ЎЗБОШИМЧАЛИК ҚИММАТГА ТУШДИ
Электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, шунингдек, ҳисобга олиш асбобларига қасддан зиён етказиш, кўрсаткичларни ўзгартириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур талабни билса-да, фақат ўз манфаатини ўйлаб, энергия ва сув ресурслари тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олган субъектлар ҳам бор. Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Косон тумани бўлими томонидан ўтказилган мониторинг-текшириш тадбири давомида Месит маҳалласида жойлашган “Омон ота” чойхонаси раҳбари Д.Саидов, Пахтазор маҳалласида жойлашган “Жавоҳир оригинал” хусусий корхонаси раҳбари О.Ҳазратов, “Шоҳжахон Мет консултинг” МЧЖ раҳбари Р.Хусенова табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, ундан мавжуд қоидаларга зид равишда фойдаланиб келишган ҳамда давлатга жами 8 миллион сўмга яқин зарар етказишган.
Хўш, энди жавобгарлик масаласи қандай бўлади? Юқорида келтирганимиздек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига зид равишда газ тармоғига ноқонуний улангани боис юридик шахс сифатида энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаридан 20 баробаригача маъмурий жарима, тармоқдан ажратилганлиги сабабли қайта улаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаригача бўлган миқдорда жарима ҳамда етказилган зарарни тўлиқ қоплашгандан сўнг улар тармоққа қайта улаб берилади.
Кўриниб турибдики, мазкур тадбиркорлик субъектларига ўзбошимчалик қимматга тушди. Ваҳоланки юртимизда жуда кенг имкониятлар яратиб берилган тадбиркор ҳалол ишлаши, ўз иши билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.
Алишер ОТАБЕКОВ, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими шуъба инспектори
ҲИСОБЛАГИЧ СХЕМАСИНИ ЎЗГАРТИРГАН
Ҳисобли дўст айрилмас, дейдилар. Бу нақлни энергия ресурслари етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларга нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Яъни электр энергияси ва табиий газ ўз вақтида етказиб берилаяптими, демак, унинг пулини тўлашни ҳам унутмаслик керак. Лекин айни муносабатларда ғирромлик пайдо бўлдими, бу жараёнга қонун аралашмаса бўлмайди.
Масалан, Китоб шаҳрилик Абдивоҳид Шукуров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) истеъмол қилинган энергия учун пул тўламасликнинг “йўл”ини топибди. Электр ҳисоблагич схемасини ўзгартириб, шу билан 5 минг 184 КВт электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келибди. Оқибатда 1 миллион 59 минг сўмни “яширибди”.
Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, унинг маҳалладоши Раҳмат Азимов ҳам шу кунгача 10 минг 80 КВт электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган ва бу билан давлатга 2 миллион 59 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Тўйчи Ҳалимов эса тўғридан-тўғри электр тармоғига уланиб олган ва табиийки электр ҳисоблагич ҳеч қандай рақам “ёзмаган”. 17 ой давомида 2 миллион сўмлик 9 минг 792 КВт электр энергиясидан яширинча фойдаланилган.
Мажбурий ижро бюроси Китоб тумани бўлими томонидан қонунни бузган мазкур фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 101-моддасига асосан маъмурий иш қўзғатилди. Давлатга етказилган зарар ва маъмурий жарима тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Шу ўринда айтиш керакки, электр таъминотида бир пайтлари бўлган узилишлар ҳозирги кунда деярли бартараф этилиб келинмоқда. Буни аҳоли вакиллари ҳам эътироф этаётир. Ваҳоланки электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш осон иш эмас. Энди электрсиз ҳаётни бир тасаввур қилиб кўринг. Ярим соат чироқ ўчса, дилимиз хуфтон бўлади. Шундай экан, ундан ўғринча фойдаланишни қайси виждон қабул қилади?
Гулноза ДИЛМУРОДОВА, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори
ТЎРТ МАРТА СУДЛАНИБ ҲАМ АҚЛИ КИРМАБДИ
Инсон зоти учун фарзанд – бебаҳо неъмат. Тирноққа зор, маҳзунликда, ҳеч ким таъна қилмаса-да, қалби кемтик инсонлар ким қанча?! Аммо кўплаб бахтлилар қаторида танланиб, ато этилган бебаҳо неъматдан, бахтдан юз ўгирган, оталиги хатолиги бўлиб, ношукурлик, масъулиятсизлик билан нафақат ўз ҳаёти, балки ўзига ишониб тақдир йўлларини туташ этган аёл, алалоқибат, бунёд бўлган зурриётини, ўғил-қизининг ҳаётини-да издан чиқарган кимсалар ҳам борлиги ёлғон эмас.
Китоблик Рашид Зиёқулов 1968 йилда туғилган, маълумоти ўрта. Ҳеч қаерда ишламай, фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан юрган бу шахс муқаддам бир эмас, икки, уч эмас, тўрт марта судланган. Буниси – бешинчиси.
Унга эс-ҳушини йиғиб олиши, ҳаётга теран назар билан қараши учун кўп имконият берилди. Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судининг 2012 йил 11 декабрдаги ажрими билан унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилди. Иккинчи марта жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг ажримига асосан қўзғатилган жиноят иши Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори 6-бандига кўра тугатилди.
Учинчи маротаба жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2014 йил 16 сентябрдаги ҳукмига кўра унга нисбатан уч ойлик қамоқ жазоси тайинланди. 2015 йил 20 октябрда яна судланиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Боши шунча тошга урилган бўлса-да, тегишли хулоса чиқармасдан, қонунга хилоф равишда вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келди. Жумладан, у фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2011 йил 27 октябрдаги буйруғига асосан, турмуш ўртоғи фойдасига вояга етмаган қизининг моддий таъминоти учун у вояга етгунига қадар даромадининг тўртдан бир қисми, фарзанди учун энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаган миқдорда алимент тўлаши кўрсатилган, бир неча марта давлат ижрочилари томонидан огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, 28 ой 20 кун давомида жами 7 миллион 55 минг 698 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келди.
Оқибатда бешинчи марта суд залида ҳозир бўлиб, қилмишига жавоб беришига тўғри келди. Судда у хавфли рецидивист деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди.
Ушбу ҳолатга жиддий ёндашиб, мулоҳаза юритадиган бўлсак, бу жамиятимиз учун фожиадан бошқа нарса эмас. Хўш, бунда айбдор фақат отами? Бугун биз жабркаш деб ҳисоблаётганимиз, ўз вақтида оилани сақлаб қолишни удда қилолмаган аёлда айб йўқмиди? Бор, албатта. Қарс икки қўлдан чиқишиям бор гап-ку. Ёки жамоатчилик, маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қавму қариндошларда-чи?
Жазони ўташга маҳкум этилган инсон ҳаёти-чи? Беҳуда совурилган фурсатларнинг ўрнини нима билан тўлдириб бўлади? У қамоқдан қандай руҳий ва жисмоний аҳволда чиқади? Эртанги ҳаёти қандай кечади? Саволлар кўп. Шундай экан, Худо берган неъматни, бахтни асрашга ўрганайлик. Уволи ёмон.
Деҳқонбой АБДУЛЛАЕВ, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси