Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

12.06.2020


ТАМА ҚАНЧА БАЛАНД БЎЛСА, ТАМАГИР ЎША ҚАДАР ПАСТДИР

Сараланган сатрлар

Нортўхта Қилич ўзбек адабиётида ўзига хос услубга эга ёзувчилардан саналади. Яқинда унинг муноқаша ва қиссалардан иборат "Икки олам аро" китоби ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

"Икки олам аро"да муаллиф юрак дарди билан шифохонада ётиб хаёлидан ўтганлари, кечинмалари, бевақт вафот этган фарзанди ҳақидаги ўйлари, ижтимоий муаммоларни акс эттирган. Ўйлаймизки, қуйида саралаганларимиз китобни тўла ўқиб чиқишингиз учун сабаб бўла олади.

Онам раҳматли айтардилар: йигитнинг уяти қизнинг ҳаёсидан устун. Тағин айтардиларки: ҳаёсизда - ибо йўқ, ибосизда - уят! У дунёйи бу дунё азиз бўлишни истасангиз, илло, уятингизни бой берманг, болаларим.

...тўғри-да, уятсиз бандаси - махлуқдан хароб-э!..

* * *

Дастёр жувоннинг феъли менга маъқул бўлди: саломга алик оларкану, кўзингизга қарамас экан.

...яхши-да!

Онам раҳматли айтардилар: аёлнинг шайтони - кўзида. Кўзингга қараганидан қўрқ...

* * *

Чеховнинг бир қаҳрамони - отбоқар қарол, бир бойнинг насабини ҳеч эслаёлмай, йилқибоп фамилия эди-я, қурғур, деявергани учун, боёнидан калтак ейди. Роса калтак еб, оғзи-бурни ало қонига бўялганидан сўнг, ниҳоят, эслайди: эсладим, хўжайин, эсладим...

* * *

Агар айни кунларда бирор йўлакда кўкрагини чангаллаб ётган бировни кўрсам, мен ўзим яқин орадаги бирор касалхонага машинамда олиб борармидим?.. Йўқ, нима десангиз денгки, назаримда у давр одамларининг пулидан ҳам кўра оқибати кўпроқ, одамзодга меҳри эса бошқачароқ... Шундай... Ахир, капитализм дегани - ўзингни бил, ўзгани қўй, дегани экан-ку!.. Яъни зўр чиқсанг яша.

* * *

Айтишларича, Равшанбекнинг Масковдаги мавқе-мартабаси ҳали-ҳамон кўп алломалар ҳавас қилгули даражада...

...балки ундан-да зиёдароқ бўлгандир. Бироқ, бир шеърда айтилганидек, олға юргин ҳамиша, фақат менинг ортимдан... Шу-да!..

* * *

...тама қанча баланд бўлса - тамагир ўша қадар пастдир.

* * *

...мағрибдан машриққача ажабтовур иззату интизомни жорий этолган бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг ўтлуғ бир ноласи ҳақида ўқиганим ёдимга тушади: ё Тангрим, ички душманларимнинг додини Ўзинг бергайсен?!

* * *

Китобларим кўп. Жуда!.. Газсув ичсангиз, қайтимига китоб қўшиб берилган маърифат замонларида олаверганман: эрта бир кун, насиб қилса ўқийман, деб.

Мана, насиб ҳам қилди. Энди увол қилмаслик учун уларни ўқиш керак.

Не аламки, ўғилларимдан китобхон чиқмади. Аттангки, қароғимдай невараларимдан ҳам...

...келинларимиз-ку, жой бўшасин деб, дуч келган тешик-туйнукка тиқиш билан овора, - деб ўйлайман, китобларга юрагим ачишиб. - Майли, умрларини... омадларини берсин илоё...

* * *

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида украиналик академик Амосовнинг "Литературка"да босилиб чиққан бир саҳифа жавобидан ёдимда қолган бир жумлани эсладим: ҳамиша соғлом бўлишни, ҳамиша қувноқ бўлишни, ҳамиша навқирон бўлишни хоҳлаган ҳар қандай одам бир кунда етти чақирим юриши керак.

* * *

Касалнинг кўнглини олмоқ ҳам санъат.

 

Дори - тиргович. Тушунаяпсизми?.. Тасаввур қилинг: қийшайган девордан тирговични олиб қўйса... Нима бўлади?

Демак, дори - даволамас экан, шунчаки бир тирговучдай суяб тураркан-да!.. Ана сизга даҳшат!

* * *

...у замонларнинг мухбирларидан нафақат идора ё ташкилот раҳбарлари, ҳатто, майда-майда чайнаб, узун-узун кекирадиган прокурорлари ҳам ҳайиқардилар.

* * *

Шопенгауэрдан қачонлардир ўқиганим - бир ҳикмат ёдимга тушди: кимнингки ўз-ўзига раҳми келса, бадбахтдир. - Йўқ, бекорларнинг бештасини айтибсан. Шопенгауэр бўлсанг - ўзингга!.. - У, ўз замонасида бадбахтлик куйчиси деб ном қозонган файласуфлардан. - Лекин айни масаланинг ечими шундаки, одам ўзини соғлом... хушҳол сезса, қаригиси келмайди ёки қариётганини тан олишни хоҳламайди.

Ўшанда мен ҳ а ё т деганларининг т у ф деган тупиккаям арзимаслигини, д у н ё с и н и н г ёлғончилигини лолу маълул ўйлаган кўйи, - ахир ота қолиб, ўғил кетса-я!? - аллақанча вақтгача ўзимга келолмаганман.

* * *

...ўзига белгиланган маҳаллага ёзги таътил чоғи бориб, бир дарвозани тақиллатган экан, ичкаридан ясанган-бўянган бир келинчак чиқиб: "Иби-и, ман сизни танийман, сиз - Озод муаллимсиз-ку!.. Баҳор каникулизда келиб, кўча деворларимизни оқлаб, ариқчаларимизни тозалаб берувдийиз", дебди.

Бизнинг ўқувчилик даврларимизда отда бораётгани ҳам, машинада елиб ўтаётгани ҳам, шартта тушиб, ўқитувчига ҳурматини бажо айларди. Бугунги ўқитувчи... Жуда нари борса...

...одам айтишга уялади-е!..

- Ҳа, шундай: ман ўша - Озод муаллимман, - дебди Озод. - Энди пахта йиғим-терими олдидан таътилни бекор ўтказмаслик учун, молхоналарингизни оқлаб, ҳожатхоналарингизни тозалагани келдим...

* * *

...вақт - ҳеч кимга, ҳеч нимага бўйсунмас қ о н у н.  Барчамиз - унинг содиқ малайларимиз.

* * *

Одамнинг ёши улғаяверса, сезгирми ё қўрқоқми бўлиб қолар экан чоғи.

* * *

Аллазамонлардан бери бир тутам кунлару тунларим қоришиб, ҳушим ва тушим бир-бирига уйқашиб кетганлигини ўйлайман: яъни, раҳматли Тилак Жўра ёзганидек: ул ҳушида ўхшаб карахтга, тушларида яшайди нотинч!..

* * *

Ҳар қандай киши чинакам китобхон бўлмоғи учун болаликда онасидан эртаклар эшитиши, онаси эртак сўйлаётганда овозлари товлана-товлана, кўзлари жиққа ёшга тўлиши; эртак тинглаётган бола эса кўзёшларини тиёлмай, энтика-энтика, юм-юм йиғлаши... Ана кейин, болалигида онасидан эшитган эртакларининг ҳидини туймоқ учун, киши улғайгани сайин, китоб ўқийверади... ўқийверади.

* * *

Вазиятни баҳолай билиш ҳам чинакам йигитнинг фазилати.

* * *

Биламан: бирор бир эркак зоти аёл билан айтишиб маъно топган эмас. Топса... тополса, Суқротдай даҳо... жонига қасд қилмас эди.

* * *

Эрсиз хотин - элсиз хотин, унутманг: суюқ-саёқнинг аччиқ-чучук гап отари бор!

* * *

...давлатмандлик туйғуси, - нима учундир, - қувонч бағишлаёлмади. Йўқ...

Энди алам билан англаяптики, одамзодга энг аввало кўнгил... кўнгил мулки керак экан.

* * *

Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, ҳаромхўрлар, кўзбўямачилар, маддоҳлар   бошқараётган жамиятда ҳеч қачон ҳалол-покиза келажакни қуриб бўлмайди.

* * *

...ҳамма бало, ҳамма ғурбатлар одамларнинг кўзи очлигидан - кўнгил қашшоқлигидан - келиб чиқаяпти-да!..

* * *

Биров айтган экан: камбағалнинг ақл тиши сут тишидан аввал чиқади, деб.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo