида ҳаётга татбиқ этилган истиқболли лойиҳа бу борадаги ишлар кўламидан далолат бермоқда. Ушбу объектда Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering and Construction” ва “Daewoo International Corporation” компаниялари консорциуми томонидан ҳар бирининг қуввати 450 МВтли 2 та буғ-газ қурилмаси барпо этилди.
- Мазкур икки энергоблокнинг ишга туширилиши электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланадиган ёқилғи ва унга кетадиган харажатларини камайтириш, шунинг ҳисобидан бутун энерготизим тежамкорлигини оширишга хизмат қилмоқда, - дейди Талимаржон иссиқлик электр станцияси унитар корхонаси директори Абдусами Нормўминов. – Қолаверса, станциямизда электр энергияси ишлаб чиқариш йиллик қуввати 7,2 миллиард киловатт/соатга ортди. Эндиликда истеъмолчиларга йилига қарийб 13 миллиард киловатт/соат электр энергияси етказиб бериш имкони пайдо бўлди.
Мутахассисларнинг билдиришича, замонавий технологияларга асосланган буғ-газ қурилмаси юқори тежамкорлик хусусиятига эга. Агар электр станциясида 2004 йилда ишга туширилган 800 МВтли энергоблокда 1 КВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 315 грамм шартли ёнилғи (газ) сарфланса, янги буғ-газ қурилмаларида шунча қувват ҳосил қилиш учун 219 грамм ёнилғи ишлатилади. Ушбу лойиҳанинг муваффақиятли рўёбга чиқарилгани ҳудуд саноатининг турли тармоқларида юксак иқтисодий самарадорликни таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ